Линклар

Шошилинч хабар
17 июн 2024, Тошкент вақти: 13:25

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси ишга тушди

Фарғонада UzSungwoo Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси ишга тушди.

Мазкур корхонада Асака шаҳридаги автомобил ишлаб чиқарувчи GM Uzbekistan АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонаси учун эҳтиёт қисмлар чиқарилади.

UzSungwoo қўшма корхонасини Ўзавтосаноат акциядорлик ширкати ва Жанубий Кореянинг Singwoo Hitech ва I-Zone ширкатлари таъсис қилган.

Маҳаллий ахборот агентликлари хабарига кўра, янги корхона учун 47,7 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинган.

180 турдаги эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги қўшма корхонада 453 та янги иш ўринлари яратилган.

Кун янгиликлари

Ўзгидромет: Ҳафта ўртасигача 9 вилоятда сел келиши мумкин

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 17-19 июнь кунлари кутилаётган кучли ёғин-сочин сел-сув тошқини ҳодисаларининг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумот тарқатди.

“Ўзгидромет” огоҳлантирувига кўра, сел ҳодисалари Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманлари, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробот туманлари, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманлари, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманлари, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманлари, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарлари, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманлари, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида кузатилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Метеорологлар тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини ҳамда бу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан тошқин эҳтимолига қарши эҳтиёткорлик чораларини кўриш ҳақида огоҳлантиришган.

Республика ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин”, дейилган “Ўзгидромет” хабарномасида.

Тошкент билан Сеул ўртасида 17 та ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль билан, Тошкент, 2024 йил 14 июни (president.uz фотоси)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль билан, Тошкент, 2024 йил 14 июни (president.uz фотоси)

Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёлнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида жами 17 та ҳужжат имзоланган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, даставвал Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёль Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолашган.

Бундан ташқари, икки президент ҳузурида Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси билан ҳукуматлараро битим, Корея Экспорт-импорт банки ва Hyundai Rotem компанияси билан тезюрар электр поездларини харид қилиш ва етказиб бериш тўғрисида битимлар, Корея Экспорт-импорт банки билан ўрта мактаблар учун фан, ахборот-коммуникация технологиялари ускуналарини етказиб бериш тўғрисида битим, “Тошкент Фарма Парк” инновацион фармацевтика кластери лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим, Ўзбекистон давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, ЖСТ доирасида ҳамкорлик тўғрисида баённома, Транспорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув, Ўта муҳим минераллар соҳасида шериклик тўғрисида келишув, Малакали ва профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум, Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва бошқа ҳужжатларга қўл қўйилган.

Ҳужжатлар имзоланишидан олдин Шавкат Мирзиёев билан Юн Сок Ёль аввалига тор доирада музокара ўтказишган, кейин эса музокаралар икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этган.

Президентларнинг тор доирадаги учрашуви чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, технологик ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган, минтақавий, жумладан, "Марказий Осиё – Корея Республикаси" форматидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Шунингдек, мазкур учрашувда хавфсизлик ва мудофаа соҳасида, хусусан, кибержиноятлар, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича яқин алоқаларни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилган.

Кенгайтирилган музокаралар чоғида эса икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг барча соҳалари ва йўналишларини қамраб олган алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.

Музокаралар чоғида келгуси 3 йил учун Ўзбекистон-Корея алоҳида стратегик шериклигининг янги юқори технологияли кун тартибини шакллантириш муҳимлиги таъкидланган.

Томонлар сунъий интеллект, бизнес жараёнларини аутсорсинг қилиш ва рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олганлар.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, экология, меҳнат миграцияси ва бошқа муҳим йўналишларда аниқ таклифлар кўриб чиқилган.

“Музокаралар якунида давлат раҳбарлари ҳар бир йўналиш бўйича аниқ муддатлар ва амалга ошириш механизмлари белгиланган "йўл хариталари"ни қабул қилишга топшириқ бердилар”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.

Уч кунлик давлат ташрифи билан 13 июнь куни Ўзбекистонга келган Жанубий Корея президенти Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида шанба (15 июнь) куни Самарқанд шаҳрида бўлиши кутилмоқда.

Юн Сок Ёль Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги уч мамлакат бўйлаб бир ҳафталик сафари доирасида келган. Мазкур ташриф доирасида Жанубий Корея президенти 10-11 июнь кунлари Туркманистонда, 11-13 июнь кунлари эса Қозоғистонда бўлган.

Тошкентда Индонезия элчиси Сунарио Картадината вафот этди

Индонезиянинг Ўзбекистон ва Қирғизистондаги элчиси Сунарио Картадината (buxdu.uz фотоси)
Индонезиянинг Ўзбекистон ва Қирғизистондаги элчиси Сунарио Картадината (buxdu.uz фотоси)

Индонезиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сунарио Картадината Тошкентда вафот этди.

Индонезиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати маълумотига кўра, жаноб Картадината 13 июнь оқшомида вафот этган. Хабарномада элчи ўлимига нима сабаб бўлганига аниқлик киритилган эмас.

74 ёшни қоралаган профессор Сунарио Картадината Индонезиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига 2019 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди. У бир пайтнинг ўзида Индонезиянинг Қирғизистондаги элчиси вазифасини ҳам бажариб келаётган эди.

Қорақалпоғистонда ИИБ бошлиғи муовини тамагирликда гумонланяпти

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қўнғирот туманида ИИБ бошлиғи ўринбосари товламачиликда айбланаяпти, дея маълум қилди Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши матбуот хизмати. Хабарномада ИИБ мулозимининг инициаллари кўрсатилган эмас.

Қайд этилишича, мулозим маҳаллий фуқарони унга доир бир сирни фош қилиш билан қўрқитиб, бу ишни қилмаслик эвазига ундан iPhone 15 Pro Max олиб келиб беришни талаб қилган.

Бунинг ортидан фуқаро Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасига мурожаат қилган. Мурожаатчи иддаосига кўра, майор унвонига эга мансабдор талаб қилинган смартфон олиб келинмаса, фуқаронинг шахсий сирини фош қилиб, уни жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилган.

Хабарномага мувофиқ, ДХХ вакиллари томонидан ўтказилган тадбирда “Қўнғирот туман ИИБ бошлиғи ўринбосари фуқародан талаб қилинган iPhone 15 Pro Max'ни олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган”.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда суд, прокуратура, Миллий Гвардия ва бошқа соҳада ишлайдиган мулозимларнинг пора олиш устида қўлга олинганига оид хабарлар кўпайган. Уларнинг айримлари ҳақида аввалроқ Озодлик ҳам хабар қилган эди.

AAB россияликлар учун валюта операциялари тўхтатилганини рад этди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистондаги Asia Alliance Bank Россия резидентлари билан боғлиқ валюта операциялари тўхтатилгани ҳақида 13 июнь куни ёйинланган баёноти юзасидан раддия берди.

Аввалроқ мазкур банкнинг телеграм-каналида “АҚШ санкциялари пакети янгилангани муносабати билан Россия резидентлари билан боғлиқ валюта операцияларининг барчаси тўхтатилди” қабилидаги баёнот пайдо бўлган эди.

Мазкур пост кўп ўтмай телеграм-каналдан ўчириб ташланган, банк мутасаддилари эса бу хабар каналда "техник носозликларга кўра" ёйинлаганини қайд этишган.

"Банк мижозларнинг Россия Федерацияси резидентлари билан боғлиқ операцияларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизмат кўрсатишни давом эттирмоқда", дейилган банкнинг галдаги хабарномасида мижозлардан "келтирилган ноқулайликлар учун узр" сўралган.

Эслатиб ўтамиз, 12 июнь куни АҚШ Украинада босқинчилик уруши олиб бораётган Россияга қарши санкция тартибини кучайтирган, янги чекловлар ортидан Россия биржасида доллар ва еврога савдо тўхтаб қолган эди.

АҚШ Молия вазирлигининг санкция рўйхатига Россия ва бошқа мамлакатларда фаолият юритувчи жами 300 дан зиёд юридик ва жисмоний шахс киритилган. Мазкур рўйхатда Ўзбекистон компаниялари йўқ, лекин ўзбек ширкатлари санкция остидаги Россия ташкилотлари ва фуқаролари билан чекловсиз алоқаларни давом эттираверган тақдирда, иккиламчи санкцияларга нишон бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Жанубий Корея президенти уч кунлик ташриф билан Ўзбекистонда бўлади

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль (архив сурати)
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль (архив сурати)

Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль 13-15 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Жанубий Корея етакчиси Ўзбекистонга президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан келмоқда.

Қайд этилишича, мезбон ва меҳмон президентларнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган музокараларида Ўзбекистон-Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Савдо, инновациялар ва технологиялар алмашинуви, энергетика, электроника ва электротехника, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмавий ривожланиш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлади. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги қўшма дастурлар муҳокама қилинади”, дейилган хабарномада.

Олий даражадаги музокараларда минтақавий, шу жумладан "Марказий Осиё – Корея Республикаси" форматидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашиш режаланган ҳамда саммит якунлари бўйича бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Ташрифнинг ишбилармонликка оид дастури доирасида Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёль қўшма бизнес форумида иштирок этишади.

Сафар дастури доирасида Жанубий Корея президенти Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюриши ҳам кутилмоқда.

Юн Сок Ёль Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги уч мамлакат бўйлаб бир ҳафталик сафари доирасида келмоқда. Мазкур ташриф доирасида Жанубий Корея президенти 10-11 июнь кунлари Туркманистонда, 11-13 июнь кунлари эса Қозоғистонда бўлган.

Давлатга хиёнатда айбланган собиқ дипломат озодликка чиқди

Ўзбекистон ТИВ собиқ ходими Қодиржон Юсупов
Ўзбекистон ТИВ собиқ ходими Қодиржон Юсупов

Ўзбекистонда давлатга хоинлик қилганликда айбланиб, 5,5 йилга қамалган Қодиржон Юсупов жорий йилнинг 10 июнида озодликка чиқди. Юсупов қамоқдан озод қилинганидан кейин ҳам бир йил давомида маъмурий назорат остида бўлиши айтилмоқда. Бу ҳақда маълумот тарқатган Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ассоциацияси собиқ дипломат Юсупов аввал-бошдан адолатсиз судлов қурбони бўлганини қўшимча қилган.

Қароргоҳи Францияда бўлган Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR), Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC) ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси (HFHR) Ўзбекистон расмийларини қамоқдан чиққан Қодиржон Юсупов ҳимоясини таъминлашга ҳамда унинг ноҳақ қўлга олиниб, қийноққа солингани юзасидан холис тергов ўтказишга, шунингдек, ҳуқуқлари бузилгани учун унга товон пули тўлаб беришга чақирган.

Бир пайтлар Ўзбекистоннинг Австрия, Британия, Судан ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги элчихоналарида ишлаган Қодиржон Юсупов узоқ йилдан бери азият чекиб келаётгани руҳий хасталик туфайли 2018 йилнинг 3 декабрида Тошкент метрополитенининг Пушкин бекатида ўзини поезд остига ташлаган ва тасодиф туфайли омон қолган.

Бошидан қаттиқ лат еган собиқ дипломат, оила-аъзоларига кўра, бу воқеадан кейин тушиб қолган руҳий транс ҳолатида “ўзининг Ғарб давлатларининг жосуси” экани ҳақида алжирай бошлаган ва касалхонага етиб келган ДХХ ходимлари ана шу “иқрор” асосида унга қарши жиноят иши очиб, собиқ мулозимни мамлакат Жиноят кодексининг 157-моддасида (Давлатга хоинлик қилиш) кўзда тутилган жиноятда айблаган.

Юсуповнинг яқинлари Озодлик мухбирлари билан 2019 йил март ойидаги суҳбатда собиқ дипломат уларга сўнгги марта 2018 йил 9 декабрига касалхонада кўрсатилгани, 10 декабрь куни у ДХХ тергов изоляторига ўтказилганини айтишган.

Шундан сўнг Қодиржон Юсупов тергов чоғида ўзига нисбатан турли хил босимлар ўтказилаётгани, даволанишга имкон берилмаётганидан шикоят қилган, бироқ ўзбек расмийлари бу шикоятларни асоссиз деб топишган.

Собиқ дипломат Ўзбекистон Ҳарбий судининг 2020 йил 9 январдаги ҳукми билан 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Суд ҳукми ортидан қатор халқаро ташкилотлар Қодиржон Юсуповни озод қилиш чақириғи билан ўзбек расмийларига мурожаат қилишган эди.

Мирзиёев АҚШ савдо вакили билан ЖСТ масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ cавдо вакили Кэтрин Тай ўртасидаги учрашувдан лавҳа (president.uz фотоси)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ cавдо вакили Кэтрин Тай ўртасидаги учрашувдан лавҳа (president.uz фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни АҚШ cавдо вакили Кэтрин Тайни қабул қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув чоғида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани, ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар кўрсаткичлари барқарор ўсаётгани мамнуният билан қайд этилди”, дейилган хабарномада.

Қабул чоғида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши, GSP тизимини қайта тиклаш, “C5+1” формати ҳамда Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим доирасида амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган.

Хабарномада учрашув пайтида саноат кооперацияси учун янги соҳаларни аниқлаш ва тегишли лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшма платформани ишга тушириш муҳим экани таъкидлангани қўшимча қилинган.

Маълумотларга кўра, АҚШ cавдо вакили Кэтрин Тай 11 июнь куни Ўзбекистон президенти ёрдамчиси ва қизи Саида Мирзиёева билан ҳам учрашган.

Аввалроқ америкалик мулозиманинг Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев билан ҳам учрашиши, меҳнат ҳуқуқлари ва умуман инсон ҳуқуқларига ихтисослашган Uzbek Forum ташкилоти вакиллари ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан тайёрланган меҳнат ҳуқуқларини мониторинг қилувчи мутахассислар билан учрашув ўтказиши режалангани билдирилган.

12 июнь куни Кэтрин Тайнинг Самарқандга ташриф буюриб, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашиши ва шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиши кутилмоқда.

“Ҳисорак”даги авария ҳақида “фейк” тарқатганлар жазоланмоқда

"Ҳисорак" сув омборидан келаётган сув
"Ҳисорак" сув омборидан келаётган сув

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси “Ҳисорак” сув омборидаги авария ҳақида ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарлар тарқатган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 10 июнь куни Шаҳрисабз туманидаги “Ҳисорак” сув омбори ҳақида интернет тармоғида “баъзи фуқаролар ёлғон ахборот тарқатиб, одамларнинг тинчини бузиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказилишига сабабчи бўлган”.

Вилоят ИИБ мазкур ҳолат бўйича Шаҳрисабз туманида яшовчи Д.У., Н.А. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244/6-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган.

“Ҳисорак”даги вазият бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тарқатилган дастлабки расмий маълумотда сув омбори тўғонида авария содир бўлгани, бироқ сув омборига айтарли шикаст етмагани, ортиқча хавотирга ўрин йўқлиги, вазият тўлиқ назоратга олингани урғуланган.

Бу маълумот маҳаллий турғунларга етарлича таскин бермаган чоғи - сув омбори атрофида яшовчи аҳоли тунда бошқа ҳудудларга кета бошлаган. Бунинг ортидан маҳаллий расмийлар кетма-кетига сув омбори ёрилмагани ва фавқулодда вазият юзага келмагани, ҳамма нарса назорат остида экани ҳақидаги қайта ва қайта баёнотлар билан чиқа бошлаган.

Тўғондаги вазият ҳақида 11 июнь куни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ҳам “Ҳисорак” сув омбори яқинида туриб баёнот берган. Мулозимга кўра, сув омборида ҳеч қандай техноген ҳодиса юз бермаган, сув омбори эса одатий тартибда ишламоқда. Бироқ вазирнинг бу баёноти ФВВ томонидан аввалроқ тарқатилган “тўғоннинг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик техник тадбирлари вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилган”ига оид маълумотига зид эди.

Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, Ҳисорак сув омбори "штатний" режимда ишлаяпти. Бу йил об-ҳавонинг серёғин келганлиги ва кунларнинг исиб кетиб, тоғлардаги қорларнинг эриши тезлашганлиги Ҳисорак сув омборининг ён бағирларида жойлашган, ўзининг йўли билан келаётган сувларнинг бирмунча кўпайиши ҳолати сезилган. Лекин сув омборининг бирорта параметри ўзгармаган”, деган вазир Абдулла Қўлдошев.

Айни пайтда Қашқадарё вилояти ҳокимиятига яқин, бир-биридан мустақил икки манбанинг Озодликка билдиришларича, омбор тўғонида техноген ҳодиса юз берган.

Кеча туман ҳокими пахтага сув ҳайдаяпмиз, деб ёлғон айтди. Ҳеч қачон Қамашидаги сув омборига бу омбордан сув ҳайдалмайди. Бу - халқ ваҳимага тушмаслиги учун ўйлаб топилган гап. Хитойликлар сув омборидан сув тушадиган яна бир туннел қуришаётган эди. Қурилиш ишлари учун улар тоғ жинсларини бир неча марта портлатган. Ўша портлашлардан тўғоннинг бетони дарз кетган ва сув ўша ердан оқиб чиққан. Айтишларича, ҳозир ўша сув чиқаётган жой вақтинчалик ёпилган, лекин уни бутунлай мустаҳкам ёпиш учун уч-тўрт кун вақт керак экан. Ҳозир, ҳамма катталару мутахассислар шу ерда”, деган жумладан исми сир қолишини сўраган маҳаллий мулозимлардан бири.

“Ҳисорак ГЭС” УК бошқармасига қарашли “Ҳисорак” сув омбори жойлашган Мираки қўрғончасининг исми сир қолишини сўраган яшовчиси эса тўғон тарафга туни билан қориштирилган цемент ортилган машиналарнинг қатнови тўхтамаганини айтган.

Мен ўзим шу маҳаллада яшайман. Туни билан тайёр цемент қоришмаси бор, цистернаси айланиб турадиган мошиналар оқими тинмади. Менинг ўзим юзтадан ортиғини санадим. Билмадим, ичкарида нима қилишди, лекин бугун вазият тинчиди”, деган маҳаллий турғун.

Ўзбекистонликлар Қурбон ҳайити муносабати билан уч кун дам олади

Тошкентдаги ҳайит намозидан олинган лавҳа (архив сурати)
Тошкентдаги ҳайит намозидан олинган лавҳа (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорда бу йилги Қурбон ҳайити 16 июнга тўғри келаётгани, шу куни байрам ўлароқ нишонланиши қайд этилган.

Қурбон ҳайитининг биринчи куни дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш куни 17 июнь – душанба кунига кўчирилади, 18 июнь – сешанба куни барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни бўлади”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.

Қарор билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, масъул вазирлик ва идораларга муборак Қурбон ҳайитини Ўзбекистон халқининг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш, ҳайит кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида фуқароларга қулай шароит ва имкониятлар яратиш топширилган.

Ўзбекистонликлар ўтган йили Қурбон ҳайити муносабати билан қаторасига беш кун - 28 июндан 2 июлгача дам олган эдилар.

Тошкентда “Саидазиз медгородок” ва шериклари суди бошланди

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биноси
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биноси

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида 11 июнь куни соат 10 да кенг жамоатчиликка “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев ва шерикларига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бошланган.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълумотига кўра, мазкур жиноят иши Юнусобод туман суди раиси М. Мирзажонов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилади.

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар С. Саидалиев, М. Мирходжаев, Ш. Самиев, А. Акрамов, И. Сатвалдиев, Ф. Алимов, Р. Бобоназаров, Л. Шомуродов, Н. Туляганов, Ш. Қуватов, Ғ. Ўринбоев, У. Махмудов, А. Нурматов, Б. Эркинов, А. Юлдашев, С. Усмонов, Д. Умирзаков, Т. Абдумаликов, Д. Бадалов, У. Рахимов, Д. Хошаков, З. Қаюмов, Б. Муминов, Д. Юнусов, Д. Султанов, Б. Самадов, Х. Рискиев, Б. Раҳмонов ва Ё. Сотиволдиев Жиноят кодексининг 112, 165, 168, 182, 227, 228, 229, 236, 237, 238, 242, 243, 277 ва 28,211-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда”, дейилган хабарномада.

Бу эса “Саидазиз медгородок” ва шерикларининг ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, товламачилик, фирибгарлик, божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, ўзбошимчалик, тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, ёлғон хабар бериш, ёлғон гувоҳлик бериш, жиноий уюшма ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, безорилик ва пора беришда иштирок каби жиноятларда айбланаётганини англатади.

Қайд этилишича, судланаётган 28 кишига нисбатан “қамоққа олиш” ва 1 нафарига нисбатан эса “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат“ тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

“Саидазиз медгородок” ва шериклари Ўзбекистонда, хусусан пойтахт Тошкентда ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида қўлга олинган эди. Мазкур тадбирлар чоғида яна жиноят оламида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, “Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев, “Зики эски шаҳар” лақабли Лутфулла Умаров, “Бохо завхоз” лақабли Баҳодир Султонов ҳамда жиноят оламининг бошқа вакиллари ушланганди.

Ўтган ярим йил мобайнида юқорида номи зикр этилган шахслардан суд ҳукми билан Салим Абдувалиев 6 йилга, Лутфулла Умаров 6 йилу 2 ойга, Баҳодир Султонов 10 йилга қамалган. Бахтиёр Қудратуллаев ва шерикларининг суди эса ўтган ҳафтада бошланган.

Аввалроқ бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида “Бахти Ташкентский” кўчада тартиб ўрнатиш унга “давлат ташкилоти” томонидан топширилганини иддао қилган эди.

Кишанланган "кўча“ ва сочи қирилган "Бахти Ташкентский”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:37 0:00

Бу баёнот ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бунинг ортидан судга раислик қилувчи суд жараёнидан видео ва аудио ёзиб олишга чеклов киритган. Бу борада тарқатилган расмий баёнотда бу қарор “жамоатчиликда нотўғри тасаввурлар” шаклланмаслиги ҳамда “судга нисбатан ижтимоий босим эҳтимоли” туфайли олингани қайд этилиб, бунга маҳаллий қонунчилик изн бериши ва бундай тартиб халқаро амалиётда ҳам қўлланилиши урғуланган.

Айни пайтда “суднинг мазкур ажрими суд мажлисида журналист ва блогерларнинг иштирокини узил-кесил таъқиқламаслиги”га таъкидланган.

Яъни, улар жараённи бевосита кузатиши, ўзлари учун зарур қайдлар қилиб бориши ҳамда турли башорат ва тахминларга берилмаган ҳолда ахборотлар эълон қилишига монеълик йўқ”, дейилган Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарномада.

ФВВ: “Ҳисорак” тўғонида авария юз берди, аммо хавотирга ўрин йўқ

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 10 июнь куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида жойлашган “Ҳисорак” сув омбори тўғонининг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик техник тадбирлари чоғида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик қайдича, тўғондаги авария оқибатини бартараф этиш мақсадида "Ўзбекгидроэнерго" АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида вилоят ҳокими, ФВБ, ИИБ бошлиқлари ва бошқа мутасадди ташкилотлардан иборат тезкор штаб тузилиб, махсус техникалар ёрдамида барча зарур муҳандислик тадбирлар олиб бориляпти.

ФВВ сув омборига шикаст етмагани, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмагани ва ҳалок бўлмаганини билдирган.

Вазирлик хабарномасида ортиқча хавотирга ўрин йўқлиги, вазият тўлиқ назоратга олингани урғуланган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Ҳисорак” сув омбори тўғонида ёриқ пайдо бўлганига оид хабар ортидан аҳоли орасида ваҳима бошлангани, тўғон яқинидаги одамлар уй-жойларини ташлаб чиқиб кетаётганига оид хабарлар тарқай бошлаган эди.

Куз-қиш мавсумига ҳозирлик учун қўшимча 14 трлн сўм ажратилади

Ўзбекистонда бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига ўтган йилги 14 триллион сўмга қўшимча яна 14 триллион сўм ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан 10 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилган.

Президент матбуот хизмати қайдича, йиғилишда Мирзиёев буларни эълон қилар экан, “Энди “муддат кам эди, маблағ бўлмади”, деб баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дея мутасаддиларни огоҳлантирган.

Видеоселекторда президент тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг бу йил электр ва газни тежаш режаси қониқарсиз эканини, улар янада катта марра олиши шартлигини таъкидлаган. У ҳар бир ҳокимга 1 тадан туманни танлаб, электр ва газ тежаш бўйича намуна қилиш бўйича топшириқ берган. Ушбу туманларда бу йил 750 миллион киловатт электр ва 550 миллион куб метр газ иқтисод қилинишига эришиш муҳимлиги урғуланган.

Тежаш – йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт”, деган жумладан Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, куз-қиш мавсумида аҳолини иссиқлик ва ичимлик суви билан кафолатли таъминлаш учун қозонхона, қозон ва иссиқлик тармоқларини яхшилаш, сув тармоқлари ва насосларни таъмирлаш вазифалари белгиланган.

Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида Энергетика вазирлиги раҳбарларини ҳудудларга бириктиришга қарор қилинган. Вазирлик раҳбарлари жойларда ишларни ташкил қилишга ҳамда ҳар бир носозлик ва аварияларни зудлик билан бартараф этишга масъул бўлиши айтилган.

Шу билан бирга, йиғилишда йил бошидан вилоятларда 250 та авариявий ўчиш боис айрим жойлардаги истеъмолчиларга электр барқарор етказилмагани танқид қилинган. Бунга кўп қаватли уйларнинг айримларидаги электр қутилар ва ундаги симлар муддатини ўтаб бўлгани сабаб ўлароқ келтирилиб, мутасаддиларга бу борадаги камчиликларни тўлиқ бартараф этиш топширилган.

Айни пайтда ишларни энг оғир маҳаллалардан бошлаб, йил якунигача 30 минг километр тармоқ, 10 мингта трансформаторни яхшилаш вазифаси қўйилган.

Йиғилиш давомида тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари ҳам тингланган.

АҚШ элчихонаси виза бўйича янги тизимни ишга туширди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси жорий йилнинг 10 июнидан визага ариза топшириш бўйича янги тизим ишга туширилганини эълон қилди.

Элчихона матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур тизим ёрдамида мурожаатчилар виза бўйича маълумотга эга бўлиш, талаб этилган виза учун маъмурий тўловни амалга ошириш, виза бўйича суҳбат санасини белгилаш ҳамда етказиб бериш хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишади.

Визага ариза топширишнинг янгича жараёнига мувофиқ, мурожаатчи барча зарурий тўловларни суҳбатга ёзилиш қайд этилгунига қадар тўлаши керак бўлади. Мурожаатчиларга виза учун тўловни қуйидаги йўллар билан амалга ошириш имконияти берилади:

  • “Tenge Bank”нинг барча филиалларида нақд пул орқали (Тўловлар АҚШ Элчихонасида қабул қилинмайди).
  • Веб-сайтда АҚШ долларида пластик карта орқали.

Янги тизим 10 июндан бошлаб https://ais.usvisa-info.com/ веб-сайтида 2 июль ва ундан кейинги саналар учун барча ноиммиграцион виза суҳбатлари санасини белгилаш учун фаолият юрита бошлайди.

“Янги суҳбат тизими орқали суҳбатсиз визага мурожаат этиш талабларига жавоб берувчи мурожаатчилар етказиб бериш хизмати ёрдамида ҳужжатларини Консуллик бўлимига топширишлари ҳамда ҳужжатларини белгиланган тегишли бўлинмадан қабул қилиб олишлари мумкин бўлади”, дейилган элчихона хабарномасида.

Америкалик дипломатлар аввалги суҳбат тизимидан фойдаланган ҳолда июнь ойи учун суҳбат санасини белгилаган виза мурожаатчилари белгиланган санада виза суҳбатига келишлари ва виза учун тўловни бинонинг ичида суҳбатдан аввал амалга оширишлари лозимлигини эслатганлар.

“Олға, Қорақалпоғистон” Ўзбекистонда экстремистик деб топилди

Парахат Мусапбаровга нисбатан чиқарилган ҳукмга оид суд сайтидаги маълумотдан скриншот
Парахат Мусапбаровга нисбатан чиқарилган ҳукмга оид суд сайтидаги маълумотдан скриншот

Ўзбекистон Олий суди мухолифатдаги “Олға, Қорақалпоғистон” ҳаракатини “экстремистик ташкилот” деб топган ва мамлакат ҳудудида унинг фаолиятини тақиқлаган.

“Мемориал” ҳуқуқбонлик маркази Марказий Осиё дастури директори Виталий Пономарёвга кўра, суд мазкур қарорни шу йил 22 февралида чиқарган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг бунга оид хабари 6 июнь куни Туркманистон инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси (TFH) сайтида ёйинланган.

Ўзбекистон Олий суди қарорини очиқ манбалардан топиб бўлмади.

Тақиқловчи қарор борлиги ҳақида жорий йилнинг 30 майида Хўжайли туман суди томонидан олти йилга озодликдан маҳрум этилган Парахат Мусапбаров иши бўйича суд қароридан маълум бўўлган. Фаолга қўйилган айбловлар орасида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айблов ҳам бор. Ҳукм матнида Олий суднинг “Олға, Қорақалпоғистон”ни тақиқлаш тўғрисидаги қарори ҳам эслатилган.

Жорий йилнинг февраль ойи охирида қўлга олинган Мусапбаров иши, афтидан, “Олға, Қорақалпоғистон” тарафдорига бу каби айблов қўйилиши билан боғлиқ илк жиноят ишидир.

Х ижтимоий тармоғидаги Alga Qara'qalpaqstan аккаунти 7 июнь куни Ўзбекистонда “махфий суд” “Қорақалпоғистон демократик партияси” фаолиятини “экстремистик” ўлароқ тақиқлаш ҳақида қарор чиқарганини ёзди.

“Олға, Қорақалпоғистон” ҳаракати тарихи 2008 йилнинг сентябрь ойига бориб тақалади. Ҳаракат лидери Аман Сагидуллаев 2023 йил 10 майида Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш моддаси дохил мамлакат Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича сиртдан 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Сагидуллаев ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган. У Қорақалпоғистон мустақиллигига тинч йўл билан эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини қайд этган. Сагидуллаевнинг фикрича, бу айирмачилик эмас, балки мухтор ҳудудга Конституцияга мувофиқ равишда берилган ҳақ бўлиб ҳисобланади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG