Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:01

Бердимуҳаммедовни мадҳ этган санъаткорлар тақдирланди



Мусиқий асарларнинг асосий мавзуи президент Қурбонқули Бердимуҳаммедовга берилган нисбат – “Арқадағ”, "Арқадағ билан бирга” ва “Яшасин Арқадағ” мазмунида бўлди.

Туркман матбуотида мамлакат президентининг адабиёт, маданият ва санъат арбоблари, ёш қўшиқчилар ва иқтидорли болалар ўртасида ўтказилган танлов якунлари бўйича қарори эълон қилинди.

“Хроника Туркменистана” нашрининг ёзишича, танлов ғолиблари олтин занжирлар ва пул мукофотлари (АҚШ долларида) билан тақдирланган.

Ватан мадҳини қасд этган танловдаги мусиқий асарларнинг асосий мавзулари “Арқадағ” (Туркманлар таянчи маъносида, Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовга берилган нисбат – таҳр.), “Арқадағга шон-шарафлар!”, “Арқадағ билан бирга”, “Яшасин Арқадағ”, “Азиз Арқадағ”, “Қаҳрамон Арқадағ” кабилар бўлган.

Бу йил аввалги йиллардан фарқли ўлароқ президентга бағишланган қўшиқлардан ташқари рақслар ҳам пайдо бўлган. Қатор раққосалар “Арқадағ келди, Арқадағ”, “Арқадағнинг оқ йўли”, “Яша Туркманистон, яша Арқадағ!” ва яна “Азиз Арқадағ” рақсларини маҳорат билан ижро этгани учун мукофотлар олганлар.

Танлов ғолиблари рўйхатида тасвирий санъат усталари, гиламдўзлар, оммавий байрам ташкилотчилари, телерадиоканалларнинг ижодий жамоалари, ҳужжатли кино усталари, цирк артистлар ва театр жамоалари ҳам бор. Бироқ мукофотланганларнинг аксариятини “бадиий ҳаваскорлик” жамоалари, ҳофиз ва раққосалар ташкил қилади.

Бу ижрочилар орасида Миллий хавфсизлик вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат чегара хизмати ва Мудофаа вазирлигининг хонанда ва созандалари алоҳида ажралиб туради.
XS
SM
MD
LG