Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:25

Шукрулло Мирсаидов оламдан ўтди


Шукрулло Мирсаидов (орқа қатор) Ислом Каримов ¸ Антолий Собчак¸ Владимир Путин¸ Адҳам Фозилжоновлар билан бирга. 1991 йил.
Шукрулло Мирсаидов (орқа қатор) Ислом Каримов ¸ Антолий Собчак¸ Владимир Путин¸ Адҳам Фозилжоновлар билан бирга. 1991 йил.
Ўзбекистон мустақиллигидан сўнг мамлакатда таъсис этилган вице-президентлик лавозимининг ягона соҳиби бўлган таниқли давлат ва сиëсат арбоби Шукрулло Мирсаидов 2 ноябр куни пешин намозидан олдин Тошкентда дафн қилинди.

Бу ҳақдаги хабарни Озодликка дафн маросимида бевосита иштирок этган Мирсаидов яқинларидан бири маълум қилди.

Унга кўра¸ 73 яшар Мирсаидов юрак хуружидан вафот этган.

1939 йил 14 февралида Ленинободда туғилган Шукрулло Мирсаидов¸ Тошкент Молия-иқтисод институтини тугатиб¸ аввалига мазкур институт¸ сўнгра Тошкент шаҳар Ижроия қўмитасида ишлади.

1985 йилда шаҳар Ижроия қўмитаси раиси¸ 1990 йил 1 ноябрида Ўзбекистон Вазирлар Кенгашининг раиси лавозимига тайинланди.

Постсовет Ўзбекистонидаги таниқли иқтисодчи ва сиëсат арбобларидан бири саналган Шукрулло Мирсаидов 1990 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистонда жорий этилган вице-президентлик лавозимига тайинланди ва мамлакат иқтисоди учун масъулиятни зиммасига олди.

Каримовнинг давлат бошқарувини авторитаризм томон бурганига норозилик тариқасида¸ 1992 йил 4 январида бу лавозимига парламент сессиясида "тиз чўкиб яшагандан¸ тик туриб ўлмоқ афзал" деган баëнот билан истеъфо берди.

Ислом Каримовнинг давлат маслаҳатчиси лавозимини қабул қилиш таклифини рад этган Мирсаидов¸ бу истеъфодан сўнг очиқ мухолифатчилик фаолиятини бошлади ва "Адолат- Ҳақ йўли" деб номланган мухолифат партияси ҳамда Ўзбекистондаги мухолиф гуруҳларни мувофиқлаштириш маркази тузди.

Бу гуруҳга ўз партиясидан ташқари "Бирлик" ва "Эрк" партиялари¸ шунингдек "Тўмарис" хотин-қизлар ташкилоти кирди.

Мирсаидовни бу фаолиятдан тўхтатиш мақсадида Ўзбекистон махфий хизматлари 1993 йилда унга қарши суиқасд уюштирди¸ молиявий жиноятларда айблаб¸ шартли жазога ҳукм қилди.

Тошкент ҳукумати ўғлини ўғирлаб кетиб¸ Мирсаидовга қарши туҳмат кампаниясини кучайтириши ортидан собиқ вице-президент сиëсий фаолиятини тўхтатганини 1998 йилда Озодлик радиоси орқали эълон қилишга мажбур бўлган эди.

Сиëсатдан кетганини эълон қилганидан сўнг Шукрулло Мирсаидов бирор марта оммавий ахборот воситалари мухбирлари билан учрашмади.

Айрим норасмий манбалар Мирсаидовнинг мамлакатдан чиқиб кетгани¸ хусусан Россия ва Қозоғистонда яшаëтгани ҳақида маълумот тарқатганига қарамай¸ Озодлик манбалари ҳаëтининг сўнггига қадар унинг Ўзбекистонда қолганини таъкидламоқдалар.

Шукрулло Мирсаидовнинг вафоти тўғрисидаги хабарни унинг яқин дўстларидан бири, тошкентлик юрист Гулнора опа Озодлик мухбиридан эшитди.

"Яқиндагина – ҳайит куни гаплашувдим у киши билан", деди Гулнора опа.

Озодлик: Ëмон хабарни мана биздан эшитдингиз. Микрофонни ëққунимча гаплашганимга икки кун бўлди, дедингиз. Қандай ҳолатда эди, саломатмиди?

- Саломат эдилар. Шукур ака билан икки кун олдин, ҳайитнинг учинчи куни гаплашдим. Соғ-саломат, яхши эдилар. Фақат “Озгина нафасим қисди. Яхшиман” деган эди. Унақа “мен касалман” дегани йўқ лекин.

Озодлик: Ўзи бардаммидилар?

- Албатта. Жуда ҳам яхши эдилар.

Озодлик: Кейинги йилларда нима билан шуғулланаëтган эди у киши?

- Кейинги йилларда уйда эдилар. “Зерикканларимда чиқиб келаман кўчага” дердилар менга.

Озодлик: Ҳеч қанақа бизнеси йўқмиди?

- Йўқ, йўқ. Менимча, ҳеч қанақа бизнеси йўқ ҳозир.

Озoдлик: Оиласи тўғрисида нима биласиз?

- Оила тўғрисида менга гапирмас эдилар. Ҳеч нарса билмайман. Унақа нарсаларни гапирмас эдилар.

Муҳожиратда яшаëтган ўзбек журналисти¸ "Дунë ўзбеклари" сайти бош муҳаррири Исмат Хушев Шукрулло Мирсаидовнинг мустақил Ўзбекистонни фаровонлик йўлига солмоқчи бўлган катта иқтисодчи ва сиëсат арбоби сифатида билишини айтади:

Исмат Хушев билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:35 0:00
Бевосита линк


Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов Шукрулло Мирсаидовнинг вафоти муносабати билан унинг бундан икки йил муқаддам номаълум шахслар томонидан калтакланганини эслади.

Журналист фикрича, Ўзбекистон раҳбарияти собиқ вице-президентнинг вафотини эътиборсиз қолдиради.

- Марҳум Шукрулло Мирсаидов кейинги пайтларда ўзи анча сояда қолаëтган, кўп ишларга аралашмай юрарди. Лекин у кишининг яқинлари билан бизлар гаплашиб турардик. Ўзлари билан баъзан учрашган пайтларимиз бўлган. Икки-икки ярим йил олдин Қозоғистон чегарасида гўë безорилар, шахси маълум бўлмаган одамлар у кишини жуда қаттиқ калтаклаб кетишган ва у киши жуда оғир тан жароҳати билан уйига келиб анча пайт даволаниб, ҳатто овқатлар ея олмасдан томоғини тешиб овқатлар бериб, шунақа бир ҳолатлар бўлган эди. Лекин нима сабабдан у одам калтакланди, ...

Абдураҳмон билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG