Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:02

АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари ўзгаришсиз қолади



Озодлик суҳбатлашган таҳлилчилар Ўзбекистон-Америка муносабатларининг 2002 йил март ойида Каримов ва Буш Оқ уйда имзолаган Стратегик ҳамкорлик шартномаси руҳида давом этишини айтмоқда.

Америка ва Ўзбекистон ўртасида Андижон қирғинидан кейин совуқлашган муносабатларнинг сўнгги уч-тўрт йил ичида яна илиқлаша бошлагани кузатилди.

Бу илиқлик Ўзбекистонда демократик қадриятлар устивор бўла бошлагани билан эмас¸ балки Вашингтоннинг Афғонистондан ўз кучларини олиб чиқишда ёрдамчи бўладиган давлатлар¸ хусусан расмий Тошкентга эҳтиёжи ортгани билан изоҳланмоқда.

2014 йил охирига қадар юз минган ошиқ Америка қўшини бу мамлакатга кейинги 13 йил давомида олиб кирилган оғиру енгил ҳарбий техникаси ¸ қурол-аслаҳалари билан Афғонистонни тарк этиши керак.

Ўзбекистоннинг стратегик жойлашиши Вашингтон учун айни мақсад йўлида ҳаётий аҳамиятга молик.



Ўзбекистонлик сиëсий таҳлилчи Фарҳод Толипов Обаманинг қайта сайланиши Америка Ўзбекистон муносабатларини у ë бу тарзда ўзгартирмаслигини айтади:

- Умуман АҚШнинг 20-асрдаги тарихи¸ бугунги кунда кўз олдимизда амалга оширилаëтган сиëсати кўрсатиб турибдики, республикачилар ва демократларнинг ташқи сиëсат борасида қарашларидаги фарқ борган сари ўчирилиб бораяпти. Уларнинг орасидаги¸ айниқса¸ стратегик даражада фарқ йўқолиб, уларнинг позициялари, уларнинг олиб бораëтган сиëсатлари бир-бирига ўхшаш бўлиб келаяпти.

Шунинг учун ҳам биз республикачилар келса, умуман сиëсат бошқача бўлади, демократлар келса, уларга қарама-қарши бўлиб бошқача бўлади¸ дея олмаймиз. Кўп ҳолатларда биз демократлардан кутган сиëсатни республикачилар сиëсатида кўрардик. Аксинча республикачилардан кутган сиëсатни демократлар амалга оширганлигининг гувоҳи бўлганмиз. Шунинг учун ҳам биз менимча ҳозирги олиб борилаëтган сиëсат кескин бурилмаса керак деб ўйлайман¸ дейди таҳлилчи.

Айни пайтда Толипов Вашингтоннинг Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқишда расмий Тошкент билан ҳамкорлик Ўзбекистонга Америка сармоясини жалб қилишда ижобий фон бўлажагини тахмин қилади.

Толиповга кўра¸ бугунги кунда Ўзбекистонда америкалик инвесторлар иштирокида ташкил этилган 240 дан зиёд корхона рўйхатга олинган.

Ўзбекистонга киритилган тўғридан-тўғри АҚШ сармояси ҳажми 2 миллиард доллардан ошганини таъкидлаган Толиповга кўра¸ Ўзбекистон иқтисодиётининг машинасозлик, металлни қайта ишлаш, энергетика, нефт ва газ қазиб олиш, кимё саноати, электр техникаси ва тоғ-кон саноати каби тармоқларига АҚШ сармояси жалб қилинган.

Америка овози радиоси ўзбек хизмати раҳбари¸ Вашингтонда истиқомат қилувчи журналист Жавдат Сайҳон АҚШ ташқи сиëсатида Ўзбекистон муҳим ўрин тутмаслигини таъкидлаб¸ Барак Обаманинг янги иқтидори даврида ҳам бу ҳолат ўзгармай қолишини тахмин қилади:

- Ҳозирги жараëнга эътибор берсангиз, Афғонистон масаласи муҳим ҳозир. Ҳозир муҳим. Лекин АҚШ ички сиëсатида Ўзбекистоннинг ўрни йўқ. Марказий Осиëни унча тушунмайди америкаликлар. Афғонистон масаласини кўтарсангиз, аскарларини чиқариб олаяпти.

Энди АҚШ ҳукумати буни амалга ошириш учун қўшни давлатлар билан ҳамкорлик қилишга ҳозир. Лекин Буш даврида рўй берган жараëн билан бугунги жараëнларни солиштириш мумкин эмас. Чунки жаҳон 10-20 йил олға кетди. Ҳозирги кунда умуман ички масала муҳим. Ташқи масалалар¸¸албатта¸ муҳокама қилинади, лекин миллий манфаат бўлганда ҳозирги айтилган қарши сўзлар бир нуқтага тақалиб қолади¸ дейди Жавдат Сайҳон.

Айни пайтда суҳбатдош Брака Обама иқтидорининг келаси тўрт йили Ўзбекистон Америка муносабатлари янада ривожланиши учун замин бўлиши эҳтимолини ҳам илгари суради:

- Ўзбекистон ҳукумати билан алоқаларни ривожлантириш имконияти бор. Обама маъмурияти буни кўраяпти. Лекин бу имкониятларнинг яна очилиши Ўзбекистон қўлида¸ АҚШ ҳукумати қўлида эмас. АҚШ ҳукумати иложи борича ҳаракат қилаяпти яқинлашишга¸ лекин Ўзбекистон ҳукуматининг ҳам ички, ҳам ташқи сиëсати сабабли бу ҳаракатлар кўп ҳам самара бермаяпти. Ўзбекистон ҳукумати бугун АҚШ ҳукумати билан алоқаларни яхшилаш ниятида бўлса, буни аниқ қилиб кўрсатиши керак. АҚШ ҳукумати, президенти бу алоқаларни ривожлантираман¸ деса ҳам АҚШ Конгресси вакилларини кўндириши керак. Шунинг учун Вашингтонда Ўзбекистон элчихонасининг фаолиятини ошириш керак¸ дейди Жавдат Сайҳон.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:53 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG