Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:08

Шаҳрисабзлик марҳум теримчининг оиласи адолат кутмоқда


Ўзбекистонда пахта йиғим-терим мавсумига теримчиларни етказиш ишларига ички ишлар ходимлари жалб қилинади.
Ўзбекистонда пахта йиғим-терим мавсумига теримчиларни етказиш ишларига ички ишлар ходимлари жалб қилинади.

Озодлик калтаклаб ўлдирилган 19 ёшли теримчи йигит Наврўзнинг оиласи билан боғланишга муваффақ бўлди ва йигитнинг ота-онаси жиноятчиларнинг жазоланишини талаб қилганини айтди.


19 ёшли шаҳрисабзлик марҳум теримчи Наврўзнинг ота-онаси - Ғолиб Юсупов ва Нодира Исломовалар Наврўзнинг Муборак туманида пахта теримида юрган вақтида вафот этганини тасдиқлади.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг Тарахли қишлоғида истиқомат қилувчи бу оила билан мулоқот натижасида шу кунга қадар Шаҳрисабз тумани ва Қашқадарё вилоятидаги норасмий ҳамда расмий манбалардан йиғилган баъзи маълумотларга ойдинлик киритилди.

Оиладан олинган маълумот асосида аниқланишича, марҳум Наврўзга бобосининг исми фамилия қилиб берилган ва унинг фамилияси норасмий манбалар хабар қилгани каби Исломов эмас, балки Мўйсиновдир.

Бу оила аъзолари ҳозирча ўғлининг ўлими сабабларини аниқловчи экспертиза натижасини кутаётганини айтиб, Озодликка интервю беришга шошилмади.

Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда теримчи йигитнинг отаси Ғолиб Юсупов ўғлини милиционерлар калтаклагани ҳақидаги маълумотга ҳам ойдинлик кирита олмаслигини айтди.

Унга кўра, Муборак тумани ИИБнинг бу жиноят ишига масъул ходимлари экспертиза натижалари бир неча кун ичида маълум бўлиши ва оила бундан хабардор қилинишини айтган.

Ўзаро суҳбатда марҳум теримчи Наврўз Мўйсиновнинг ота-онаси жиноятчилар жазоланишини сўраб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилгани ва жиноятчиларнинг жазоланишини талаб қилганини билдирди.

Шаҳрисабзлик теримчи Наврўз Исломовнинг калтаклаб ўлдирилгани ҳақидаги дастлабки хабар 8 октябр куни Озодлик таҳририятига келиб тушган эди.


Норасмий манба: "Наврўз Мўйсинов милиционерлар калтагидан ўлган"

Шаҳрисабзлик теримчи Наврўз Мўйсиновнинг калтаклаб ўлдирилгани ҳақида Озодликка шахси сир қолиши шарти билан хабар қилган эди.

Манбанинг иддаосига кўра, 1994 йилда Шаҳрисабз туманида туғилган Наврўз исмли йигит туман милиционерлари томонидан калтаклаб ўлдирилган.

Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ва туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотларга кўра, ҳақиқатда ҳам 19 ёшли теримчи калтакланган ва 6 октябр куни вафот этган.

Шаҳрисабз туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими марҳум йигитнинг дафн маросими 7 октябр куни бўлганини тасдиқлаган ва унда ҳокимият расмийлари ҳам иштирок этганини айтган.

Бу маълумотни марҳум теримчининг оиласи ҳам тасдиқлади.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлигининг шахси сир қолишини истаган юқори лавозимли мутасаддиси Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда йигитнинг калтакланиш оқибатида ўлгани аниқ эмаслигини айтган эди.

Аммо, у 6 октябр куни оламдан ўтган теримчи Наврўз Мўсиновнинг калтакланганини тасдиқлаган.

Мўйсиновнинг ота-онаси эса Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда марҳум ўғлининг танасида калтак излари кўринмаганини билдирди.


Бу бу йилги пахта теримининг биринчи қурбони эмас

Шаҳрисабз туманидаги ҳодиса бу йилги пахта терими мавсумида теримчиларнинг вафот этганига оид Озодликка маълум бўлган илк ҳодиса эмас.

Бунга қадар 30 сентябр куни Жиззах шаҳридаги Санъат коллежининг 2-курсида таҳсил олаётган 18 яшар Азиз Бахтиёров пахта тераётган пайтда кутилмаган юрак хуружидан далада вафот этгани хабар қилинган эди.

17 сентябр куни эса Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида тошкентлик ҳашарчи-теримчи 55 ёшли Игорь Ячкевский оламдан ўтгани, унинг ҳам юрак хуружидан вафот этгани айтилган эди.

Бу йилги пахта теримига мактаб ўқувчиларининг чиқарилишини тақиқлаган Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини оммавий равишда пахатага сафарбар қилган.

Пахта терими мавсумини кузатаётган баъзи ўзбекистонликлар ҳамда ҳуқуқ фаоллари бераётган хабарларга кўра, баъзи ҳудудларда расмийлар хаста талабалар ҳамда ишчи-хизматчилар ҳам пахта йиғим-теримига мажбуран сафарбар қилган.
XS
SM
MD
LG