Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 21:05

Хорижлик машинасида Ўзбекистонга қандай келади?


Тожикистоннинг Сўғд вилояти Хўжанд шаҳрида яшовчи Шокир Хосбердиев келаси ойда Ўзбекистондаги қариндошлариникига шахсий машинасида меҳмонга боришни режалаштираяпти.

Шокир Хосбердиев OzodJavobга мурожаат қилиб, ўз машинасида Ўзбекистонга кириш тартиблари қандайлиги билан қизиқди.

- Ака-укалар, қариндошлар бари Ўзбекистонда. Мен Тожикистон фуқаросиман. Ўзбекистонга ўзимнинг шахсий автомашинамда борсам бўладими, йўқми? Агар бориш мумкин бўлса, нархи қанча бўлади? Қанча бож тўлаш керак? Яна бошқа қандай тўловлар бор? Шуларни билиб берсангиз,- дея илтимос қилди Хосмуродов.

Тожикистонлик фуқаро Хосмуродов ўртага ташлаган ушбу саволни ўрганиш жараёнида бошқа қўшни давлат фуқароларининг ҳам шахсий машинасида Ўзбекистонга кириш тартиб-қоидалари қандайлигини ўрганишга ҳаракат қилдик.


Дастлаб Тожикистон фуқароларининг шахсий машиналарида Ўзбекистонга кириш тартиби ҳақида:

Фарғона вилоятидаги Божхона постларидан бирининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, тожикистонлик фуқаро ўз автомобили билан Ўзбекистон ҳудудига кирмоқчи бўлса, у ўзи ва машинасини 45 АҚШ доллари миқдорида суғурта қилдириши лозим бўлади.

- 45 доллар-бу бир ойнинг суғуртаси. Тожикистон фуқароси Ўзбекистон ҳудудида уч ойгача юриши мумкин. 45 долларни уч ойга кўпайтирсак, бу 135 доллар бўлади. Энди нимага суғурта қилинади-ки, агар у аварияга учраса, бунақа кор-ҳол бўлмасин-у, агар шундай бўлиб қолса машинасига зарарини қоплаш учун 1000 доллор берилади. Агар машина ҳайдовчиси вафот этса, унинг учун 2000 доллар тўланади. Жами иккаласини ҳисобласак, 3000 доллар бўлади. Шунинг 1,5 ставкаси бир ойга 45 долларни ташкил қилади. Бу бир ойга битта ҳайдовчининг ўзига, машинада йўловчилар бўлса, улардан ҳеч қандай тўлов сўралмайди,- деди фарғоналик божхоначи.


Туркманистон фуқароларининг машинада Ўзбекистонга кириш тартиби:

Шахсий машиналари билан Ўзбекистонга кирмоқчи бўлган туркманистонлик учун қўшни давлатларга нисбатан қимматроқ суғурта тўлови жорий қилинган.

Хоразм вилояти божхона постларидан бирининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, Туркманистон фуқароси ўз машинасида Ўзбекистонга кирмоқчи бўлса, тахминан 140 АҚШ доллари миқдорида ҳаражат қилиши лозим бўлади.

- Биринчидан машинасини 100 долларга суғурта қилдиради. Кейин разница топливо (ёнилғи фарқи билан боғлиқ харажат) учун тўлайди. Бу борадиган жойининг километридан келиб чиқади. Бир километрига 0,6 сентдан тўлайди. Бу агар турмканистонлик Янгибозор туманига бормоқчи бўлса, тахминан 20 доллар тўлайди. Кейин ҳайдовчи ўзини ҳам суғурта қилдиради. Бу ҳам 36 минг сўм атрофида бўлади. Бунда шофёрнинг ҳайдовчилик гувоҳномасига қарайди. Унинг қанча йилдан буён бошқариб юргани инобатга олинади. Кейин ўзимизнинг обычный суғурта борку, ўшани ҳам тўлайди. Барча ҳаражати 130-140 доллар атрофида бўлади,- деди суҳбатдош

Хоразмлик божхоначининг айтишича, тахминан 140 АҚШ доллари тўлаган Туркманистон фуқаросига ўз автомибилида Ўзбекистон ҳудудида 30 кун юриш ҳуқуқини берувчи ҳужжат берилади. Лекин божхоначига кўра, туркманистонликлар Хоразм вилоятида 3 кун юриш ҳуқуқига эгалиги боис, улар 3 кундан кейин Ўзбекистонни тарк этишлари лозим бўлади.


Қозоғистон фуқароларининг машинада Ўзбекистонга кириш тартиби:

Қозоғистонлик фуқаролар ўз машинасида Ўзбекистонга киришни истаса, фақат 5 АҚШ доллари миқдорида бож тўлаши лозим бўлади.

Тошкент вилоятининг божхона постларидан бирининг ўзини таништирмаган божхона ходимига кўра, 5 доллар тўлаган қозоғистонлик, Ўзбекистон ҳудудида 1 ой юришга ҳақли бўлади.

- Қозоғистондан келаётганда 5 доллар тўлайди бир ойга. Бу суғурта учун тўланади. Шу 5 доллар тўлайди бўлди. Бошқа пул тўламайди. Шу 5 доллар тўлагач бир ой юради. Бошқа ҳеч қандай тўлов йўқ,- деди божхона ходими.

Озодлик мухбири Қирғизистон фуқароларининг шахсий машинасида Ўзбекистонга кириш тартиблари борасида мутасаддиларда бирор маълумот олиш имконига эга бўлмади.

Азиз муштарий агар сизда қирғизистонликларнинг ўз машинасида Ўзбекистонга кириш пайти тўланадиган суғурта ҳаражатлари борасида аниқ маълумотлар бўлса, илтимос бошқалар билан ўртоқлашинг. Шунингдек, бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG