Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:24

Агробанк мижозларига миллиардлаб қарзини тўламаяпти



Ўзбекистон Агробанки пойтахтдаги икки бўлимини ёпди, аммо бу 2010-2009 йилларда ўз мижозларидан ўғирланган 250 миллиард сўмлик қарзни тўлаш имконини бермади.


Агробанкнинг Чилонзор ва Бектемир туман бўлимлари ёпилди

Озодликка мустақил манбалардан келиб тушган хабарларга кўра, Ўзбекистон Агробанк Очиқ акциядорлик тижроат банкининг аҳоли омонатларини ўғирланган 10 га яқин ходими айни пайтда ҳибсда сақланмоқда.

Банкнинг Тошкент шаҳридаги Чилонзор ва Бектемир туманлари раҳбарлари иши¸ айтилишича¸ шу кунларда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўрилмоқда.

Бу хабарларни қисман тасдиқлаган, аммо исмини ошкор қилмаган Агробанк ОАТБ Марказий бошқарув аппарати ходими айнан шу икки бўлим фаолияти тугатилганини ҳам айтди.

- Бир йилча муқаддам иккала бўлимимиз ёпилган. Раҳбарлари ҳозир қамоқда, суди тугадими-йўқми¸ аниқ билмайман лекин, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Агробанк ходими.

Бу ходим 2009-2010 йилларда мижозлар омонатларидан ўғирланган 250 миллиард сўмга яқин маблағнинг қанчаси қайтарилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини айтди.

Ушбу масалаларга масъул бўлган - Банкнинг Иқтисодий-таҳлил департаменти раҳбари Абдураҳмон Шеров, банк матбуот хизмати раҳбари Ғайрат Шаптаковлардан ҳам бу борадаги саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Агробанк Марказий бошқарув аппаратининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, банкнинг яқин икки йиллик тарихига оид мавзуда "бегоналар билан гаплашиш раҳбарлар томонидан тақиқланган".


Агробанк ОАТБ молиявий ёрдамсиз қарзини тўлолмайди

Икки йилдан буён Moody's, Fitch Ratings ташкилотлари томонидан рейтинги сезиларли равишда пасайтириб келинаётган Ўзбекистондаги Агробанк Очиқ акциядорлик тижроат банки ҳануз оғир молиявий қийинчилик ичида қолмоқда.

Fitch Ratings ташкилоти шу йил баҳорда эълон қилган ҳисоботида Агробанкнинг молиявий барқарорлиги савол остида қолгани ва шу боис, банк ташкилотнинг кузатув рейтинги рўйхатига туширилганини эълон қилган эди.

Ташкилот томонидан Агробанк кўрсаткичларининг бирданига 4 поғонага туширилганига сабаб сифатида эса банкнинг ўз ходимлари товламачилиги боис мижозларидан 250 миллиард ўзбек сўми миқдорида қарз бўлиб қолгани келтирилган эди.

Шунингдек, бу мажбуриятни адо этиш учун Агробанкнинг ташқи молиявий ёрдам олишга мажбур бўлиши ҳам тахмин қилинган эди.

Озодликнинг халқаро рейтинг гуруҳининг хулосасига муносабат сўраб қилган мурожаатлари ҳам Агробанк раҳбарияти томонидан жавобсиз қолдирилди.

Аммо норасмий маълумотларга кўра, банкнинг марказий ва маҳаллий бўлимлари раҳбарлари катта миқдордаги омонатлари ўғирланган мижозларига қарзни бу жиноятни қилган ходимлардан ундириб беришларини айтиб келмоқда.


Агробанк Ўзбекистондаги тўртинчи йирик банк

Агробанк Очиқ акциядорлик тижроат банки Ўзбекистонда муқаддам тугатилган Пахтабанкнинг тўлиқ меросхўридир.

Банкнинг республика бўйлаб 13 та вилоят бошқармаси, 186 та туман бўлими ва 723 та мини-банк типидаги бўлинмаси бор.

Агробанк республика қишлоқ-хўжалик соҳасини кредитлаш билан шуғулланувчи асосий банк ва муқаддам Пахтабанкка боғланган фермер хўжаликлари мерос тариқасида тўлиқ Агробанк тасарруфига ўтган.

Бундан ташқари, республика қатор вилоятларида аҳоли пенсиялари ва нафақа пуллари, касб-ҳунар коллежлари ходимлари маошларини тўлаш ҳам Агробанк тасарруфига ўтказилган.
XS
SM
MD
LG