Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:08

"Ўзбекистонда фаровонлик даражаси ўзгармади"



Лондонда жойлашган Легатум институти дунë аҳолисининг қарийб 96 фоизи яшаëтган, глобал ялпи маҳсулотнинг 99 фоизи ишлаб чиқарилаётган 142 давлатдаги фаровонлик вазиятига оид янги ҳисоботида Ўзбекистонни 64-ўринга қўйди.

Фаровонликнинг Лондондан кўринган манзараси

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Легатум институти 30 октябр куни эълон қилган дунё давлатларидаги Фаровонлик индексида давлатлар ўрни саккиз мезонга кўра белгиланди.

Бу мезонлар эса¸ иқтисодий аҳвол¸ тадбиркорлик билан шуғулланиш имконлари¸ давлат бошқаруви¸ маориф¸ соғлиқни сақлаш¸ хавфсизлик¸ шахс эркинлиги, шунингдек, ижтимоий капиталдан иборатдир.



Легатум институти Дастурлар директори Натан Гемстер Озодлик билан суҳбатда бу йилги "Фаровонлик индекси"да Ўзбекистоннинг ижтимоий капитал соҳасида энг яхши, давлат бошқаруви соҳасида энг ёмон кўрсаткичга эришганини айтди.

Ижтимоий капитал¸ тадқиқотчига кўра¸ одамларнинг бир-бирига ишончи, хайрия тадбирларида қатнашиши, қариндош-уруғчилик каби муносабатларини ўз ичига олади:

- Ўзбекистон ижтимоий капитал соҳасида энг яхши кўрсаткичга эришиб¸ дунё бўйича 17 ўринни эгаллаган. Айни пайтда, Ўзбекистон давлат бошқаруви соҳасида энг паст натижа кўрсатиб¸ 116-ўринни эгаллади, деди Легатум расмийси.

Натан Гемстер Фаровонлик индекси ишончли манбалардан олинган маълумотларга асосланган ҳолда бу йил олтинчи марта эълон қилинаётганини айтади.

- "Фаровонлик индекси" дунё бўйича тан олинган ишончли маълумот манбаларидан фойдаланади. Масалан, биз Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, дунё мамлакатлари аҳолиси орасида сўров ўтказадиган мустақил Галлуп каби ташкилотларнинг ишончли маълумотларидан фойдаланамиз, дейди Гемстер.

Легатум институти эълон қилган дунё давлатларидаги "Фаровонлиги индекси"да Қозоғистон 46-ўринни, Ўзбекистон 64, Россия 66, Тожикистон 86 ва Қирғизистон 88-ўринларни эгаллаган.

Озодлик билан суҳбатда Натан Гемстер "Фаровонлик индекси"да Ўзбекистон Россияга нисбатан икки поғона юқори ўринни эгаллаганига ҳам изоҳ бериб ўтди:

- Ўзбекистоннинг Россиядан юқори ўринни эгаллагани сабабларидан бири, ижтимоий капитал соҳасида яхши кўрсаткичга эга бўлганидир. Бу соҳада Россия дунё бўйича 71-ўринни, Ўзбекистон эса 17-ўринни эгаллаган. Давлат бошқаруви соҳасида иккала мамлакат ёмон кўрсаткичга эга. Бошқарув соҳасида Ўзбекистон 116, Россия эса 118-ўринга қўйилган, дейди Легатум институти расмийси.

Легатум институтининг 2010 йилги "Фаровонлик индекси"да Ўзбекистон 76, 2011 ва бу йилги рўйхатда 64-ўринни эгаллаган. Натан Гемстер буни Ўзбекистонда икки муҳим соҳада ижобий ўзгариш бўлмагани билан изоҳлайди:

- Ўзбекистоннинг "Фаровонлик индекси"да қуйи ўринни эгаллаши сабабларидан бири¸ бошқарув ва тадбиркорлик соҳасида ёмон кўрсаткичга эга бўлганидир. Тадбиркорлик ва яхши бошқарув тизими фаровон ҳаётга етакловчи икки муҳим омилдир. Агар ушбу икки соҳада кўрсаткичлар юқори бўлса, умумий фаровонлик даражаси ҳам жуда юқори бўлади, дейди Легатум институти расмийси.

Легатум институтининг 2010 ва 2011 йилги "Фаровонлик индекси"да дунёнинг 110 та давлатидаги вазият акс этган.

2012 йилги индексда дунёнинг 142 давлатидаги вазият ўз аксини топган.

Легатум институтининг 2012 йилги Фаровонлик индексига киритилган 142 давлат ичида биринчи уч ўринни Норвегия, Дания ва Швеция эгаллаган.

Афғонистон, Конго (ДР) ва Марказий Африка Республикаси фаровонлик рўйхатининг энг тубига қўйилди.


Фаровонликнинг Ўзбекистондан кўринаëтган манзараси

Легатум "Фаровонлик индекси" хулосалари юзасидан¸ Озодлик мухбири 31 октябр куни оддий ўзбекистонликлар орасида ўз кичик сўровини ўтказди.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонликлар¸ Легатум хулосасига эътироз билдиришга уриндилар:

Арслон хўжа:

- Демак, у институт одамлари Ўзбекистон тўғрисида ҳеч қанақа, нима дейди не имеет представление.

Озодлик: Сиз мана Ўзбекистонга бориб келаркансиз. Ўзингиз Москвада яшар экансиз. Москвадаги ўртача оиланинг даромади долларда неча пул?

- Битта оилада эр-хотин ишлайдиган бўлса, 35-40 мингдан оладиган бўлса ҳам, 80-90 мингга бориб қолади.

Озодлик: Қанча доллар бўлади бу?

- Деярли 3000 доллар бўлади. Ўзининг квартираси бор. Масалан, квартплатаси 5000-6000 бўлсин.

Озодлик: 3000 долларнинг қанчаси ейишга кетади?

- 800 доллар.

Озодлик: Нечта боласи бор бу оиланинг?

- Масалан битта-иккита боласи бўлса ҳам спокойно етади.

Озодлик: Энди Ўзбекистондаги ўртача оилани олиб таққослайлик.

- Ўзбекистонда 20 доллар ойлик олиши мумкин, 1000 доллар харажат қилиши мумкин. Қаердан олаëтганини улар ҳеч қайси айтмайдию.

Озодлик: Уни айтмаяпман. 1000 доллар харажат қиладигани ўртача оила эмас. Ўртача оилани айтаяпман. Масалан эри ҳам ўқитувчи, хотини ҳам ўқитувчи.

- Уларнинг шўри қурсин. Бечоралар туғилганига пушаймон. Шўринг қуригур ўзбекларнинг олаëтган ойлиги, яшаши уят. Қиëслаш ҳам қийин.


Набижон Жумаев:

- Республикамизга қараб қолган тақдиримизда ҳеч қанақа ўсиш бўлмас эди. Менинг ҳам учта фарзандим Россияда ишлаяпти. Мана қўшниларимнинг ҳаммасининг ҳеч бўлмаса битта ëки иккита боласи Россияда. Шулар ишлаб топгани ҳисобига ўзимизда биттаси деворини янгилаган, биттаси иморат солган¸ мана шунақа ўзгаришлар. Лекин шу ерда ишлаëтганларнинг аҳволи жуда оғир.

Озодлик: Демак, болалар Россияда ишлаб туиргани учун ҳаëт яхшиланаяпти оз оздан.

- Энди улар иморат солаяпти, тўй қилаяпти, уйланаяпти. Баъзи ишлаëтганлари иморат сололмаяптида энди. Жуда деворлари нураб кетган, уйлар нураб кетган, топгани еганига етмайдида.

Озодлик: Энди озгина бўлса ҳам Ўзбекистон ичида юриб тирикчилик қилиб юрганларми, айтайлик боласи Россиядан пул жўнатмасдан фақат Ўзбекистон ичида юрганларнинг озгина бўлса ҳам ўсиши борми?

- Энди бизнесменларникику жуда нима, фермерларнинг давлат режасини бажаргани, озгина бошқа экин экканлари сал ўзгариш бор. Аслида корхонада ишлаган, бошқада ишлаганлар ўзи иш йўғу ишлагани ҳам ололмаяптида иш ҳақини. Пластик карта, у ҳам ярим-ëрти беради.

Озодлик: Ҳеч бўлмаса орқага кетиш йўқми?

- Аҳоли турмуш даражаси ҳозирги талаб даражасида эмас.


Ортиқали Исломов:

- Ўтган йилгига қараганда бу йил яхши бўлди. Тўй қилдим, ўғилни уйладим.

Озодлик: Даромадингиз Ўзбекистон ичидами?

- Ҳа. Ўзбекистондан ташқарига чиқмаймиз. Тўйга болаларим иккита қўй олган эди. Огородимизда боқдик. Қўйни бозорга олиб бориб сотиб мол олдик. Кейин молни сотдик. Огородимиздаги теракларни сотдик, пул қилдик, уйда тегирмонимиз бор яна. Пенсиямиз бор.

Озодлик: Ҳаммаси ўзингизнинг саъй ҳаракатларингиз билан топган даромадларингиз эканда.

- Ҳа, ўзимиз шу ерда яшаб, шу ерда меҳнат қилиб, теракларга сув бериб, тегирмонни ҳам ўзимиз ишлатамиз.

Озодлик: Давлатдан ойлик ҳам борми?

- 200 минг мен оламан, 200 минг хотиним олади.

Озодлик: Қўни-қўшнининг ҳаëти қанақа? Уларда илгари силжиш бўлдими?

- Қўни-қўшнилар ҳам яхши. Тўй қилишаяпти улар ҳам. Ҳамма нарсалар бўлаяпти.

Озодлик: Мен сизнинг гапингиздан шундай тушунаяпман. Сиз тўй қилган бўлсангиз, қўлингизда бор мулкингизни сотиб, пулга айлантириб сарфлаб юбордингиз тўйга. Энди нима қолди ўзингизда?

- Борини сотиб тўй қилдик энди. Яна ишлаймиз. Худога шукур тегирмонимиз айланиб турибди.

Озодлик: Қанақа тегирмон у?

- Ун тегирмон. Хитой тегирмонида. Аҳолининг огородидаги буғдойлар яхши бўлса, қанча кўп буғдой келса, ўшанча даромадимиз яхши бўлади. Одамлар бой бўлса, биз ҳам бой бўламиз.

Озодлик: Одамлар бойияптими?

- Энди буғдой экканлар, меҳнат қилганлар бойияпти. Бўлаяпти. Кунда 3-4 қоп буғдой келаяпти.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:02 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG