Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:55

Депортация қилинганларнинг Россияга қайта кириши қийинлашади


Давлат Думаси турли қонунбузарликлар учун Россия ҳудудидан чиқариб юборилган ва маълум муддатга мамлакатга кириши тақиқланган хорижликларнинг ҳар хил йўллар билан қайтиб келиши олдини олишга қаратилган тадбирларни муҳокама қилмоқда.

Ўзбекистонлик муҳожир ярим йилга қамалди

28 ноябр куни Петропавловск-Камчатский шаҳар суди тегишли қонуний ҳужжатларсиз Россия чегарасини кесиб ўтиб яшаб юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм этди.

Минтақа судининг маълум қилишича, ўзбекистонлик бу шахс 2010 йилда Россиядан депортация қилинган. У эса Ўзбекистонга бориб отасининг исми ва фамилиясини ўзгартириб Россияга яна қайтиб кирган. Биринчи маротаба ҳам у жаримани тўламагани боис суд мигрантни олти ойга озодликдан маҳрум этди ва Россияга кириши тақиқланган бу шахс колонияга жўнатилди.

Россия депортация қилинганларга қарши курашга отланди

Бошқа томондан, ўзбекистонлик бу шахснинг омади чопди, деса ҳам бўлаверади, зеро бундан буён бундай жиноят учун 4 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Россия ҳукумати Жиноят ва Жиноят-Процессуал Кодексига Россиядан чиқариб юборилиб, муайян муддатга кириш тақиқланган шахсларга нисбатан жавобгарликни оширувчи қатор қўшимчаларни депутатлар муҳокамасига киритди.

Давлат Думаси расмий маълумотларида келтирилишича, “Россия Федерацияси Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш” қонунининг 322-моддаси 2-қисми янги таҳрирда қуйидаги кўринишга эга: Россияга кириш тақиқланган хориж фуқароси Давлат чегарасини иккинчи маротаба ноқонуний кесиб ўтадиган бўлса, “300 минг рубл миқдоридаги жарима, ёки 4 йилгача мажбурий меҳнат муддати, ёки айни муддатга қамоқ жазосига тортилади”.

Шунингдек, ушбу жиноят уюшган гуруҳ томонидан содир этилса, “6 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси” қўлланилади.

Бу ерда гап энг аввало Россиядан депортация қилинган ноқонуний меҳнат муҳожирлари тўғрисида бораяпти.

Россия Федерал миграция хизмати ташаббуси билан парламент муҳокамасига киритилаётган бу лойиҳа Россия давлати ҳисобига турли қонунбузарликлар учун ўз юртларига чиқариб юборилган ва 5 йил давомида Россияга кириш тақиқланган хорижликларнинг турли йўллар билан яна ортга қайтиш ҳолатларини олдини олишни мақсад қилган.

Жорий йил октябрида Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Федерал Миграция хизмати ва бошқа давлат идораларига бу муаммога жиддий ечим топиш лозимлигини уқтирган эди:

- Айтмоқчиманки, миграция қонунчилиги бузилгани учун жиноий жавобгарликни ошириш таклиф этилаяпти. Бу каби жиноятлар сони ошиб бормоқда. Масалан, ФМСга кўра 2006 йилда 230 та жиноий иш очилган бўлса, ўтган йил натижаларига кўра¸ аллақачон 400 етибди. Айни пайтда, жавобгарликка тортилганлар нисбатан кам миқдордаги жарималарга тортилаяпти, 5000 рубл атрофида олиб қўйиб юборишяпти. Бундай вазиятда на жазолаш, на мотивациялашнинг имкони мавжуд, деган Дмитрий Медведев.

Қонун лойиҳасига илова қилинган Федерал Хавфсизлик хизмати маълумотларида Россиядан депортация қилинган шахсларнинг осонлик билан ўз юртларида паспортларини алмаштириб ортга қайтаётгани таъкидланган. “2009 йилдан 2011 йилга қадар ФСБ идоралари томонидан Россия Федерациядан депортация қилиш маъмурий жазоси қўлланган 591 хориж фуқаросининг ўзгартирилган ҳужжатлар билан қайтиб киргани аниқланди”, дейилади расмий ҳужжатда.

“Россияга қайтиб кириш жуда осон!”

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эса Россия Давлат Думаси ва ҳукумат идоралари тайёрлаётган чекловлардан унчалик хавотирда эмаслигини гапирмоқда.

Иркутскда меҳнат қилаётган 24 ёшли Акбарбек Россия давлат чегарасини кесиб ўтиш пунктларида биометрик текширув жорий этилмагани боис¸ янги ўзгартишлар қабул қилинган тақдирда ҳам¸ уларнинг амалда самара беришига ишонмаслигини айтади:

- Бармоқ излари олинмайди, қондан анализ бўлмайди, ДНК олинмайди. Демак бошқа бир паспорт тўғрилаб келиши мумкин-ку. Уни ҳам чужой фамилияга тўғрилайверади, ака, дейди Акбарбек.

Ўз исмини айтишни истамаган бошқа меҳнат муҳожири эса ҳатто тиббий экспертизанинг киритилиши ноқонуний миграция муаммосини бартараф эта олмаслигини таъкидлайди:

- Бармоқ излари, кўз нурлари киритилган тақдирда ҳам бунга жавоб чиқаверади. Россияга қайтиб кириш жуда осон! Ўзбекистонга бориб фамилиясини aлиштириб келади. Ё тоғаси, ё амакиси, ё жиянини номига бориб “Паспортни йўқоттим!” деб, паспортига расмини қўйиб кўтариб келаверади. 200-300 долларга паспортний столда бу нарсани бераверади, дейди питерлик муҳожир.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия чегараларида белгиланган ҳақ эвазига чегара хизмати ходимлари ёрдамида одамларни назорат постларидан айлантириб олиб ўтиш “хизматларини” кўрсатувчи гуруҳлар ҳам мавжуд.

Ўзбекистонлик бу йигит Россияда янги ўзбек паспорти билан юрган муҳожирларда янги муаммолар пайдо бўлиб қолганини қўшимча қилди.

- Мана ҳозир янги Ўзбекистон паспорти билан юрганни мелисалар текшириб, диққатини ошираяпти. “Перевод қилдир, олиб юр паспорт билан!”, дейишяпти. Янги чиқарган паспортини кўрсангиз, Ўзбекистонни...Лотинда ёзиб қўйган тушунмайсиз ҳам, расмини принтердами чиқариб қўйган. Янги паспорт қуруқ лотинчада ёзилган, расм ҳам ёпиштирилмаган, кейин бу паспортни бошқа жойларга олиб борсангиз кўпчилик тушунмайди. Ҳар бир ушлаган мелиса таржимасини сўраяпти, ишхонага борсангиз ҳам таржимасини сўраяпти. Олдингиси кириллда ёзилганди, буниси эса лотинча-инглизча, дейди ўз исмини очиқламаган муҳожир.

Россия Ички ишлар вазирлиги ва Федерал Миграция хизматидан Озодликка берилган рақамларга биноан, 2011 йилда Россия судлари томонидан 33 мингдан ортиқроқ хорижликка нисбатан депортация, реадмиссия ёки чиқариб юбориш тўғрисида ҳукм чиқарилган, яна 60 киши “персона-нон грата”, деб эълон қилинган.

Шунингдек, Чегара хизмати биргина 2011 йилнинг ўзида 20 минг 600 нафар Россияга кириш тақиқланган мигрантни чегарадан ортга қайтариб юборган.
XS
SM
MD
LG