Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:09

Мардикорлар ҳуқуқи учун курашчилар пикет ўтказди


15 суткага қамалган Фахриддин Тиллаев ҳамда унинг ҳамкорлари Абдулла Тожибой ўғли ва Нуриддин Жуманиёзов "Мардикорлар касаба уюшмасини" тузиш ташаббуси билан чиқди.
15 суткага қамалган Фахриддин Тиллаев ҳамда унинг ҳамкорлари Абдулла Тожибой ўғли ва Нуриддин Жуманиёзов "Мардикорлар касаба уюшмасини" тузиш ташаббуси билан чиқди.

5 октябр куни Тошкентда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги биноси олдида мардикорлар касаба уюшмасини тузиш ташаббускорлари бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари норозилик пикети ўтказди.

Жума куни Тошкентда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги биноси олдида мардикорлар касаба уюшмасини тузиш ташаббускорлари Абдулла Тожибой ўғли билан Нуриддин Жуманиёзовлар норозилик пикети ўтказди.



Ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғлига кўра, норозилик пикетидан мақсад мардикорларнинг касаба уюшмасини тузиш ташаббускорларидан бири бўлган ва 15 суткага қамалган Фахриддин Тиллаевнинг озодликка чиқарилишини талаб қилиш бўлган.

- 5 октябр куни Ички ишлар вазирлиги биноси олдида тахминан соат 9дан бошлаб норозилик акциясини ўтказдик. Биз Фахриддин Тиллаевга нисбатан административний суд қилиб, уни 15 суткага қамаганлиги тўғрисида норозилик билдириб, озод этилишини талаб қилиб чиқдик,- дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Шу пайтгача Ўзбекистонда пикет ўтказган ҳуқуқ фаоллари мунтазам маъмурий жавобгарликка тортилиб келган.

Абдулла Тожибой ўғлига кўра, бу сафар улар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаган.

- Тахминан 20 минут давомида ўша ерда бўлдик ва бизни МВДдан (ички ишлар вазирлиги-таҳр.) чиққан ходимлар хатлар бўлимига олиб кирди. Хатлар бўлимида биз ўзимизнинг талабларимизни уларга билдирдик. Улар тарафидан қўрқитувлар, бизга нисбатан қандайдир танбеҳлар бўлди. Кейин бизни Яккасарой туман ИИБга олиб кетишди. У ерда бизни тахминан 1,5 соат давомида ушлаб ўтириб, бизга ҳеч қанақа айблар айтилмади, айблашмади. Бизни ҳеч-қандай гап-сўзсиз чиқариб юборишди,- дейди Тожибой ўғли.

Ўтган ой Абдулла Тожибой ўғли, Фахриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиёзовлар Тошкент шаҳар Қўйлиқ мавзесида жойлашган меҳнат биржасида милиция ходимлари тарафидан ушлаб олиб кетилиб, кейинроқ қўйиб юборилган эди.

Учовлон иш топиш илинжида пойтахт меҳнат бозорига келган ўзбекистонликларга "Мардикорлар касаба уюшмаси"га кириш учун варақалар тарқатгани учун қўлга олингани айтилган эди.

23 сентябр куни Тошкент шаҳар Ҳамза тумани суди ҳукмига кўра, Фахриддин Тиллаев, Нуриддин Жуманиёзов ва Абдулла Тожибой ўғли бу ҳаракати учун ноқонуний фаолиятда айбланиб, ҳар бири юз минимал иш ҳақи (7.235.500 сўм) миқдорида жаримага тортилган эди.

3 октябр куни эса Фахриддин Тиллаев Сурхондарё вилояти Бойсун туманида милиция ходимлари томонидан олиб кетилиб, 15 суткага қамалгани маълум бўлди.

Ҳуқуқ фаолларининг ўзлари Тиллаевнинг қамалганини "Мардикорлар касаба уюшмаси"ни тузиш ҳаракатлари билан боғлайдилар.
XS
SM
MD
LG