Линклар

Шошилинч хабар
10 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:15

Ажрашиш тартиби қандай?


OzodJavobнинг бугунги сонида Ўзбекистонда эр-хотиннинг ажрашишига доир тартиб-қоидалар борасида суҳбатлашамиз.



Москва шаҳрида беш йилдан буён яшаб ишлаётган жиззахлик 28 ёшли Шомурод OzodJavobга мурожаат қилди ва Жиззахда яшаётган рафиқасидан ажралиш ниятида эканини айтиб, Ўзбекистонда ажрашиш тартиблари қандайлиги билан қизиқди.

“Мен Москвада Наташа исмли бир қиз билан танишдим. Унга уйланмоқчиман. Лекин Жиззахда хотиним ва бир қизим бор. Хотинимни ҳеч қачон яхши кўрмаганман. Ота-онамнинг истаги орқасидан уйланганман. Ҳозир Наташани севаман. Хотинимнинг бундан хабари бор. Қонун йўли билан ажралмоқчиман. Лекин ажралиш йўлларини билмайман. Ажралсам қизимга пул жўнатиб тураман. Ташлаб қўймайман. Илтимос ажралиш йўлларини тушунтириб берсангиз” дея мактуб йўллади Шомурод.

Озодлик мухбирининг ўрганишича, Ўзбекистоннинг амалдаги қонунларига кўра, эр-хотиннинг ажралиши бир неча босқичдан иборат.


Биринчи босқич:

Турли сабабга кўра, ажрашишга аҳд қилган оила дастлаб ўзи яшаётган маҳалла қўмитасига ариза топширади.

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги маҳалла қўмиталаридан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз фаолига кўра, ариза топширилгач, эр-хотинга уч ойлик муддат берилади ва бу муддат мобайнида “Яраштирув комиссияси” ариза топширган оила билан махсус шуғулланади.

- Биринчидан, ë эрининг ëки хотинининг аризаси керак. Эри ариза берса, хотинининг розилиги, хотини берса, эрнинг розилиги хатга ëки алоҳида ëзиш керак ëки ўша хатини ëзган аризага менинг қаршилигим йўқ деган нимани беради. Кейин биз уларни чақирамиз. Чақириб, яраштиришга ҳаракат қиламиз. Ота-оналари билан гаплашамиз. Ота-оналарини ҳам чақирамиз. Келишмовчиликлар ҳаммасини ҳал қилиб кейин биз муддат берамиз. Уч ой бериш мумкин, бир ой бериш мумкин. Шундайлар бўладики, энди бўлмайди деб туриб олса, кейин биз бошқа бўлмас экан, деймизда нима қиламиз. “Яраштириш комиссияси” орқали хулоса ëзиб берилади. Ҳеч бўлмади, бўлмайдиганга ўхшайди, у ëғини суд ўзи ҳал қилсин деб хулоса берамиз,- дейди маҳалла фаоли.


Иккинчи босқич:

Фарғона шаҳар Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимларидан бирининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, маҳалла қўмиталари эр-хотинни яраштира олмаса, ариза Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) идораларига ёки Фуқаролик ишлари бўйича судларига оширилади.

- Ўртада фарзандлари бўлмаса ëки фарзандлари вояга етган бўлса, бу ФҲДË томонидан ажрим қилинади. Вояга етмаган болалари бўлса ëки низолари бўлса, суд кўради. Фарзандлари йўқ, лекин мулкий низолар бор ўртада, мулкий низо бўлса ҳам суд тартибида бўлади,- деди суҳбатдош.

Фарғонадаги ФҲДЁ ходими эр-хотиннинг ажрашишини ФҲДЁ идораларида кўриш тартибини шундай тушунтирди:

- Паспортлари билан мурожаат қилишади. Никоҳ қоғозлари билан келиб ариза ëзишади. Уч ойлик муҳлат қўйилади. Ариза берган кундан уч ойдан кейин ажрим қилинади. Бизга иккаласи ўз розилиги билан келиб ариза ëзсагина ажрим қиламиз,- деди ФҲДЁ ходимаси.

Тошкентдаги Фуқаролик ташаббусини қўллаш маркази юристи Гулнора Эшонхоновага кўра, ажралишни Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриш жараёни ҳам эр-хотиндан бирининг ариза билан мурожаатидан сўнг бошланади.

- Ариза ëзиш керак, даъво аризаси бўлади никоҳни бекор қилиш тўғрисида. Судга уни топшириш керак. 10-15 кунларда иш тайинланади қайсиямдир числога. Ўшанда тарафларни чақирганда шунақа даъво ариза тушди деб жавобгарга битта нусха даъво аризаси қўлига топширилади. Масалан у кейинчалик иш бир кунга тайинланган куни иккала тараф хоҳласа, адвокати билан судга келиб қатнашади. Шунда даъвогар ўзининг даъвосини қўллаб-қувватлаб, важларини келтиради. Бунга, масалан, жавобгарнинг эътирози бўлади, қўшиладими, ўзининг фикрини ҳам айтади. Мабодо даъвогарга нисбатан қарши даъвоси бўлса, у ҳам ëзма равишда қарши даъвони топшириш ҳуқуқига эга. Унда, мен, масалан, тайëргарлик қилишим керак даъво бўйича суд мажлисини бошқа кунга қолдирнглар дейишга ҳақли. Кейин иккала тараф даъвосини яхшилаб ўрганиб бўлгандан кейин судга келиб охирги фикрларини айтишади,- дейди юрист.

Гулнора Эшонхонованинг айтишича, суд эр-хотинга ажралиш ҳақида ўйлаб кўриш учун 6 ойлик муддат беради.

- Суд оилани сақлаб қолишнинг иложи йўқ деган хулосага келгандан кейингина ажратиш мумкин. Лекин ўшанда ҳам олти ойгача сақлаб қолиш учун муддат берилади. Агар оилани барибир сақлаб қолиш керак деган фикрга келадиган бўлса, олти ой ўтиб бўлгандан кейин яна ҳам даъвосини рад этиши мумкин. Қонун бўйича шунақа. Лекин тарафлар хоҳласа буни аппеляция тартибида шикоят келтиради 20 кун ичида. Ëки бўлмаса яна олти ой ўтгандан кейин судга мурожаат этиб, “Мен иккинчи маротаба судга мурожаат қилаяпман. Биринчи марта менга ярашишга олти ой муҳлат беришган эди. Биз ярашмадик. Ҳозир иккинчи маротаба бераяпман судга” деб шунақа нималари бор. Ҳеч ҳам иложиси йўқ деган хулосага келса, иккла тарафнинг ҳам хоҳиши йўқ, ҳаракати ҳам йўқ дегандан кейин ўша хулоса билан ажратиши мумкин,- дейди Тошкентдаги Фуқаролик ташаббусини қўллаш маркази юристи Гулнора Эшонхона.

Демак ажралиш учун камида 9 ойлик муддат керак бўлади.

Ўзбекистон “Оила” кодексининг “Никоҳнинг тугатилиши” бўлимида қайд қилинишича, агар “содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъий назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра¸ улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади”.

Ўзбекистон қонунларига кўра, мамлакатда эр-хотиннинг ажрашиши бепул эмас. Ўтган йилнинг 1 декабридан бошлаб қонунда белгиланган давлат божи миқдори 10 фоизга қимматлади.

- Давлат божи энг кам иш ҳақининг 150 фоиз миқдорида белгиланган бўлиб, 94 минг 380 сўм бўлди. Бундан ташқари гувоҳномалар учун герб йиғими учун 12584 сўм тўланади. Лекин суд харажатлари бунга киритилмаган, деди Тошкентдаги Чилонзор туман ФҲДЁ бўлимининг ўзини таништирмаган ходимаси.

2012 йилнинг 3 чорагида 189,3 мингта никоҳ ва 13,9 мингта ажралиш қайд этилган. Ажралишларнинг энг катта қисми Тошкент (2,8 минг) ва Тошкент вилоятига (1,7 минг) тўғри келмоқда.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён мамлакатда тўрт миллионга яқин никоҳ рўйхатдан ўтказилди.

Ўтган йилнинг биринчи ярмида 9 минг оила ажрашган ва бу рақам 2010 йилнинг шу даврига нисбатан анча кам.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:53 0:00
Бевосита линк


Азиз муштарий агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG