Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:32

Сўх масаласида Тошкент 1924 йилги ҳолатга қайтмоқчи


Давлат чегарасини делимитациялаш ва демаркациялаш бўйича Қирғизистон – Ўзбекистон ҳукуматлариаро комиссиянинг Қирғизистон томонини бошқарган Саламат Аламановга кўра, Сўх масаласи нафақат мустақиллик шароитида кечаётган сўнгги 20 йилдан зиёд даврда, балки Совет даврида ҳам кун тартибида бўлган.


Сўх бўҳрони давом этар экан, унинг бош сабаби нима, деган савол кўндаланг бўлаверади.

Сабаб – анклав чегаралари аниқланмаганидадир.

Марказий Осиё мамлакатлари чегаралари бўйича қирғизистонлик Саламат Аламановдан ўтадиган эксперт бўлмаса керак.

У Қирғизистон расмий делегацияси вакили сифатида Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон вакиллари билан чегара масалаларига оид 200 га яқин учрашувда қатнашган.

Саламат Аламанов кўп йиллар давлат чегарасини делимитациялаш ва демаркациялаш бўйича Қирғизистон – Ўзбекистон ҳукуматлариаро комиссиянинг Қирғизистон томонини бошқарган.



Жаноб Аламанов Озодлик радиоси қирғиз хизмати саволларига жавоб берар экан, Сўх масаласи нафақат мустақиллик шароитида кечаётган сўнгги 20 йилдан зиёд даврда, балки Совет даврида ҳам кун тартибида бўлганини айтди.

Саламат Аламанов суҳбат бошида Сўх анклави масаласи Совет давридаёқ кўтарилганини эслаб бундай деди:

- Совет даврида ҳукуматлар даражасидаги бир неча паритет комиссия ишлаган. Улар таркибига кирган мутахассислар масаланинг ҳар иккала томон манфаатига ётадиган ечимини таклиф қилган. Бироқ Ўзбекистоннинг ўша даврдаги Олий совети таклифни қабул қилмаган ва натижада у кучга кирмаган. Менимча, ўша давр мутахассисларининг таклифи масаланинг энг яхши ечими эди. Ўша ечимга қайтиш лозим. Бироқ бу икки томон делегациялари даражасида эмас, энг юқори даражада ҳал қилинадиган масаладир.

Озодлик: Сиз айтаётган таклифнинг мағзи нима эди?

- Совет даври мутахассислари анклавнинг чегараларини аниқлаб берган ва ўша ҳужжат асосида икки томонлама келишувга эришиш мумкин эди.
Бугун эса, анклав чегаралари аниқланган эмас ва шунинг учун келишувга эришиш имконсиз бўлиб қолмоқда.

Ўша катта иш 1955 йили амалга оширилган эди. Ундан кейин тузилган паритет комиссияларнинг барчаси охир-оқибат ўша хулосага қайтаверган, уни тўғри деган фикрга келаверган. Бироқ республиканинг сиёсий раҳбарияти у хулосани қабул қилмай, 1924 йилги ҳолатга қайтишни талаб қилмоқда. 1924 йилги ҳолат бўйича эса, Сўх анклав эмасди, балки Ўзбекистон билан туташ бўлган, Сўхнинг жанубий четигача чўзилган ҳудуд эди.

СССР Атласи 1928 йил. Бу харитага кўра, Сўх эксклав эмас, Ўзбекистоннинг асосий ҳудудига туташ минтақа бўлганини кўриш мумкин.
СССР Атласи 1928 йил. Бу харитага кўра, Сўх эксклав эмас, Ўзбекистоннинг асосий ҳудудига туташ минтақа бўлганини кўриш мумкин.
Озодлик: Интервьюларингиздан бирида 2002 йили Қирғизистон Ўзбекистонга анклавларда яшаган аҳолига транспорт алоқасини йўлга қўйииш бўйича шартнома тузишни таклиф қилган, деб айтган эдингиз. Ўша ҳужжат тақдири нима бўлган?

- У шартномани Ўзбекистон қабул қилган эмас. Чунки уларнинг доимий позицияси анклавларни анклав сифатида қолдириш эмас, балки 1924 йилги ҳолатга қайтаришдир. Масаланинг Тошкент қабул қилиши мумкин бўлган ечими мана шу позиция билан боғлиқ.

Агар сизлар ўша 1924 йилги ҳолатга қайтсангиз, бошқа барча муаммолар осонгина ҳал бўлади, дейишади. Ана ўшанда аҳолингиз Сўх орқали бемалол ўтаверган бўларди, дейишади.

Бундан ташқари бир фантастик таклиф ҳам киритишган. Сўх дарёси узра осма кўприк солиб берамиз, машиналаринг билан ўша кўприкдан ўтиб кетаверасизлар, дейишган. Лекин биз бу таклифларни қабул қилмадик. Ишонмадик. Бундай қилишга уларнинг қудрати ҳам етмайди, қилишмайди ҳам.

Озодлик: Қирғизистоннинг таклифи нимадан иборат эди?

- Сизга қарашли анклавлар аҳолиси бизнинг ҳудуд орқали бемалол, тўсиқсиз ўтсин, шунингдек, анклавлар сабабли ярим анклав ҳолатидаги қишлоқларимиз аҳолиси сизларнинг ҳудуддан бемалол, тўсиқсиз ўтсин, дейилган келишув лойиҳасини таклиф қилганмиз. Ўзбекистон томони мутахассислари фикрича, таклифимиз – тўғри таклиф. Лекин Ўзбекистоннинг сиёсий раҳбарияти бу таклифни қабул қилмаяпти.

Озодлик: Нима учун?

- Чунки, Ўзбекистон раҳбарияти фикрича, Сўх масаласи расмий Тошкентнинг позициясидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиниши керак. Биз эса, бунга рози бўлолмаймиз. Чунки, бу ҳолатда, Сўхнинг қуйи томонидаги қирғиз қишлоқлари, 90 йилдан бери бизники, деб келаётганимиз ерлар Ўзбекистон ҳудудига кириб кетиб қолади. Биз бунга ҳеч қачон рози бўлмаймиз, деди Саламат Аламанов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:33 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG