Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:01

KEGOC “Независимая газета”нинг хабарини инкор этди


Ўзбекистоннинг Қозоғистондан электр энергиясини руҳсатсиз олиши икки давлат ўртасидаги мунозараларга сабаб бўлиб келади.
Ўзбекистоннинг Қозоғистондан электр энергиясини руҳсатсиз олиши икки давлат ўртасидаги мунозараларга сабаб бўлиб келади.

26 ноябр куни Россияда чоп этиладиган “Независимая газета” “Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш компанияси” (KEGOC) нинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош менежери Марат Мухамеджановга таяниб “Ўзбекистон Қозоғистонга электр энергиясини лимитдан ташқари олгани учун 15 млн доллар миқдорида жарима тўлайди”, деб хабар қилди.

Тилга олинган расмий Озодлик саволларига жавоб берар экан, газета хабарини рад этди ва айнан мана бундай деди:

-Йўқ, бу информацияни тасдиқмайман. Менимча, бу менинг ўтган йили айтган гапларимдан олинган иқтибос бўлса керак. Бу иқтибосни бир йўл ўтгач, яна ишлатишганга ўхшайди. “Независимая газета”даги ҳурматли ҳамкасбларингиз менга мурожаат қилгани йўқ. Мен уларга бундай деган эмасман, деди Марат Мухамеджанов.

Лекин унинг айтишича, бу эътироф Ўзбекистон Қозоғистондан бу йил лимитдан ташқари электр энергияси олмаяпти, дегани эмас.

Ўзбекистон Қозоғистондан ноябрда берухсат олган электр энергия билан 35 миллионта совутгични бир-кеча кундуз ишлатиш ёки аҳолиси 5,5 миллион кишилик мамлакатни бир кеча-кундуз энергия билан таъминлаш мумкин. Бу ҳисоб-китобни “Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш компанияси” (KEGOC) расмийсидан олинган маълумотни тасаввур қилиш осонроқ бўлсин учун қилдик. Ўзбекистон аҳолиси ўз турмушида сезаётган энергия тақчиллиги бу мамлакатнинг ўз қўшнилари билан алоқаларида ҳам яққол сезилиб бормоқда.



KEGOC компаниясининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош менежери Марат Мухамеджановнинг айтишича, Ўзбекистон Қозоғистондан ноябрда берухсат олган электр энергиясининг шартномада назарда тутилмаган қисми якунига етаётган ойда 35 млн. квт/соатга етган.

“Шартномадан ташқари истеъмол” нима?

Ўзбекистон Қозоғистон билан энергия олди-бердисининг муайян муддатга белгиланган жадвалини тузади. Кейинги йилларда Ўзбекистон ўзи ишлаб чиқараётган энергия етишмаётгани сабабли Қозоғистондан жадвалда белгилаб қўйилган ҳажмдан кўпроқ энергия олишга мажбур бўлмоқда. 25 ноябргача бу ҳажм 35 млн. квт/соатга етди.

Ҳар мавсумда шу бўлар такрор

KEGOC вакили Марат Мухамеджановга кўра, 2011-2012 йилларнинг куз-қишида Ўзбекистон Қозоғистондан 35 миллион долларлик шартномадан ташқари электр энергияси олган.

Натижада икки давлат ўртасида тегишли икки ҳужжат имзоланиб, Ўзбекистон қарзни деярли тўлаб бўлган. “Тошкентнинг зиммасида шу кунда 500 минг долларли қарз бор холос”, деди Марат Мухамеджанов.

Ўзбекистонни “тартиб бузишга” нима мажбур қилмоқда?

KEGOC вакилининг айтишича,

- Муаммонинг илдизи мазут ва газ каби электр энергияси ҳосил қилиш манбалари тақчиллигидадир, деди Марат Мухамеджанов.

Унинг айтишича, Ўзбекистон назарий жиҳатдан ўзини ўзи энергия билан таъминлай олади, бироқ амалда бундай бўлмаяпти.

“Ўзбекистон Ўрта Осиё ягона энергия тизимидан чиққани йўқ”

Расмий Тошкентнинг 2009 йилги баёнотига зид бу гапни ҳам KEGOC вакилидан уқдик.

Марат Мухамеджановнинг фикрича, энергия айирбошлашдаги муаммоларни ҳал қилиш учун минтақа мамлакатлари бу соҳада ягона тизимдан чиқиб, мустақил бўлиб олишлари ва шундан сўнг муносабатларни қайта тиклашлари керак.

Бу гапдан сўнг “ахир Ўзбекистон тизимдан чиққани тўғрисида расман баёнот берган эдику”, деб сўрадик.

- Энергетика соҳасида Ўзбекистон Тожикистон билан алоқаларни узган, лекин Ўрта Осиё ягона энергия тизимидан амалда чиққани йўқ, деди KEGOC вакили.

“Ўзбекэнерго” нима деди?

Ҳозирча, ҳеч нима.

Юзага келган вазият юзасидан компания матбот котиби саволларимизга жавоб бероллмаслигини “ишга яқинда келгани ва шунинг учун вазиятдан яхши хабардор эмаслиги” билан изоҳлади.

Айни пайтда

Ўзбекистон Қозоғистонга етказадиган газ ҳажми қисқарди

Бу хабар Қирғизистон орқали етиб келди. Айтилишича, Ўзбекистон Қозоғистонга етказиб берадиган газнинг босими пасайиб кетгани сабабли, Қозоғистон ўз навбатида Қирғизистонга ўтказадиган газ ҳажмини қисқартирган.

“Қирғизгаз”давлат корхонаси матбуот котиби Жайнагул Максимовнинг айтишича,
Қирғизистоннинг соатига 55 минг куб метр газга эҳтиёжи бор. Қозоғистон газ узатишни қисқартирганидан сўнг соатига 41 минг куб метргина олмоқда.

Натижада Бишкек, Тўқмоқ, Қант шаҳарларидаги баъзи корхоналар ҳамда баъзи туманлар газсиз қолган.

“Қирғизгаз” вакилига кўра, газ ҳажмининг пасайиб кетишини томонлар совуқ тушгани сабабли конларда босим тушиб кетгани билан изоҳлаган.

Ҳаво босимни туширадиган даражада совугани йўқ

Энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича қирғизистонлик эксперт Расул Умбеталиевнинг айтишича, совуқ туфайли босим тушиб кетиши тўғрисида ҳаво ҳарорати -35 даражадан пасайгандагина сўз юритиш мумкин.

Гап газда эмас, гап - электрда

Бас, шундай экан, дейди Расул Умбеталиев, газ ҳажмининг қисқартирилиши Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг Қирғизистонга сиёсий босимидир, гап, аслида электр энергияси устида, томонларнинг Ягона энергетика тизимидаги ўзаро муносабатлар устида кетаяпти.

- Бултур берганмиз электр энергияни. Электр энергия етмаяпти. Бу йил Ўзбкистон билан Қозоғистон биздан талаб қилаяпти. Мажбур қилаяпти. Электр энергия беринглар, биз газ берамиз деб ултиматум қўяяпти. Бу йил Қирғизистоннинг экспорт қилишга кучи йўқ, дейди Расул Умбеталиев.

Қирғизистонлик эксперт Расул Умбеталиевнинг айтишича, ўтган йили Қирғизистоннинг Тўқтағул сув омборида 19 миллиард куб метр сув бўлган ва шунинг учун энергия кўпроқ ҳосил қилиниб, бир қисми Ўзбекистон ва Қозоғистонга етказиб берилган эди. Бу йил эса, омбордаги сув 2 миллиард куб метрга оз ва шундан келиб чиқиб, бултурги ҳажмда энергия ишлаб чиқаришнинг иложи йўқ.
XS
SM
MD
LG