Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:13

Самарқандликлар йўқ газ учун тўловни қайтиб олмоқчи


"Самарқандшаҳаргаз" идораси газ босимининг ўта пастлигини тан олди, аммо сабабларини очиқламади.
"Самарқандшаҳаргаз" идораси газ босимининг ўта пастлигини тан олди, аммо сабабларини очиқламади.

Самарқан вилояти газ таъминоти идораси шаҳар аҳли ажратилганидан ярим баробар ортиқ газ истеъмол қилаётганини айтаётган бир кезда шаҳардаги 15 та маҳалла аҳли газ узилгани устидан шаҳар прокуратурасига қилган арзининг жавобини кутмоқда.



Самарқанд шаҳрининг Мотрид мавзесидаги 15 маҳалла аҳли шу йилнинг 16 - 21 октябр кунлари огоҳлантирилмаган равишда газнинг узиб қўйилганидан норози бўлиб, прокуратурага киритган арзининг натижасини кутмоқда.

Ўзбекистонда аҳоли ҳудудларининг газдан узиб қўйилиши, йиллардирки, мунтазам давом этиб келмоқда. Аммо, тўловлар узлуксиз ундирилган ҳолда газнинг узиб қўйилишидан норози аҳолининг уюшиб, прокуратурага арз қилиши кам учрайди.


Боғимайдонликлар 5 кунлик тўловни қайтиб олмоқчи

Gazeta.uz нашри берган хабарга кўра, Самарқанд шаҳридаги Мотрид мавзеининг "Боғимайдон-2" маҳалласида истиқомат қилувчи ўнлаб оила газнинг узилишидан норози бўлиб, шаҳар газ таъминоти идораси ва прокуратурасига арз қилган.

"Самарқандшаҳаргаз" идораси бу маҳалланинг қарздорлиги газнинг узилишига сабаб бўлганини айтган ва боғимайдонликлар қарздор қўни-қўшнилари ўрнига 4 миллион 500 минг сўмлик қарзни тўлаганидан сўнг газ яна уланган.

Аммо, газни улатиб олган боғимайдонликлар 5 кун узиб қўйилган газ учун тўлаган ҳаққини қайтиб олишга уринмоқда ва Gazeta.uz нашри берган хабарга кўра, шаҳар прокуратураси ҳаққини ундириш ҳаракатида бўлган арзчиларга уларнинг шикояти солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашувчи департаментга жўнатилганини маълум қилган.


Самарқандликлар ажратилганидан ортиқ газ ишлатмоқда

Gazeta.uz нашри хабари ортидан "Самарқандшаҳаргаз" идорасига боғланган Озодлик мухбири боғимайдонликлар арзи билан шуғулланган катта бош инженер Ўктам Туробов, шунингдек, Мотрид мавзесини газ билан таъминлашга масъул бўлган катта уста Рамис Омоновлар билан суҳбатлаша олмади.

Аммо, вилоят газ таъминоти идорасининг ўзини таништирмаган ходимларидан бири аҳоли пунктларининг огоҳлантирилмаган тарзда газдан узилиши сабабларини ойдинлаштирувчи баъзи маълумотларни берди.

Идоранинг ўзини таништирмаган ходимларидан бирига кўра, хусусан, аҳолиси сони 400 мингга яқин бўлган Самарқанд шаҳарида соатига 59 минг 500 метр куб газ узатилмоқда.

- Аслида эса белгиланган норма 36 минг 400 метр куб. Лекин ҳали қиш кирмасидан аҳоли печкаларини ёқиб олган ва шунинг учун ҳам нормадан ортиқ газ узатилаяпти, деди вилоят газ таъминоти идорасининг ўзини таништирмаган ходими.

Яъни идорадан олинган маълумотга кўра, шаҳар аҳолиси соатига белгиланган нормадан қарийб ярим баробар ортиқ газ ишлатмоқда ва бу Самарқанд шаҳрида ҳали қишки мавсумга ўтилмасидан туриб газ таъминотини оғирлаштирмоқда.

- Шу 15 ноябрлардан қишки мавсумга ўтамиз, дейиляпти. Шунда берилаётган газ миқдори оширилиши мумкин. Ҳозир газ босими кам, шунга шаҳарнинг кўп районларида газ жуда пастда, деди идора расмийси.


Газни тенг тақсимлаш мушкул

Шу кунларда аҳолиси 400 мингга яқин бўлган Самарқанд шаҳри аҳолиси ажратилганидек кунига 873 минг 600 метр куб газ ишлатиш ўрнига 1 миллион 428 минг метр куб газ ишлатмоқда.

Газ идораси расмийсига кўра, бунча миқдордаги табиий газни шаҳар бўйлаб тенг тақсимлаш мушкул ва бунинг бир неча сабаблари бор.

- Кўп жойга етиб бормаяпти газ. Масалан, 5 одамга мўлжалланган газни бир киши тортиб олаяпти, қолгани газссиз ўтирибдида. Одамлар уйига газ тортадиган насосларни ўрнатиб олган. Трубадан оқаётган газни назорат қилиш қийин, деди газ идорасининг ўзини таништирмаган ходими.

Бундан ташқари, баъзи ҳудудларда аҳолининг газдан қарздорлиги юқори бўлгани боис бутун бошли маҳаллалар газдан узиб қўйилмоқда.

- Шунча газ аҳолига кетиб ётибди, лекин унинг пуличи?! Пули етиб келмаяптида?! деди газ идораси расмийси.


Муаммо газ босимини пасайтириш орқали яширилмоқда

Самарқанд вилояти газ таъминоти идорасидан олинган маълумотга кўра, шаҳар аҳолиси кунига белгиланган 873 минг метр куб ўрнига, 1 миллион 428 минг метр куб газ истеъмол қилаётганига қарамай босим ҳануз пастдир.

Мутахассислар Ўзбекистонда газ босими аҳолининг ортиқча истеъмолини имкон қадар қисқартириш мақсадида пасайтирилишини айтиб келадилар.

Муқаддам газ таъминоти идораларида ишлаган Умархон Умурзоқов газ таъминоти системасидаги муаммоли вазиятни қисман шарҳлар экан, босимнинг пастлиги аслида Самарқанд шаҳри учун соатига 59 минг 500 метр куб ҳажмида узайтилаётган газ ҳам оз эканидан дарак, деб ҳисобламоқда.

- Демак, бу ҳам кам аслида. Агар расман айтилгани каби 45 миллиард метр кубга яқин газ биринчи навбатда аҳолига узатилганда эди, ортиб ҳам кетарди. Аммо, Ўзбекистонда газ таъминоти қоидаси бузилади ва биринчи галда, саноатчилар олади. Улар орасида ҳам қўли узунлари бор, аҳоли ҳиссасини тортиб олаётганлари бор. Аҳоли арзон тўлайдида газ учун, шунга, дейди Умархон Умурзоқов.

Қуйида Умурзоқов билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:34 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG