Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:16

Халқаро хабарлар

Британия қотилликда айбланган етти ҳарбийсини ҳибс қилди

Британияда етти ҳарбий денгиз пиёдаси Афғонистондаги тўқнашувлар пайтида қотилликка қўл урганликда айбланиб ҳибс қилинди.

В Британия Мудофаа вазирлигининг пайшанба куни берган баёнотида айтилишича, бу воқеа 2011 йилда Афғонистонлик исёнчилар билан тўқнашув пайтида содир этилган.

Вазирлик баёнотида, мазкур ҳибслар ортидан Британия ҳарбийлар ҳаракатлари миллий меъёрлар ва куч ишлатиш қоидаларини бузмаслиги керак деган ғояга содиқ эканини намойиш қилаётгани таъкидланган.

Вазирлик баёнотида 2011 йилда Афғонистонда содир этилган қандай воқеа назарда тутилаётгани очиқ айтилмаган.

Кун янгиликлари

Евроиттифоқ Эронга қарши санкция жорий қилди

Европа Иттифоқи Эроннинг бир қатор компаниялари ҳамда мансабдорларига нисбатан санкция жорий этди, деб маълум қилди ЕИ Кенгаши.

Молиявий жазо чоралари Россияга Украинага қарши урушда қўллаш учун дронлар, ракеталар ҳамда ҳарбий технологиялар етказиб берилгани сабаб татбиқ қилинмоқда.

Брюссель Эроннинг уч авиакомпанияси (Saha Airlines, Mahan Air ва Iran Air), икки савдо фирмаси ва икки ёнилғи ишлаб чиқарувчи ширкатига қарши чекловлар жорий этган.

“Қора рўйхат”га киритилган шахслар орасида Эрон мудофаа вазири ўринбосари Саййид Ҳамза Қаландарий дохил Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг юқори мартабали мулозимлари, дипломат ва аэрофазовий ширкат раҳбарлари бор.

Эрон тарихда илк бор Исроилни тўғридан-тўғри ракета ва дронлар билан ўққа тутди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:19 0:00

ЕИ Кенгаши баёнотига кўра, санкция жорий этилган шахслар Яқин Шарқ ва Қизил денгиз минтақаси хавфсизлиги ва барқарорлигига рахна солаётган ташкилот ҳамда қуролли гуруҳларга ҳам қурол-аслаҳа, технологиялар етказиб берган.

Номи “қора рўйхат”га тиркалган ширкатлар ва шахсларнинг ЕИдаги активлари музлатилади, ҳамкорлик алоқалари чекланади. Шунингдек, ушбу шахсларнинг Евроиттифоқ ҳудудига кириши ман этилади.

Брюссель жорий йил март ойида Эронни Россияга қурол-аслаҳа ёки технологиялар етказиш молиявий жазо чораларига сабаб бўлишидан огоҳлантирганди.

Теҳрон Москвага қурол ёки технология етказиб берганини тан олмаган.

Иқтисод бўйича Нобель қашшоқлик сабабини ўрганган олимларга берилди

Нобель мукофоти
Нобель мукофоти

Иқтисодиёт бўйича 2024 йилги Нобель мукофотига Массачусетс технологиялар институти ва Чикаго университети профессорлари Дарон Ажемўғли, Саймон Жонсон ва Жеймс Робинсон лойиқ деб топилди.

Швеция Қироллик Фанлар академиясига кўра, уч олим институтлар қандай шаклланиши ва уларнинг фаровонликка таъсирини ўрганиш бўйича изланишлари учун мукофотланмоқда.

Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон “Мамлакатлар таназзули сабаблари” деб номланган китоби билан тилга тушган. Ўзбек тилига ҳам ўгирилган мазкур салмоқли тадқиқотда нега айрим мамлакатлар қашшоқликда, яна айримлари фаровонликда яшайди деган саволга жавоб изланган.

Институционал иқтисодиёт йўналиши асосчиси саналган икки олимнинг рисолалари “сўнгги ярим асрда иқтисодиёт ва сиёсат муштарак таҳлил этилган сара асарлар” деб эътироф этилган.

2007-2008 йилларда Халқаро валюта жамғармасида бош иқтисодчи лавозимида фаолият юритган Саймон Жонсоннинг “Жаҳонни бошқараётган 13 банк” номли илмий-оммабоп асари ҳам дунё бўйлаб қўлма-қўл ўқилган.

Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти 1968 йилда Швеция банки томонидан таъсис этилган.

Ушбу йўналиш ғолибларининг эълон қилиниши билан Нобель–2024 ҳафтаси якунланмоқда.

Совриндорларни тақдирлаш маросими анъанага мувофиқ 10 декабрь куни, Альфред Нобель вафот этган санада ўтказилади.

Тожикистон омбудсмени: Россияда мигрантлар таҳқирланмоқда ва калтакланмоқда

Тожикистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Умед Бобозода
Тожикистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Умед Бобозода

Тожикистон омбудсмени Умед Бобозода Россиядаги тожикистонлик мигрантларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилаётганидан хавотир билдирди.

Бобозода россиялик ҳамкасби Татьяна Москальковага мактубида Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Тожикистондан бўлган меҳнат мигрантларига муомаланинг ноқонуний усулларини қўллаётгани, уларга қўполлик қилаётгани, уларни калтаклаётгани ва таҳқирлаётгани ҳақида ёзган. У Тожикистон фуқаролари Россия чегарасида тегишли шароитсиз ва озиқ-овқатсиз узоқ муддатга тутиб қолинаётганига оид ҳолатларни қайд этган. Айни пайтда, Бобозодага кўра, ушлаб қолинаётганлар орасида Тожикистоннинг расмий вакиллари, талабалар, қариялар, аёллар ва болалар бор.

Бобозода Москальковадан Тожикистон фуқаролари ҳуқуқларига риоя қилинишида кўмак беришни, бу каби ҳолатлар мониторингини амалга ошириб, керакли чоралар кўришни сўраган.

Сўнгги бир неча ҳафта ичида тожикистонлик бир неча мулозим россиялик расмийларнинг Тожикистондан бўлган меҳнат муҳожирларига муносабатидан норозилик изҳор қилишган. Хусусан, 4 октябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган икки мамлакат ҳукуматлараро комиссияси мажлисида бу масала Тожикистон бош вазир Қоҳир Расулзода томонидан кўтарилган.

Ҳар йили юз минглаб тожикистонлик Россияга пул топиш учун боради. Бироқ сўнгги йилда Россияда тожикистонлик фуқароларнинг асоссиз равишда текширилиши ва қўлга олиниши ҳолатлари кескин кўпайган. Вазият шу йил мартида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”даги теракт ортидан айниқса таранглашиб кетган. Россиялик терговчилар тахминларига кўра, мазкур террор хуружи Тожикистон фуқаролари томонидан содир этилган.

Терактдан кейиноқ тожикистонлик минглаб фуқаро Россия аэропортларида ёки чегараларида тутиб қолинган, уларнинг кўпига Россия ҳудудига кириш таъқиқланган ва улар депортация қилинган. Тўлиқ бўлмаган бир йил ичида Россиядан 20 минг чоғли тожикистонлик депортация қилинган.

Калифорнияда Трампнинг сайловолди митинги ўтаётган жой яқинида қуролли шахс ҳибсга олинди

Калифорния штатидаги Риверсайд округи шерифининг ёрдамчилари Республикачилар партиясидан АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп сайловолди митинги ўтаётган жой яқинида қуролли эркакни қўлга олишган. Округ шерифи содир бўлган воқеани “муҳтамалан, олди олинган суиқасд” деб атаган, дея хабар қилди Southern California News Group.

Калифорнияга қўшни бўлган Невада штатида яшовчи 49 ёшли Вем Миллерга тегишли экани айтилаётган машина митинг яқинидаги постда тўхтатилган. Миллер ёнидан сочма ўқ отадиган ов милтиғи ва тўппонча чиққан, дея хабар қилган Los Angeles Times. Қурол ўқланган эди, гумонланувчидан патронлар солинган ўқдон мусодара этилган.

Қўлга олиниш чоғида Миллер Трамп билан учрашувга VIP-таклифнома ва матбуот гувоҳномаси тақдим этган, деган шериф Чад Бьянко. Унга кўра, гумонланувчи 2022 йилда Невада парламентининг қуйи палатасига сайловда иштирок этган республикачидир. Иддаога кўра, Миллер ўнг аксилҳукумат гуруҳи аъзоси бўлиб ҳисобланади.

Миллер ўқланган қурол олиб юрганлик айблови билан қамоқхонага жойлаштирилган. Хабар чиқаётган пайтгача Трамп штаби бу борада изоҳ берган эмас. Шериф офиси хабарида нохуш ҳодиса номзод ва у билан учрашувга келган митинг иштирокчилари хавфсизлигига таъсир қилмагани айтилган.

Сайловолди кампанияси чоғида Дональд Трампга икки марта суиқасд уриниши содир этилган. Биринчи марта у жуда хавфли вазиятда қолган. 13 июль куни Пенсильваниядаги митингда номзодга қарата ярим автоматик милтиқдан ўқ узилган. Ҳужумчи митинг иштирокчиларидан бирини ўлдирган, яна уч киши яраланган. Ўқлардан бири Трампнинг қулоғини шилиб ўтган. Гумонланувчи 20 ёшли Томас Мэттью Крукс воқеа жойида отиб ўлдирилган.

15 сентябрь куни Трамп гольф ўйнаётган майдон яқинида 58 ёшли Райан Уэсли Рут қўлга олинган. Трамп қўриқчилари гумонланувчига қарата ўт очишган, у яширинишга уринган, бироқ қўлга олинган.

Айблов томонига кўра, Рут президентликка номзодга оптик нишонли милтиқдан ўқ узишни режалаган. Айблов иддаосича, у Трампни ўлдиришни истаётгани ҳақида хат қолдирган. Рут айбловни рад этмоқда.

Исроил шимолига дрон ҳужуми оқибатида 70 чоғли киши яраланди

Исроил хавфсизлик кучлари мамлакат шимолидаги Бинямин шаҳри яқинида дрон зарбаси содир бўлган жойда
Исроил хавфсизлик кучлари мамлакат шимолидаги Бинямин шаҳри яқинида дрон зарбаси содир бўлган жойда

Исроил шимолида ҳужум дрони портлаши оқибатида камида 67 киши тан жароҳати олган. Бинямин — Гиват-Ада аҳоли пунктида портлаган дрон Ливан ҳудудидан, тахминларга кўра, “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи аъзолари томонидан учирилган.

Дрон одамлар ғуж бўлиб турган жойга тушган. “Кешет 12” телеканали хабарига кўра, ҳужум чоғида Исроилнинг ҳаво зарбалари ҳақида олдиндан хабардор қилиш тизими ишламаган. Зарба маҳаллий вақт билан соат 19 атрофида берилган, унда камида учта дрон иштирок этган бўлиб, улардан иккитаси, Исроил армияси маълумотига кўра, уриб туширилган.

“Ҳизбуллоҳ”нинг юқори лавозимли аъзоси “Ал-Жазира” телеканалига зарбага ўз гуруҳи алоқадорлигини маълум қилган. Унга кўра, ҳужум дрон галаси ёрдамида амалга оширилган.

“Ҳизбуллоҳ” АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқи эса “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, депутатлари Ливан парламентида ўтирган “Ҳизбуллоҳ” партияси эса, ЕИ фикрича, террор ташкилоти эмас.

Исроил Ливан томонидан ўз ҳудуди мунтазам равишда ўққа тутилгани ортидан сентябрь ойида “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. У ерда ҳаракат лидери Ҳасан Насруллоҳ ва бошқа юқори лавозимли мулозимлар ўлдирилган. 30 сентябрь куни Исроил гуруҳга қарши чекланган амалиёт олиб бораётганини билдириб, Ливан ҳудудига қўшин киритган.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳаво зарбалари ва қуруқликдаги амалиёти натижасида сентябрь ойи ўртасидан бери мамлакаатда 1300 нафардан зиёд одам ҳалок бўлгани ва 3800 чоғли киши яралангани ҳақида билдирган. Маълумотларга кўра, жанговар ҳаракатлар кетаётган ҳудудларда миллиондан ортиқ одам уйларини ташлаб кетган.

Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг ўтган йил кузидан буён давом этаётган ракета зарбалари натижасида ўнлаб фуқароси ўлгани ҳақида хабар қилган. Ливан чегараси яқинида яшайдиган исроилликлардан 100 минг чоғли одам уйларидан кўчирилган.

Камала Ҳаррис ўз соғлиғига оид тиббий ҳисобот ёйинлади

Камала Ҳаррис
Камала Ҳаррис

АҚШ вице-президенти, президентликка номзод Камала Ҳаррис Оқ уй сайтида ўз соғлиғи тўғрисида тиббий ҳисобот ёйинлади. Унда 59 ёшли Ҳаррис соғломлиги, жисмоний ва руҳий жиҳатдан чидамлилиги, чекмаслиги, алкоголни оз ва меъёрида истеъмол қилиши, спорт билан шуғулланиши, фақатгина мавсумий аллергиядан азият чекиши кўрсатилган. Врач хулосасига кўра, Ҳаррис давлат хизмати билан боғлиқ барча вазифаларни, шу жумладан давлат раҳбари лавозимидаги вазифаларни бажаришга қодир.

Ҳарриснинг маслаҳатчилари тиббий ҳисоботнинг ёйинланиши рақибининг ўзини тутиши қаршисида вице-президент учун манфаатли кўринади, деган фикрдалар. Дональд Трамп кўп йиллар мобайни, шу жумладан президент бўлган даврида ўз соғлиғи ҳақидаги маълумотни камдан-кам ва чекланган миқдорда очиқлаб келган. У бу ишни шу кундаги сайловолди кампанияси чоғида ҳам, ҳатто суиқасд уринишидан кейин ҳам қилмаяпти, бу эса, Ҳаррис фикрича, сайловчиларда “78 ёшли Трамп яна тўрт йил президентлик графигига дош бера олиш даражасида соғломми?” деган саволни пайдо қилиши мумкин.

Ҳар ҳолда, бу Трамп командаси сайловчилар у ҳақда бор ҳақиқатни билишини истамаётганини англатади”, деган Ҳаррис 12 октябрь куни.

Трампнинг сайлов штаби вакиллари бунга эътироз билдиришиб, Трампнинг соғлиғи тўғрисидаги ҳисоботларни унинг врачи Ронни Жексон Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида мунтазам равишда эълон қилиб бораётгани ва бундан Трамп давлат хизмати учун етарли даражада соғлом экани келиб чиқишини айтмоқдалар.

Олий лавозимга номзодларнинг соғлиғига оид масалаларга амалдаги президент, 81 ёшли Жо Байден, таҳлилчилар ва жамоатчиликнинг умумий фикрича, дебатда Трампга ютқазганидан сўнг иккинчи муддатга ўз номзодини қўйишдан бош тортганидан кейин АҚШда кўп эътибор қаратиладиган бўлди. Дебат чоғида Байден паришон кўринган, дудуқланиб, гапидан адашиб кетган эди, буни унга қарши бўлганлар қариликда киши психикасининг ўзгариши ўлароқ баҳолашиб, бу Байденни президентлик вазифаларини бажаришга яроқсиз қилишини иддао қилишганди.

Айни пайтда президентнинг саломатлигига оид ҳисоботлар Оқ уй сайтида мунтазам равишда эълон қилиб турилади ва уларда президентдаги ёш билан боғлиқ барча хасталиклар назорат остида экани ҳамда унда давлат хизматида ишлашга монеълик қилувчи ҳолатлар йўқлиги айтилган.

АҚШ: “Милтон” тўфони туфайли Флоридада 16 киши қурбон бўлди

"Милтон" тўфони оқибатлари, 2024 йил 10 октябри
"Милтон" тўфони оқибатлари, 2024 йил 10 октябри

АҚШнинг Флорида штатида “Милтон” тўфони туфайли, сўнгги маълумотларга кўра, 16 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда CBS News Флорида ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш департаментидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, штатга ёпирилган “Милтон” тўфони дарахтлар ва симёғочлар қулаши, кўчаларнинг сув босиши, биноларга шикаст етишига сабаб бўлган.

Айни пайтда Флоридадаги 2,7 миллиондан зиёд уй электрсиз қолмоқда. Уларнинг айримлари сентябрь ойи охирида штатга ёпирилган “Ҳелен” тўфонидан бери электрдан узилганича қолмоқда.

Таҳлилчиларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, “Милтон”дан кўрилган зарар 100 миллиард долларга етиши мумкин – ўтган йил сентябрида АҚШ содир бўлган барча табиий офатлар етказган зарардан қарийб икки баравар кўпдир. Оқ уй тўфондан жабр кўрган штатга федерал ёрдам ваъда қилган.

Тўфон олдидан Флоридада камида 19 та торнадо ҳодисаси кузатилган. Штатнинг ғарбий соҳилида “Милтон” ҳайдаб келган сув баландлиги уч метрга етган.

Флорида губернатори Рон Десантис штат энг ёмон сценарийдан (тўфоннинг соҳил бўйидаги аҳоли зич яшовчи шаҳарларга бевосита хуружидан) қутулиб қолгани, бироқ ундан кўрилган зарар барибир сезиларли эканини айтган.

“Милтон” ва “Ҳелен” сингари тўфонлар иқлим ўзгариши туфайли шиддатлироқ бўлиб бормоқда: улар йилдан йилга илиб бораётган океан сувлари билан тўйиниб боряпти, ҳароратнинг илиқлиги эса уларга намни кўпроқ ушлаб туриш имконини бермоқда.

“Мемориал”: Россиядаги сиёсий маҳбусларнинг 49 нафари жиннихонада сақланмоқда

Россиядаги психиатрик касалхоналарда сиёсий сабабларга кўра у ерга йўлланган камида 49 киши мажбурий муолажадан ўтмоқда. Бу ҳақда “Мемориал” ҳуқуқбонлик маркази маълум қилди.

Ҳуқуқ фаолларининг урғулашларича, бу сиёсий сабабларга кўра жиноятларда айбланганлар учун энг ёмон оқибатлардан биридир, чунки айбланувчилар мажбурий даволанишга муддатсиз йўлланади, касалхонада эса маҳкумлар калтакланади, таҳқирланади ва инсон онгига кучли таъсир қилувчи дорилар (масалан, галоперидол) билан эмланади.

Энг оғир ҳолатлардан бири шаман Александр Габишев иши бўлиб, у қарийб тўрт йилдан буён мажбурий даволанишда тутиб турилибди. “Путинни ҳайдаб чиқариш” маросимини амалга ошириш учун Москвага юриш қилишини эълон қилган бу киши ҳокимият вакилларига нисбатан зўравонлик ва экстремизмда айбланган.

Сиёсий маҳбусларни мажбурий даволанишга йўллаш ҳолатлари Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқини бошлаган 2022 йил февралидан буён айниқса кўпайган. Урушга қарши постлари ва Россия армияси тўғрисида “фейк” тарқатгани учун бу жазога маҳкум этилганлар орасида нижегородлик гид ва блогер Олег Непеин, мусиқачи ва журналист Андрей Гаевский, Москва физика-техника институти ижрочи директорининг ўринбосари Виктор Москалёв каби кишилар бор.

Исроил авиацияси Байрут марказига зарба берди

Байрут марказига берилган зарба оқибатлари, 2024 йил 10 октябри
Байрут марказига берилган зарба оқибатлари, 2024 йил 10 октябри

Исроил авиацияси Байрут марказидаги биноларга зарбалар берди. Саудиянинг Al Hadath телеканали хабарига кўра, ҳужум ҳадафи “Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг марҳум лидери Ҳасан Насруллоҳнинг куёви ва ташкилот махсус хизматлари раҳбари Вофиқ Сафо бўлган.

Зарбалар натижасида унинг ўлгани ёки тирик қолгани тасдиқланганича йўқ. Ливаннинг Al Mayadeen нашри гуруҳдаги ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда, Вофиқ Сафо тирик қолгани ҳақида хабар қилган.

Исроил ҳужум юзасидан изоҳ берган эмас.

Ливан ОАВ зарбалар натижасида тўрт қаватли бино вайрон бўлгани, саккиз қаватли бинога шикаст етгани ҳақида ёзмоқдалар.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳодиса чоғида 22 киши қурбон бўлгани, 100 дан зиёд одам яралангани ҳақида маълумот тарқатди.

Араб матбуоти зарбалар Байрутнинг аҳоли зич яшайдиган мавзеларига берилганини қайд этган. Зарбалар ортидан у ерда яшовчи одамлар орасида саросима бошланган. Қутқарувчилар бинолардан бирининг юқори қаватларида қолиб кетган кишиларнинг ҳаммасини эвакуация қилишга муваффақ бўлган.

“Ҳизбуллоҳ” АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқи эса “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, депутатлари Ливан парламентида ўтирган “Ҳизбуллоҳ” партияси эса, ЕИ фикрича, террор ташкилоти эмас. Исроилнинг ҳаво ҳужумларидан бирида гуруҳ лидери Ҳасан Насруллоҳ ҳам ўлдирилган.

“Ҳизбуллоҳ” Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) 2023 йил 7 октябридаги Исроил жанубига ҳужумининг эртасига Исроил ҳудудига ракеталар отган. Ўшандан буён Исроил-Ливан чегарасида қарийб ҳар куни отишмалар содир бўлиб турибди. Ҳар икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларидан ўн минглаб одам эвакуация қилинган.

Исроил Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши “Шимол нишлари” амалиётини 23 сентябрь куни бошлаган. Амалиётдан мақсад террор ташкилотининг ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиш ва Исроил шимолидаги уйларини ташлаб кетган исроилликларни ортга қайтариш учун шарт-шароит яратиш экани айтилган.

Қирғизистонда судланаётган 11 журналистдан икки нафари қамалди

Temirov LIVE ва “Айт, айт десе” лойиҳаларининг собиқ ва амалдаги журналистлари
Temirov LIVE ва “Айт, айт десе” лойиҳаларининг собиқ ва амалдаги журналистлари

Бишкек шаҳрининг Ленин туман 10 октябрь куни суди оммавий тартибсизликларга чақиришда айбланиб судланаётган Temirov LIVE лойиҳасининг 11 нафар собиқ ва амалдаги журналистларига нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.

Судланаётган журналистлардан тўрт нафарига айблов ҳукми чиқарилган, улардан икки нафарига қамоқ жазоси берилган. Хусусан, Temirov LIVE ва “Айт, айт десе” лойиҳалари директори Махабат Тажибек қизи олти йилга, Азамат Ишенбеков беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. Актилек Капаров ва Айке Бейшекеева уч йилданга пробация жазосини олишган. Қолган етти нафар журналист суд томонидан оқланган. Булар “Арча Медиа” журналисти Сайпидин Султаналиев, “ПолитКлиника” нашри журналисти Тинистан Асипбеков, Temirov LIVE лойиҳасининг уч журналисти - Максат Тажибек уулу, Жумабек Турдалиев ва Акил Орозбеков, “Айт, айт десе” лойиҳаси ходими Сапар Акунбеков ва “Нур Пресс” журналисти Жоодар Бузумовлардир. Аввалроқ давлат қораловчиси бу журналистларнинг ҳар бири олти йилдан қамоқ жазоси сўраган эди.

Қамалган Махабат Тажибек қизининг турмуш ўртоғи бўлган Temirov LIVE асосчиси Болот Темиров суд қарорига мувофиқ, уларнинг ўғли ижтимоий ҳимоя органларига берилганини маълум қилди, дея хабар қилди Озодликнинг Current Time лойиҳаси.

Журналистлар 2024 йил январида ҳибсга олинган эди. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги экспертиза хулосаси асосида уларга қарши жиноят иши очилгани ҳақида билдирган. ИИВ қайдича, экспертиза журналистларнинг материалларида оммавий тартибсизликларга чақириқ унсурлари бўлганини аниқлаган. Суд жараёни чоғида лингвистлар “Эркинлик берилмайди, эркинлик учун барчамиз курашишимиз керак” деган жумлада оммавий тартибсизликка чақириш аломатини кўришганини айтишган. Бу жумла қирғизларнинг машҳур “Манас” эпосидан олинган бу иқтибос бўлиб, журналистлар Қирғизистоннинг расмий идораларидаги коррупцияга оид чиқишларини одатда шу жумла билан тугатишган.

Болот Темиров Қирғизистонда суриштирув журналистикасининг кўзга кўринган вакилларидан бири, Temirov LIVE ютуб-канали асосчиси, Factcheck.kg интернет нашри собиқ бош муҳаррири ва Қирғизистоннинг давлат идораларидаги коррупциявий схемалар ҳақида қатор суриштирувларнинг муаллифи бўлиб ҳисобланади. Қирғизистон расмийлари унга қарши бир неча жиноят иши очишган, кейин эса журналистнинг фуқаролиги бекор қилиб, уни мамлакатдан бадарға қилишган.

Бишкекдаги суд қарори ортидан Халқаро матбуот институти (IPI) ҳамда “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилотлари журналистларнинг қамалишини қоралаб, баёнотлар тарқатишди. Улар Қирғизистон расмийларини 6 йилга қамалган Махабат Тажибек қизи ва 5 йилга қамалган Азамат Ишенбековни зудлик билан озод қилишга чақиришган.

“Милтон” тўфонининг шиддати пасайди, бироқ у ҳали ҳам хатарли

“Милтон” тўфони 10 октябрга ўтар кечаси АҚШнинг Флорида штати ғарбий соҳилига етиб келди, шундан сўнг шамол кучи бироз сусайди. Айни пайтда у соатига 165 километр тезликда эсмоқда. АҚШдаги Тўфонларни кузатиш миллий маркази уни иккинчи тоифага ўтказди.

Бироқ “Милтон” ҳали ҳам ҳалокатли тўфон бўлиб қолмоқда ва марказ прогнозига кўра, у Атлантика океанига чиқиб кетгунича шундай бўлиб қолади.

Аввалроқ табиий офат натижасида камида икки киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Ҳозирда тўфон Флориданинг шарқий соҳили томон ҳаракатламоқда. Унинг Лейкленд, Киссимми ва Орландо шаҳарлари ҳамда Канаверал бурнидан ўтиши кутилмоқда

АҚШ Фавқулодда вазиятлар федерал агентлиги Динн Крисвелл Флорида аҳолисини бошпаналарини тарк этиш ҳаракатларидан огоҳлантириб, “Милтон” ҳали ҳам ҳалокатли кучга эга эканини таъкидлаган.

Тўфон яқинлашиши арафасида Флоридада яшовчи беш миллиондан зиёд одамга мажбурий ёки тавсиявий эвакуация ҳақида хабарлар йўлланган. Табиий офат ҳудудидан икки миллионга яқин одам кўчирилган. Бу штат тарихида энг катта эвакуация бўлган.

Ўнинчи октябрь тонгида “Милтон” туфайли 1 миллиондан кўпроқ одам электрсиз қолган, дея хабар қилди Associated Press агентлиги коммунал ҳисоб тизими маълумотига таянган ҳолда.

Кеча оқшом АҚШ президенти Жо Байден флоридалик қатор мулозимлар билан телефон орқали мулоқот қилиб, агар тўфон оқибатларини бартараф қилиш бўйича қўшимча ёрдам керак бўлса, унга тўғридан-тўғри қўнғироқ қилишни сўраган. Шунингдек, Байден флоридаликларни хавфсизлик талабларига риоя қилишга чақирган. “Бу том маънода ҳаёт-мамот масаласи”, дея билдирган у.

Аввалроқ АҚШ президенти Флоридага яқинлашаётган тўфон туфайли Германияга сафарини кечиктирган. Байден Германияда “Рамштайн” форматида Украина бўйича мулоқот гуруҳи учрашувида иштирок этиши керак эди.

“Милтон” жорий йилда Флорида ҳудудига ёпирилган тўфонларнинг учинчисидир. Тўфон мавсумида бунақа ҳолат аввал фақат беш марта кузатилган бўлиб, уларнинг сўнггилари 2004 ва 2005 йилларда содир бўлган.

Сентябрь ойи охирида Флорида ва яна бошқа бир неча штатда кузатилган “Ҳелен” тўфони натижасида камида 230 киши ҳалок бўлган, соҳилбўйи ҳудудларини сув босган, автойўллар ва уйлар вайрон бўлган, дарахтлар қулаган, икки миллиондан зиёд истеъмолчи электрсиз қолган эди.

“Милтон” ва “Ҳелен” сингари тўфонлар иқлим ўзгариши туфайли шиддатлироқ бўлиб бормоқда: улар йилдан йилга илиб бораётган океан сувлари билан тўйиниб боряпти, ҳароратнинг илиқлиги эса уларга намни кўпроқ ушлаб туриш имконини бермоқда.

“Левада-центр” сўрови: Россияликларнинг қарийб ярми уруш фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирди, деган фикрда

Новосибирскадаги қабристонлардан биридаги Украина урушида ҳалок бўлганларнинг қабрлари (архив сурати)
Новосибирскадаги қабристонлардан биридаги Украина урушида ҳалок бўлганларнинг қабрлари (архив сурати)

Россия фуқароларининг қарийб ярми (47 фоиз) Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирди, деб ҳисоблайди. Бу кўрсаткич “Левада-центр” томонидан сентябрь ойида ўтказилган ижтимоий сўров натижасидир. Қайд этилишича, бу Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан буён энг юқори кўрсаткич бўлиб ҳисобланади.

Айни пайтда ўтган бир йил давомида Путин томонидан бошлатилган “махсус ҳарбий амалиёт” манфаатли эканига ишонган кишилар сони 10 фоизга (38 фоиздан 28 фоизга) камайган. Шунингдек, жанговар ҳаракатлар муваффақиятли олиб бориляпти, деб ҳисобловчи россияликлар сони ҳам қисқариб бормоқда. Февраль ойида бундай фикрда бўлган фуқаролар 70 фоизни ташкил қиларди, эндиликда улар сони 10 фоизга камайган.

Сентябрь ойига келиб Россия билан Украина ўртасида тинчлик музокаралари олиб борилишини кераклигини сўралганларнинг 54 фоизи ёқлаган.

Мунтазам равишда ижтимоий ва маркетинг тадқиқотлари олиб борувчи Юрий Левада ноҳукумат таҳлилий маркази ёки “Левада-центр” 2016 йили Россия расмийлари томонидан “хорижий агент” деб тан олинган эди. Ташкилот вакиллари бу фикрга қўшилишмайди.

“Левада-центр” сўровлари натижалари давлат ижтимоий хизматларининг сўров натижаларидан катта фарқ қилиши аввал бир неча бор қайд этилган.

Reuters: “Ҳизбуллоҳ” чегара яқинида Исроил ҳужумини даф этди

Ливан жанубида Исроил зарбасига нишон бўлган объектлардан бири, 2024 йил 9 октябри
Ливан жанубида Исроил зарбасига нишон бўлган объектлардан бири, 2024 йил 9 октябри

Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи 9 октябрь куни ўз отрядлари чегара яқинида ва Исроил байроғи тикилаётган қишлоқда исроиллик ҳарбийлар ҳужумини даф қилганини билдирди.

Жанг Исроил-Ливан чегараси бўйлаб тоғли ҳудудларга ёйилган, дея хабар қилди Reuters агентлиги.

АҚШ президенти Жо Байден телефон орқали Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан Исроил армияси режасини муҳокама қилган. Оқ уй ва Нетаняҳу офиси бўлиб ўтган телефон суҳбати тўғрисида бир вақтнинг ўзида маълумот беришган, бироқ мулоқот тафсилотларига тўхталишмаган.

Reuters агентлиги мудофаа вазири Йоав Галлантнинг Исроил ОАВда ёйинланган баёнотидан иқтибос келтирган:

“Жавобимиз ҳалокатли, аниқ ва энг аввало, кутилмаган бўлади. Улар нима ва қандай содир бўлганини англашга улгуролмай қолишади, бироқ натижани кўришади”, деган Исроил мудофаа вазири.

Яқин Шарқ Эрон қўмондонлиги бир неча кун аввал Исроилга берган ракета зарбаларига Исроил томонидан берилажак жавобни кутмоқда, деб ёзган Reuters.

ЕИ Украинага 35 млрд евролик кредит ажратади

Европа Иттифоқи элчилари Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан тушган даромаддан Украина учун 35 миллиард евро миқдорида кредит ажратиш бўйича келишувга эришишган. Буҳақда “Озод Европа/Озодлик радиоси”нинг Европа масалалари бўйича муҳаррири Рикард Йозвяк X ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Молиявий ёрдам Россиянинг Украинага нисбатан авж олган ҳужумлари туфайли ошиб кетган Украинанинг кечиктириб бўлмас молиявий эҳтиёжларини зудлик билан қондиришга йўналтирилган”, дейилган ЕИ кенгаши хабарномасида.

Йозвякка кўра, Венгрия қарши чиқаётгани туфайли Россия активларига нисбатан санкциялар муддатини узайтириш масаласи ҳали ҳам ҳал бўлгани йўқ.

Аввалроқ Венгрия молия вазири Михай Варга Будапешт Россиянинг музлатилган активларига қарши ЕИ санкцияларига киритилаётган ўзгартишларни дастакламаслигини билдирган. Бу чора Украинага кредит бериш имкониятини яратган бўларди. Варганинг айтишича, Будапешт бу қарорнинг жорий йил 5 ноябрида АҚШда бўлиб ўтадиган президент сайловигача кечиктирилишини истаяпти.

“Катта еттилик” мажбуриятлари доирасида Украинага 35 миллиард евро миқдорида кредит ажратиш қарорига келинганини жорий йилнинг 20 сентябрида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен эълон қилган эди. Украина президенти Владимир Зеленский Урсула фон дер Ляйен билан Киевда ўтказилган брифингда бу маблағларни энергетика соҳасига, бомбапаноҳларга ҳамда қисман қуролланиш ва ҳаводан мудофаа воситаларига йўналтириш режаланаётганини айтганди.

Японияда янги бош вазир парламент қуйи палатасини тарқатиб юборди

Сигэру Исиба
Сигэру Исиба

Япониянинг янги бош вазири Сигэру Исиба мамлакат парламентининг қуйи палатасини тарқатиб юборди. Муддатидан илгари сайлов 27 октябрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда, дея хабар қилди “Киодо Цусин” агентлиги.

Японияда палатани тарқатиб юбориш ҳукумат раҳбарининг конституциявий ҳуқуқи бўлиб ҳисобланади. Исиба бу ҳуқуқдан бош вазир лавозимига киришганидан саккиз кун ўтгач фойдаланди. Агентлик қайдича, Японияда Иккинчи жаҳон урушдан бери парламент ҳеч қачон бу қадар тез тарқатилган эмас.

Парламентдаги мухолифат партиялари лидерлари билан учрашувда Исиба ўз қарорини сайловчиларнинг бевосита баҳосини кўриш истаги билан изоҳлаган. Мухолифат уни ҳукмрон Либерал-демократик партия атрофидаги можародан одамлар эътиборини чалғитишга уринишда айблади. Маблағларнинг ўринсиз сарфлаб юборилиши билан боғлиқ мазкур можаро аввалги бош вазир Фумио Кисида истеъфосига сабаб бўлган эди.

Тарқатиб юборилган парламентда Либерал-демократик партия 465 ўриндан 256 тасини эгаллаганди. Яна 32 ўрин унинг ҳукмрон коалициядаги иттифоқчиси, ўнг марказчи Тоза сиёсат партиясига (“Комэйто”) тегишли бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG