Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:32

Мисрда янги конституция лойиҳаси бўйича референдум ўтказилмоқда


Мисрликлар мамлакат янги конституцияси лойиҳаси бўйича референдумда овоз бермоқда. Икки босқичда ўтказиладиган референдум натижаси 22 декабрдан кейин эълон қилиниши кутилмоқда.

Миср президенти Муҳаммад Мурсий ва унинг исломий тарафдорлари янги конституция мамлакатни демократияга яқинлаштиришини айтмоқда.

Қоҳирада яшовчи Амир Рейтерс ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда мамлакат янги конституцияси лойиҳасини қўллаб-қувватлашини ва бу борада тортишувни тўхтатиш кераклигини таъкидлади.

- Конституциянинг 90 фоизини яхши деб бахолаш мумкин. Агар ўн фоизи муаммоли бўлса, уни кейинроқ тузатиш мумкин. Ўн фоиз учун ҳамма ишни тўхтатиб, уни бекор қилишимиз ва вақтни беҳуда сарфлашимиз керакми?, деди қоҳиралик Амир.

Танқидчилар, жумладан, либераллар, дунёвий мамлакат тарафдорлари ва насронийлар эса янги конституция лойиҳаси иломий экани ва озчиликни ташкил этган гуруҳлар ҳуқуқларига путур етказиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Қоҳирада яшовчи Солиҳ исмли фуқаро эса Рейтерс мухбири билан суҳбатда янги конституция лойиҳасига қарши овоз берганини айтди.

- Мен янги конституция лойиҳасига қарши овоз бердим. Чунки айрим бандлар тугал эмас ёки шошма-шошарлик билан ёзилган. Конституция кучга кирса, у менинг ва болаларим келажагига таъсир этиши мумкин, деди қоҳиралик Солиҳ.

Миср янги конституцияси бўйича референдум икки босқичда ўтказилиши режаланган.

15 декабр куни Мисрнинг 10та вилояти, жумладан, пойтахт Қоҳира ва Александрия шаҳарларида ўтказиладиган референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 26 миллиондан ортиқ фуқаро иштирок этади.

22 декабр куни қолган вилоятларда ўтказиладиган референдумда 25 миллион мисрлик овоз бериши кутилмоқда.

Янги конституция лойиҳаси бўйича референдум ва Мурсий президент салоҳиятларини кучайтириш ҳақида 22 ноябр куни қабул қилган фармон мамлакат бўйлаб оммавий норозиликларга сабаб бўлди.

Мухолифатнинг босими натижасида 9 декабр куни президент Мурсий ўз фармонини бекор қилди.

14 декабр куни Ўрта ер денгизи соҳилида жойлашган Александрия порт шаҳрида Мурсий тарафдорлари билан унга қарши бўлганлар ўртасида тўқнашув рўй берди.

Пойтахт Қоҳирада ҳам Мурсий тарафдорлари ва унга қарши бўлганлар намойиш ўтказди.

Миср янги конституцияси лойиҳаси референдумда берилган овозлар натижаси 22 декабрдан кейин эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG