Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:57

Ëшлар орасида тушкунлик кўпаймоқда


10 октябр куни жаҳон бўйлаб Руҳий саломатлик куни деб эълон қилинган. Мутахассисларга кўра¸ тушкунлик ва депрессия бугунги кунда инсоният руҳий саломатлигига раҳна солаëтган асосий омил бўлиб қолмоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти эълон қилган рақамларга кўра¸ айни кунларда жаҳон аҳолисининг 350 миллиондан кўпроғи депрессиядан азият чекмоқда ва бу хасталик турли ирқ¸ турли ëшдагиларни тобора кўпроқ ўз домига тортиб бормоқда.

“Депрессия бугун жаҳон бўйлаб одамларнинг ишга лаëқатсизлиги ортидаги асосий омилдир. Бу дардга эркаклардан кўра¸ аëллар кўпроқ чалинмоқда. Ëмон ҳолларда депрессия ўз жонига қасд қилиш билан тугайди”¸ дейилади Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти шу муносабат билан эълон қилган баëнотда.

Тошкентдаги “Норбеков соғломлаштириш маркази” мутахассисининг Озодликка айтишича¸ депрессия кўлами Ўзбекистонда ҳам кенгайиб бормоқда ва унга чалинаëтганларнинг аксари ëшлардир:

- Тушкунликка тушиб келадиганлар жуда кўп¸ айниқса ëшлар орасида. Депрессиянинг асосий белгилари¸ овқат емайди¸ ҳеч қанақа иш билан шуғулланмайди¸ жисмоний ҳаракат йўқ¸ болаларига қарамайди¸ ҳаëтда ҳеч қанақа мақсади йўқ¸ ҳеч нарса қизиқтирмайди. Овқат емагандан кейин¸ табиийки¸ танасида ҳам қувват йўқ¸ тез-тез касалликка чалинади. Депрессиянинг белгилари шу¸ дейди тошкентлик мутахассис.

Бугунга келиб депрессияни даволаш усуллари кенг тарқалганига қарамай¸ кўпчилик ë бунинг руҳий хасталик эканини англамагани ëки ўз руҳий саломатлиги ҳақида қайғуришга иймангани боис¸ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра¸ даво излашни ўзига эп кўрмайди.

Бошланишида олдини олиш осон бўлган бу хасталик¸ даволанмасдан қолдирилса¸ одамни ишга лаëқатсиз қилиш даражасига боради¸ энг ëмон ҳолларда беморнинг ўз жонига ўзи қасд қилиши билан якун топади.

Ўзбеклар зеҳниятида¸ ўз руҳий саломатлиги ҳақида қайғуриш¸ руҳий носоғломлик аломатлари туғилиши билан¸ уни тузатиш йўлларини излаш¸ анъанага айланган эмас. Аммо кейинги 5-6 йил ичида мен ўз тажрибамда "психолог олдига фақат жиннилар боради"¸ деган нотўғри қарашдан воз кечиб¸ ўз руҳий саломатлигига эътибор қаратаëтган ўзбеклар кўпая бошлаганини кўраяпман¸ дейди тошкентлик мутахассис:

- Масалан¸ авваллари кўпроқ руслар келарди. Ўзим бу марказда 6 йилдан бери ишлайман ва авваллари рус тилида кунига иккита курс бўларди. Ҳозир рус тилида бир ойда битта курс бор¸ унда тўпланадиганларнинг ҳам 70-80 фоизи ўзбеклар. Ўзбекларнинг қараши ўзгарди. Вилоятлардан келиб¸ ижарага квартира олиб¸ 10 кунлик руҳий соғломлаштириш курсларимизга ўз хоҳиши билан келаëтганлар кўпайиб бормоқда¸ дейди Тошкентдаги “Норбеков соғломлаштириш маркази” мутахассиси.

Дунëда кенг тарқалган тажрибага кўра¸ мўътадил ва кучли депрессия¸ асосан¸ анти-депрессантлар билан даволанилади. Ғарбда оммалашиб бораëтган бундай тоифа дориларни беморларга тавсия қилиш¸ руҳий саломатлик тармоғи ходимларидан жиддий малака талаб этади¸ дейилади Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг 10 октябр кунги баëнотида.

Айни пайтда¸ руҳий¸ қолаверса¸ жисмоний саломатликка жиддий раҳна солаëтган тушкунлик ва депрессияни даволашда жамоавий тадбирлар¸ халқ табобатининг ҳам самара бериши қайд этилади.

Профессор Норбеков услуби¸ аслида Абу Али Ибн Сино мактабига асосланади ва ҳеч қандай психотроп дорилар ва гипнозсиз мижозлар руҳини соғломлаштиришни мақсад қилган¸ деб давом этади тошкентлик мутахассис:

- Бу услубга кўра¸ дори-дармон берилмайди¸ гипноз қилинмайди¸ қанақадир внушениелар бўлмайди. Группада машғулот ўтказилади ва бу машғулотлар одамга¸ биринчи навбатда¸ ўзининг кимлигини тушунтиришга йўналтирилган.

Одам айнан ўзининг кимлигини унутиб қўйгани¸ танасининг қобилиятини унутгани учун ҳам тушкунликка тушиб қолади. Мижозларга ана шу ички қувватни уйғотиш ўргатилади. Биринчи навбатда¸ одамга ўзини ўзи кечириш ўргатилади. Аксар руҳий муаммолар¸ хусусан тушкунлик ҳам одатда одам ўз-ўзини ëки кимнидир кечира олмаганидан бошланади ва секин-аста унинг жисмини ҳам емиришга ўтади. Танадаги ички қувват тикланса¸ одам ўз-ўзини тез тиклаб олади¸ дейди тошкентлик мутахассис.
XS
SM
MD
LG