Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:15

Қирғизистонга муҳожирлар 1,6 миллиард доллар пул жўнатди


Қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг ватанига юбораётган пул жўнатмалари ялпи ички маҳсулотнинг 29 фоизини ташкил этди. Қирғизистон меҳнат муҳожирларининг пул жўнатмалари рейтингида дунёдаги учинчи ўринни эгалламоқда.

Жаҳон банкининг меҳнат муҳожирлари пул жўнатмалари юзасидан эълон қилган янги ҳисоботида айтилишича, 2012 йилда муҳожирлар ўз ватанларига 406 миллиард доллар жўнатишар экан. 2015 йилда бу кўрсаткич 543 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Ҳисоботда айтилишича, 2011 йилда қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари ватанларига 1, 6 миллиард доллар, яъни ялпи ички маҳсулотнинг 29 фоизига тенг миқдорда пул жўнатган. Бу эса дунёдаги ривожланиш йўлига ўтаётган давлатлар орасидаги учунчи кўрсаткичдир. Пул жўнатмалари юзасидан Тожикистон биринчи ўринда. Бу мамлакатга ялпи ички маҳсулотнинг 47 фоизи миқдорида пул жўнатилган. Иккинчи ўринни эса 31 фоиз кўрсаткич билан Либерия эгаллаган.

Қирғизистон Миллий банкининг маълум қилишича, пул жўнатмаларининг 90 фоизи Россиядаги қирғиз меҳнат муҳожирлари томонидан юборилган.

-Айниқса сўнгги уч ой ичида ташқарига жўнатилган пул миқдоридан мамлакатга жўнатилган пул миқдори кўп бўлди. Қирғизистонга кўп пул жўнатилади. Пуллар асосан Россиядан юборилади, -деди Миллий банк расмийси Чинара Рисбекова.

Маҳаллий экспертлар Қирғизистонга меҳнат муҳожирлари жўнатаётган пул миқдори Жаҳон банки қайд этган рақамдан анча кўп эканини айтадилар.

-Қирғизистонга Жаҳон банки ҳисоботида кўрсатилган рақамдан камида 1 миллиард доллар кўп маблағ жўнатилади. Муҳожирларнинг кўпи пулларини танишлар ва бошқа норасмий йўллар орқали қариндошларига етказишади, - деди парламент депутати Замир Бекбоев.

Экспертларга кўра, келаси йилларда қирғизистонлик меҳнат муҳожирларидан олинаётган пул жўнгатмалари миқдори янада кўпаяди. Бунга иш излаб Қирғизистонни тарк этаётганлар сони кўпайиб бораётгани асосий сабаб бўлади. Экспертларнинг айтишларича, бугунги кунда Россиянинг ўзидагина бир миллионга яқин қирғизистонлик меҳнат муҳожири бор. Бу эса мамлакатдаги меҳнатга яроқли аҳолининг учдан бир қисмини ташкил қилади.

Халқаро экспертлар эса 2015 йилгача Қирғизистондан яна 500 минг одам хориж давлатларига иш излаб кетишини тахмин қилмоқдалар. Таҳминларга кўра, оддий ишсизлар билан бир қаторда мамлакатни тажрибали, малакали мутахасислар ҳам тарк этиши мумкин.
XS
SM
MD
LG