Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:11

Ўзбекистон сафдоши биттага камайди - Куба “чиқиш визаси”ни бекор қилди


Кубада 14 январдан бошлаб фуқаролар хорижга сафар қилиши учун махсус рухсат — “чиқиш визаси”ни олиш тартиби бекор қилинди. Бироқ, таниқли спортчилар, давлат сирларидан хабардор расмийларнинг хорижга чиқиши учун чеклов сақлаб қолинди.

Кубада фуқароларга хорижга сафар қилиш учун “чиқиш визаси” олиш тартиби бекор қилинганини Миграция идораси расмийси полковник Ламберто Фрага телевидение орқали эълон қилди.

Куба раҳбари Раул Кастро чиқиш визасини бекор қилиш ҳақидаги қонунни 2012 йил 16 октябр куни имзолаган эди.

Янги қонунда, шунингдек кубаликларнинг хорижда қолишига қонунан берилган мухлат 11 ойдан 24 ойга узайтирилди.

50 йилдан бери фуқароларнинг хорижга чиқиши қаттиқ назорат қилиб келинган Кубада фуқаролар чиқиш визасини маҳаллий миграция идораларидан олар эди.

2013 йил 14 январгача амал қилган эски тартибга мувофиқ хорижга чиқмоқчи бўлган кубаликлар махсус рухсат олиш учун мамлакатдаги ўртача бир ойлик иш ҳақидан 15 баробар кўп, яъни 300 АҚШ доллари миқдорида пул ҳам тўлар эди.

Ҳозир янги паспорт олмоқчи бўлган кубаликлар учун тўлов ҳам 100 долларга туширилди.

Айни пайтда, Куба ҳукумати таниқли спортчилар, давлат сирларини биладиган шахслар, иши терговда бўлган одамлар ва касби “давлат учун ўта муҳим ҳисобланган” фуқароларнинг хорижга чиқиши учун жорий қилган чекловни сақлаб қолди.

Аммо, Куба ҳукумати давлат учун ўта муҳим ҳисобланган касблар рўйхатини ҳозирча эълон қилмади.

Янги қонун кучга киргунча ўн минглаб шифокор чет элга чиқиш визасини ололмаган.

Олий маълумотли кубаликлар хорижга чиқиши учун улар ишлаётган соҳага мутасадди бўлган вазирлик билан келишиши керак эди.

1959 йилда Кубада инқилоб амалга ошганидан кейин қарийб икки миллион одам мамлакатдан чиқиб кетгани айтилади.

Хорижга бориш учун фуқароларига чиқиш визаси тартибини ўрнатган яна икки давлат мунтазам танқид остида қолиб келмоқда.

Булардан бири бўлган Шимолий Корея ўз фуқаролари учун қамоқхона сифатида кўрилади.

Яна бири бўлган Ўзбекистон ҳам фуқароларига хорижга чиқиш учун расмий рухсат олишни шарт қилиб қўлган давлат бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда чиқиш визаси олиш уч ҳафтага қадар вақт кетади.

Ўзбекистондаги сиëсий фаол фуқароларга баъзида ҳеч қандай сабабсиз чиқиш визаси берилмаган ҳолатлар мавжуд.

Ҳуқуқшуносларга кўра¸ ўз фуқароларига чиқиш визаси бериш амалиëти Ўзбекистон конституциясида кафолатланган ҳаракат эркинлиги тамойилига зиддир.
XS
SM
MD
LG