Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:06

Чодир хаëл - ўзбек театр санъатининг тамали



Озодликнинг санъат ва маданият янгиликларидан ҳикоя қилувчи эшиттириши нега "Чодирхаëл", деб аталади? "Чодир" билан "Хаёл" ўртасида қандай боғлиқлик бор?

Бу савол миллий санъатимиз тарихига бир назар ташлашга баҳона бўлди.


Озодликнинг ëш тингловчиларидан икки нафари бизга хат йўллаб? “Чодирхаëл”дастурини севиб тинглашларини билдирган.

Айни пайтда улар эшиттириш нега айнан “Чодирхаëл”, деб номланишига қизиққан.

Мактублардан бирини айнан келтирамиз.

"Ассалому алайкум! Саволим бор эди: Чодир хаёл деган передачангиз бор, жуда яхши, мазмунли, лекин номи сал ғалатирок, Чодир палатка, хаёл эса нима экани тушунарли, лекин Палатка хаёл нимани англатада? Шунга изох берсангиз". (Муаллиф имлосини сақладик)

Тингловчимиздан келган саволга жавоб беришдан олдин дастур тарихига оид баъзи тафсилотларни келтирсак.

2003 йилда Озодлик радиоси ўзбекча дастурида маданият рукни очишга қарор қилдик. Театр, кино, рассомлик ва мода ҳақидаги эшиттиришни қандай номлаш ҳақида ўйландим.

Аввалига “Маданият боғи” деб номламоқчи бўлдик. Аммо бу ном русча "Парк культуры" иборасидай ўйноқи маъно, вазминроқ юк ташимаганини ҳис қилиб, бошқа ном изладик.

Ўша пайтда швейцариялик ëзувчи аëл Элла Маиларт (Ella Maillart)нинг “Туркистоннинг ëлғиз қўшиғи” (“Turkestan Solo”) асарини мутолаа қилаëтган эдим.

1930 йилда Тошкент, Самарқанд ва Бухорога қилган сафарномаси ўлароқ ëзилган бу асарда Тошкент бозорларидаги театрсимон томошалар тафсилоти бор.

Элла Маиларт Тошкент бозорида Чодир хаëл деб аталган томошани 1930 йилда ўз кўзи билан кўрганини ëзади.

Чорчўпга тортилган матонинг бир томони машъала билан ëритилиб, юпқа тахтадан кесилган фигураларни икки одам экран узра ип билан ўйнатиб турган.

Санъат тарихида "соя театри", деб юритиладиган Чодир хаëл Ўзбекистондаги театр, кино ва анимация санъатининг бошланғич нуқтаси сифатида кўрилади.

Ўзбек совет ëзувчиси Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи қахрамони Мирзакаримбой "жадидлар қўйган театр томошасидан кўра сомон бозоридаги чодир хаëл яхшироқ" дейди.

Хуллас, ўзбеклар маданиятининг турли қирраларини ëритадиган эшиттириш номи “Чодирхаëл” дея танланди.

2003 йилдан бери “Чодирхаëлнинг” беш юзга яқин сони эфирга узатилди.
Эшиттиришнинг¸”Камалак”,”Сомон йўли”, “Таниш қўшиқлар”,”Дилхирож” каби саҳифаларида Ўзбек маданиятининг йирик вакиллари (уларнинг кўпи хозирда марҳум) билан суҳбатлар эфирга узатилди.

Чодир хаëл ҳозир ҳам Ўзбекистонда бор

Ўзбекистондаги қўғирчоқ театри бундан 84 йил олдин ташкил қилинган бўлиб Марказий Осиëда биринчи ҳисобланади.

Тошкентдаги қўғирчоқ театр директори Равшан Исроилов Озодлик билан суҳбатда қадимий Чодир хаëл анъаналари ҳануз давом этаëтганлигини билдириб бу санъат тарихига тўхталди:

-Бизда “қўғирчоқ ўйин” деб юритилувчи қўғирчоқ театрининг қўлда кийиб ўйнатиладиган, ип билан бошқариладиган ва соя тушириладиган турлари қадимдан мавжуд бўлган. Булар “Чодир жамол” ва “Чодир хаёл” деб аталган¸ деган суҳбатдош бу анъананинг кейин ҳам давом этганига эътибор қаратди:

-Ўзбек қўғирчоқ труппаси 1935-йили Икромов номидаги Маданият ва истироҳат боғида "Чодир хаёл" томошасини намойиш этган эди. Пўлатжон Дониёров ва бир неча қўғирчоқбозлар иплар билан бошқариладиган қўғирчоқлар спектаклини томошабинларга тақдим этган ва уларда катта таассурот қолдирган эди, дейди Равшан Исроилов.

Қўғирчоқбозлар гуруҳи Ўрта Осиёнинг чанг-тўзон йўлларида на иссиқ, на совуқ демай, гоҳ араваларда, гоҳ пиёда қишлоқма-қишлоқ кезиб, карвонсаройларда, гавжум бозорларда, майдонларда томошалар кўрсатиб юрган.

Тошкентдаги қўғирчоқ театри директори Равшан Исроиловга кўра, Ўзбекистондаги бундан 100 йил олдинги қўғирчоқ ўйинларининг қаҳрамонлари ўткир масхарабоз, довюрак Полвон Качал ва унинг ҳамроҳи енгилтак, хипчабел Бижихоним, толмас ва ҳозиржавоб Ясовул, маймун ўргатувчилардан иборат бўлган.

Улар ўша давр жамиятида мавжуд бўлган нуқсонлар устидан кулишган, алданган ва хўрланган инсонларни мардона ҳимоя қилишган.

Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида қўғирчоқбозларнинг хонларни масҳаралагани ҳақидаги саҳна бор.

Бу саҳна “Ўткан кунлар”романи асосида суратга олинган илк филмдан ҳам ўрин олган.

Хонлар танқид қилинган саҳналар Совет даври мафкурасига мос келгани боис алоҳида эътиборга эга бўлди.

1937 йили Москвада бўлиб ўтган ўзбек санъати декадасида драматург Собир Абдулланинг “Салтанат” асари асосида қўғирчоқ театр спектакли кўрсатилган.

Томоша ўша давр мафкураси талабларидан келиб чиқиб Қўқон хони Худоёрхоннинг чиркин хаёти, сарой иллатлари ҳақида ҳикоя қилади.

Ҳозирги кунда бу спектаклдан ўрин олган қўғирчоқлар Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланади.

Айниқса, қўғирчоқбоз Пўлатжон Дониёровга оид қўғирчоқлар бугунги мунаққидлар назарида санъат асари, деб ҳисобланади.

Тошкентдаги қўғирчоқ театри директори Равшан Исроиловнинг Озодликка айтишича, театрнинг бугунги репертуари мафкурадан ҳоли тарзда фақат болаларнинг кўнглини очишга қаратилган.

Айни кунларда театрда “Семурғ”, “Оҳ, бу Насриддин”, “Сирли ўғрилик” каби асарлар намойиш қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG