Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 09:42

Россия олийгоҳларига ўқишга кириш тартиби қандай?


OzodJavobнинг бугунги сонида Ўзбекистон фуқароларининг Россия олийгоҳларига ўқишга кириш тартиблари борасида суҳбатлашамиз.



Челябинск вилоятида ишлаётган андижонлик Нозим ака ўғлини Москвада ўқитиш режаси борлигини айтиб, ўзбекистонликларнинг Россия олийгоҳларига ўқишга кириш тартиблари билан қизиқди.

"Ўғлим бу йил коллежни тугатаяпти. Ўқишга кириши учун пул йиғаяпман. Шу Москвада ўқитсам дегандим. Лекин Россия институтларига ўзбекистонликлар қабул қиладими? Агар қабул қилса, қандай ҳужжатлар топшириш керак? Ўқиш нархи қанча бўлиши мумкин? Илтимос OzodJavob орқали шу саволларга ойдинлик киритсангиз" дея сўради Нозим ака Озодликка электрон мактуб йўллаб.

Биз бу саволларга жавоб топиш мақсадида Россия Таълим ва фан департаментига мурожаат қилдик. Департамент мутахасиси Борис Железовнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон фуқаролари Россия олийгоҳларига учта йўл орқали ўқишга киришлари мумкин.

Биринчиси, тижорат йўли билан ўқиш:

Железовга кўра, Россия олийгоҳларининг нузуфидан келиб чиқиб, институт-университетларда ўқишнинг бир йиллик нархи 2500 АҚШ долларидан 15000 долларгачани ташкил қилади.

- Бир йиллик ўқишнинг ўртача нархи олийгоҳларга қараб, 2500 доллардан 10000-15000 долларга дейиш мумкин. Нарх олийгоҳларнинг дастуридан келиб чиқади. Уларнинг ўзи белгилайди ўқиш нархини. Иқтисодиёт олий мактаби, Москва давлат университетларида ўқишнинг бир йиллик нархи тахминан 15 минг долларгача. Ўзбекистон фуқаролари тижорат йўли билан ўқишни хоҳласа ўзлари танлаган университет белгилаган нархни тўлаб бемалол ўқишлари мумкин,- деди Железов.

Иккинчиси, бюджет ҳисобидан ўқиш:

Железовга кўра, Россия қонунчилиги белгилаган тамойилларга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Россия олийгоҳларига бюджет ҳисобидан ўқишга кириш ҳуқуқига эга.

- Россияда “Ватандошлар” дастури бўлиб, унга кўра, ўзбекистонлик фуқаронинг ўзи ёки ота-боболари аввал Россия ёки СССР фуқаролари бўлган бўлса, улар Россия олийгоҳларига бюджет ҳисобидан ўқиш учун ҳужжат топширишга ҳақли. Лекин улар имтиҳон тошпиришлари шарт бўлади. Агар Ўзбекистон фуқароси “Ягона давлат имтиҳони”ни мувафаққиятли топширган бўлса, Россия олийгоҳларига муаммосиз қабул қилинади. Лекин “Ягона давлат имтиҳони”ни топширмаган бўлса, университетга имтиҳон топшириши шарт. Ҳар бир университет қабул жараёнини ўзи белгилайди ва шундан келиб чиқиб олийгоҳларда алоҳида имтиҳонлар ўтказилади. Бу ҳолатда Ўзбекистон фуқаролари худди россияликлар билан бир хил ҳуқуқга эга бўлади. Агар имтиҳонларни яхши топширса, бепул ўқиш имконини қўлга киритади. Ўзбекистон билан Россия ўртасида виза жорий қилинмаган. Ўзбекистонликлар бемалол келиб, Россияда имтиҳон топширишлари мумкин,- дейди Железов.

Учинсиси, квота орқали ўқиш:

Железовнинг айтишича, Россия ҳукумати мамлакат олийгоҳларида бепул ўқиш учун Ўзбекистон фуқароларига ҳар йили 300-320 ўринга квота ажратади.

- Россияда ҳукуматнинг 638-қарори бор. Ҳукуматнинг мазкур қарорига мувофиқ Россия олийгоҳларида бюджет ҳисобига ўқиш учун хориж давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга квота ажратилади. Бу ҳолатда Ўзбекистон фуқароси ўз мамлакатидаги Таълим вазирлигига мурожаат қилиши лозим. Вазирлик унга тавсиянома беради. Кейин Россия муассасалараро комиссияси сиртдан танлов ўтказади. Танловдан кейин Ўзбекистон фуқароси Россия олийгоҳларидан бирида ўқиш ҳуқуқини қўлга киритади. Квота деярли барча университетларга берилади,- деди Железов.

Мутахасиснинг айтишича, айрим ҳолатларда университетга квота берилгач, олийгоҳ ходимларининг ўзи танлов ўтказади.

- Университетлар Россия Таълим ва фан вазирлигидан хорижлик фуқароларни қабул қилиш учун аввало квота олади. Бу бюджет ҳисобида ўқиш учун ажратилган квоталардан ташқари алоҳида махсус квота. Бу хорижликлар яъни собиқ ватандошлар учун. Айрим университетларнинг ўзи махсус танлов эълон қилади. Агар Ўзбекистон фуқароси бу танловда ўта олса, у Россия олийгоҳида бепул ўқиш имконига эга бўлади. Шунингдек, у стипендия ҳам олиши мумкин. Бунда улар учун алоҳида тартиб. Агар россиялик талаба уч баҳога ўқиса, кам миқдорда стипендия олиши мумкин. Лекин квота асосида ўқишга кирган ўзбекистонлик талаба баҳоси паст бўлса ҳам унинг стипендиясининг миқдори ўзгармайди,- дейди Железов.



Бугунги кунда Россия олийгоҳларида 3200дан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олаяпти.

Айни пайтда Ўзбекистонда ҳам Россиянинг учта олийгоҳи – Г. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академияси, М. Ломоносов номидаги Москва давлат университети ва И. Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университетларининг бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.

Азиз муштарий агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:59 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG