Ўзбекистонда бу йилги қиш мавсумида энергетик бўҳроннинг кучайиши кутилаëтган бир пайтда¸ Вазирлар Маҳкамаси кузги-қишги мавсумда кўмир сотилишини назоратга олиш бўйича қарор қабул қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 23 октябрдаги 305-рақамли қарорига кўра, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари аҳолисини кўмир билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳукумат ҳужжатида мазкур вилоятлар аҳолисини кузги-қишги мавсумда кўмир билан узлуксиз таъминлаш ва кўмир нархининг кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик кўзда тутилган.
Мазкур вилоятларда кўмир сотиш бўйича “Ўзбеккўмир” ширкатининг ҳудудий дистрибюторлик марказлари бўлмагани сабабли кўмир нархлари асоссиз равишда вилоятдаги кўмир сотувчи ташкилотлар томонидан оширилаётгани танқид қилинади.
Ҳукумат қарорида¸ кўмир нархи сунъий оширилишининг олдини олиш мақсадида вилоятларда кўмир сотиш бўйича “Ўзбеккўмир”нинг ҳудудий дистрибюторлик марказлари ташкил қилиниши айтилади.
Қарорда ёзилишича, ҳозирда Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида бундай дистибюторлик марказлари ташкил қилинган.
Вазирлар Маҳкамаси кўмир сотилишини назорат қилишни маҳаллий ҳокимликлар, Ички ишлар Вазирлиги ва Давлат Солиқ қўмитаси зиммасига юклаган.
Озодлик мухбирининг ўрганишича, бугунги кунда мамлакатнинг айрим ҳудудларида кўмир сотилиши¸ амалга ҳукумат идоралари назоратига олинган.
Жумладан, Андижон вилояти Олтинкўл туманида яшовчи Холмат аканинг айтишича, маҳаллий ҳокимлик назорати остида бир тонна кўмир 114 минг 300 сўмдан сотилаяпти.
Суҳбатдошга кўра, айни пайтда Андижонда бир тонна кўмир “қўл”да 600 минг сўмгача сотилаяпти.
Озодлик мухбири бугунги кунда мамлакатнинг бошқа вилоятларида кўмир нархи қанчадан сотилаётганини ҳам ўрганди.
Оддий ўзбекистонликлар билан ўтказилган суҳбатлардан мамлакатнинг турли ҳудудларида айни кунларда мавжуд кўмир нархини билиб олишингиз мумкин.