Ўзбекистон хабарлари
Ўзбекистон Қирғизистон билан темир йўл пунктларини бир томонлама ёпди
“Ўзбекистон томонидан олинган маълумотга кўра, “Қорасув-темир йўл” назорат-ўтказиш пункти тепловознинг носозлиги туфайли ёпиб қўйилган. Қолган пунктларнинг ёпилиш сабаби тўғрисида Ўзбекистон томони маълумот бермаган, дейилади Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизмати хабарномасида.
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон автомобил йўлларидаги чегара пунктларини ҳам бир томонлама ёпиб қўйган эди.
Кузатувчиларга кўра, чегара пунктларининг ёпилиши расмий Тошкентнинг Қирғизистон томонидан Сўх йўллари тўсиб қўйилишига жавобдир.
Кун янгиликлари
Йил бошидан буён Тошкентда 18 нафар имом ва ноиб ишдан олинди
Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида Тошкент масжидларида фаолият юритган 18 нафар имом ва имом ноиблари ишдан олинган. Бу ҳақда 11 сентябрь куни Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида ўтказилган мажлисда маълум қилинди.
ЎМИ хабарномасида “дин пешвоси сифатида иш фаолиятига эътибор қаратмаган ва меҳнат мажбуриятларини етарли даражада бажармаган Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритган 8 нафар имом-хатиб, 10 нафар имом ноиби вазифасидан озод этилгани” қайд этилган. Бундан ташқари, 2 нафар имом-хатиб ва 2 нафар имом ноибига ҳайфсан берилган.
Озодликнинг Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига яқин манбаси ишдан бўшатилган имомлар ичида кўпчиликка яхши таниш бўлган Раҳматулло қори Термизий ва Абдуҳаким қори Матқулов каби шахслар борлигини маълум қилди.
Манбага кўра, эндиликда имомларнинг жамоатчиликка ўрнак бўлиши ва жамиятда юриши-туриш қоидаларига амал қилиши, ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари мониторинг қилинади. Шунингдек, вилоятлардаги масжидлар имом-хатиблари ва уларнинг ноиблари фаолияти ўрганилади.
Ўзбекистон президенти администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси томонидан берилган топшириққа кўра, Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги бошқармаларида тегишли тартибда рўйхатга олинмаган масжид ва хонақоҳлар, диний таълим берувчи айрим ўрта махсус таълим муассасалари ёпилади.
Хонадонлар ва бошқа муассасаларда хусусий тарзда диний таълим бериш ҳолатларига чек қўйилади. Хонадонларда анъанавий исломга хос бўлмаган сулуклар мажлислари, хатми хожагон ва диний маросимлар ўтказилиши таъқиқланади.
“Ҳатто кўзга кўринган диний таълим муассасалари ҳам ёпилмоқда. Масалан, XVIII асрга оид Тошкентдаги “Кўкалдош” мадрасасига қулф урилгани ва унинг Эски шаҳардаги биноси савдо комплексига айлантирилганига анча бўлди. Муассаса раҳбари Абдуҳаким қори Матқулов ишдан олиниб, уламоларнинг Фахрий кенгашига ўтказилган”, деди манба.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов томонидан ўтказилган ҳукумат мажлисида тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилмаган 400 дан зиёд масжид ва ҳонақоҳларни бузишга кўрсатма берилгани ҳақида хабар қилганн.
Озодликда шу йилнинг август ойида Жиззах вилояти Зомин туманидаги йирик замонавий масжид ҳамда Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида ҳашар йўли билан қурилган масжидларнинг бузилганига оид маълумотлар мавжуд.
Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда тадбиркорлар қуёш панели ўрнатишга мажбурланаётганига оид иддаоларни рад этди
Ўзбекистонда кимнидир қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш, ўрнатилмаган тақдирда эса уни тармоқдан узиб қўйиш билан огоҳлантириш масаласи ҳеч бир қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати томонидан 11 сентябрь куни тарқатилган баёнотда айтилган.
Вазирлик таъкидича, ўзбекистонликларни қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш маҳаллий қонунчиликка зид бўлиб, “Энергетика вазирлиги бу каби хатти-ҳаракатларни мутлақо ёқламайди”.
Вазирлик ўз баёнотига “айрим оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларида” Ўзбекистоннинг “баъзи бир ҳудудларида тадбиркорлик субъектлари қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани, бу тўғрисида айрим мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли равишда расмий хат ҳам юборилаётгани ва ўрнатмаса, электр таъминотидан узиб қўйилиши тўғрисида таҳдид бўлаётгани хусусида шикоятлар янграётгани” сабаб бўлганини билдирган.
Ўзбекистонликлар қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани мавзуси аввалроқ Озодликда бир неча бор ёритилган эди. “Мирзиёевнинг қуёш панеллари тадбиркорларни барбод қилмоқда” сарлавҳали сўнгги видеоматериал билан қуйида танишишингиз мумкин:
Энергетика вазирлигининг бугунги баёнотида Ўзбекистонга қуёш панелларининг олиб кирилиши ва ўрнатилишига оид қатор рақамлар келтирилган.
Тадбиркорлик субъектларини қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш билан мутлақо келишмаслигини урғулаган вазирлик айни пайтда ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам “қуёш панели қўйиш ўз бизнеси учун фойдали эканлигини англаб етишса, нур устига нур бўлур эди”, дея қайд этган.
“Қолаверса, бугун бу бозорда таклиф қилувчи ҳам, талабгор ҳам, кимлардир ўйлаганидек, кам эмас”, дея писанда қилинган вазирлик баёнотида.
Самарқандда “майда безорилик”да айбланган блогер 10 суткага қамалди
Самарқанддаги суд ижтимоий тармоқларда фаол бўлган блогер ва журналист Баҳодур Ҳасановни “майда безорилик”да айблаб, 10 суткалик маъмурий қамоққа ҳукм қилди. Озодлик тожик хизматининг ёзишича, Ҳасановга 2,5 миллион сўм миқдорида жарима ҳам тайин қилган.
Баҳодур Ҳасановга нисбатан суд ҳукми 10 сентябрь куни эълон қилинган. Яқинларига кўра, Ҳасанов шу тариқа блогерлик фаолияти учун “жазоланган”. Ички ишлар органлари вакиллари эса Ҳасанов жабрланувчи аёл аризасига кўра ушланганини иддао қилишмоқда.
Баҳодурнинг отаси, кекса журналист Зоҳир Ҳасанзода Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда ўғлининг суди адвокат ва қариндошларнинг иштирокисиз ўтказилганини маълум қилган.
Ҳасанзодага кўра, ИИО ходимлари 9 сентябрь куни Баҳодурни ўз уйидан куч қўллаган ҳолда олиб кетишган. У ўғлининг қўлга олиниши ва ошиғич судланишини “ўзгача фикрли кишилар оғзини ёпиш” учун расмийлар томонидан босим, деб баҳолаган.
Ҳибсга олинишидан бир кун аввал Баҳодур Ҳасанов Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифасида самарқандлик бир кишининг шикоятлари акс этган видеони ёйинлагани учун ички ишлар органлари томонидан таъқиб қилинаётгани ҳақида ёзган эди.
Блогерга кўра, бир неча кун олдин у Самарқанд туманида ер участкаси ноқонуний эгаллаб олингани ҳақида ёзган.
“Бу маҳаллий амалдорларга ёқмади, шунинг учун ҳам мени қўлга олишмоқчи. Мен етти йилдан буён ҳокимият тепасида ўтирган ҳамда инсофу адолатдан гапираётган мамлакат президентига мурожаат қиламан”, деб ёзган Баҳодур Ҳасанов ўз саҳифасида.
Самарқанд вилояти ИИБ матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаев Ҳасанов бир аёлдан тушган шикоят асосида қўлга олинганини билдирган. Унга кўра, жамоат жойида видеотасвирга олинаётган пайтда бир аёл блогердан уни тасвирга олмасликни сўраган, бунга жавобан Ҳасанов уни ҳақорат қилган.
“Аёлнинг шикояти ортидан Баҳодур Ҳасанов “майда безорилик” ва “фуқарони жамоат жойида ҳақорат қилганлик”да айбдор деб топилди”, дея қайд этган Сагдуллаев.
Ҳасановнинг отасига кўра, ўғли бундай хатти-ҳаракатларини содир этган эмас, унга қарши билдирилган айблов эса туҳматдир.
Уч фарзанднинг отаси бўлган Баҳодур Ҳасанов авваллари “Овози Самарқанд” (“Самарқанд овози”) вилоят газетасида ишлаган. У бир неча йилдан буён мустақил журналист ва блогер сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Блогерлик фаолияти давомида кўпроқ ижтимоий ва маиший мавзуларни ёритиб келган Ҳасанов ўз материалларини Facebook дохил ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ёйинлаб, расмийлардан кўтарилган муаммоларга тезкор муносабат билдиришни сўраб келади.
Зангиотадаги ёнғинни ўчириш учун 4,5 соат сарфланди – ФВВ
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Эркин” МФЙда жойлашган бўёқ ишлаб чиқариш цехида 10 сентябрь куни содир бўлган ёнғинни бартараф қилиш учун ўт ўчирувчилар тақрибан 4,5 соат вақт сарф этишган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, “Эркин”даги ёнғинга оид хабар Тошкент вилояти ФВБга сешанба куни соат 14:15 да келиб тушган, ёнғин ўчириш экипажлари воқеа жойига тезкорлик билан етиб боришган.
“Ёнғин ўчириш экипажлари томонидан ёнғин соат 17:00 да қуршаб олиниб, соат 18:56 да батамом ўчирилди”, дейилган ФВВ хабарномасида “ёнғин натижасида тан жароҳати олган ва вафот этган фуқаролар тўғрисида хабар келиб тушмаган”и урғуланган.
Ёнғинни бартараф этиш жараёни шахсан “фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор A. X. Қўлдошев назоратида” амалга оширилгани таъкидлаган хабарномада “айни вақтда ёнғин сабаби ва зарари аниқланаётгани” қўшимча қилинган.
Фаоллар норозилигига сабаб бўлган АЭС қурилиши бошланиш арафасида
“Ўзатом” агентлигининг Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси ва Россиянинг “Атомстройэкспорт” акциядорлик жамияти Ўзбекистонда қурилажак кам қувватли атом электр станцияси қурилиш майдончасида ишларни бошлаш тўғрисида баённома имзолаган. Бу ҳақда “Ўзатом” матбуот хизмати томонидан 10 сентябрь куни тарқатилган хабарномада билдирилган.
Агентлик қайдича, баённома “Ўзатом” директори Азим Ахмедхаджаев ва “Росатом” давлат корпорацияси бош директори ўринбосари – Халқаро фаолият блоки директори Николай Спасский иштирокида имзоланган.
“Ўзатом” агентлигининг АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари Отабек Амановга кўра, имзоланган ҳужжат Ўзбекистонда биринчи кам қувватли АЭС қурилиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича фаол ишларни бошлашга қадам ташлагани далолатидир.
“Бу эса яқин келажакда қурилиш майдончасида тўғридан-тўғри ишларни бошлаш имконини беради”, деган Отабек Аманов.
“Атомстройэкспорт”нинг Марказий Осиёда атом электр станцияларини қуриш лойиҳалари директори Павел Безруков ҳам “Росатом”нинг муҳандислик бўлими кам қувватли АЭСни жойлаштириш учун лицензия олиш ва қурилиш майдончасида қидирув ишларини олиб бориш бўйича фаол босқичга ўтишни бошлашини таъкидлаган.
“Ўзатом” маълумотига кўра, АЭС лойиҳаси бўйича дастлабки ишлар июнь ойида бошланган бўлиб, унда бўлажак атом электр станцияси қад ростлайдиган майдонда биринчи қурилиш штаби жойлаштирилиб, режалаштирилган муддатда ишларни бошлаш имконини берадиган устувор вазифалар белгилаб олинган.
Жиззах вилоятида Ўзбекистон билан Россия ҳамкорлигида кам қувватли атом электр станцияси қурилишига доир битим имзолангани Россия президенти Владимир Путиннинг май ойи охирида Тошкентга ташрифи чоғида эълон қилинган эди.
“Ўзатом” ва “Росатом”нинг ўша пайтда тарқатилган қўшма баёнотида Жиззах вилоятида 330 МВт қувватга эга (ҳар бири 55 МВт қувватли олтита ректор) иншоот қурилиши ёзда бошланиши билдирилган.
“Танланган майдон аллақачон текширилган, яроқлилиги ва хавфсизлиги тасдиқланган, бу лойиҳани амалга ошириш вақтини сезиларли даражада қисқартиради”, дейилганди расмий хабарномада.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қурилажак АЭСни “ҳаётий аҳамиятга эга лойиҳа” деб атаган.
Айни пайтда АЭС қуриш лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасисиз Россияга бериб юборилгани Ўзбекистонда ижтимоий тармоқ фаолларининг кескин эътирозига сабаб бўлган. Жамоатчилик АЭС Кремль қўлида Ўзбекистонга қарши “шантаж қуроли” бўлиб қолишидан хавотирда.
Ёз мавсуми бошларида Озодликка Ўзбекистон маҳаллий матбуотида АЭС мавзусини танқидий руҳда ёритиш ман қилинганига оид маълумотлар ҳам келиб тушган. Шунга қарамай, АЭС қурилиши юзасидан тармоқларда фикрларини билдиришга ўзида журъат топаётган фаоллар ва экспертлар ҳали ҳам кам эмас. Улардан бири иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров бўлиб, “Ўзатом”нинг бугунги хабарномасига муносабат ўлароқ ёзилган постида у ўз ўқувчиларига “Кулфатга айланадиган АЭСга йўқ дейишни унутмаслик”ни тавсия қилган.
“Албатта, биронта нормал ўзбек ва ўзбекистонлик эртага бутун Марказий осиё учун кулфатга айланадиган АЭС қурилишига ўз хоҳиши билан рози бўлмайди. Эртага фарзандларимиз бўйнидаги иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва экологик бўйинтуруққа айланадиган бу АЭС бўйича қарор қабул қилишдан четлаштирилган ўзбеклар ва ўзбекистонликлар, яъни кучсизларнинг кучи ҳам шунда: Йўқ, дейишни канда қилмасликда”, дея урғулаган Отабек Бакиров.
Афғонистонлик 160 нафар аёл Ўзбекистонда тиббиётдан таълим олади
Қатар пойтахти Доҳада 9 сентябрь куни Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Қатарнинг “Таълим ҳар нарсадан устун” (Education Above Al) фонди ўртасида афғон аёлларини Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида ўқитишни ташкил этишни назарда тутувчи меморандум имзоланган.
Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур келишув доирасида 160 нафар афғон аёлини Ўзбекистон олий таълим муассасаларида тиббиёт йўналишлари бўйича ўқитиш режаланган.
Ўзбекистон ҳукумати портали қайдича, лойиҳага доир харажатларнинг катта қисмини Қатар томони ўз зиммасига олган – имзоланган меморандумга мувофиқ, Education Above Al фонди афғон аёлларини ўқитиш, турар жой билан таъминлаш ва бошқа зарур харажатлар учун 2,2 миллион доллар миқдорида молиявий ёрдам ажратиши кўзда тутилган.
“Мазкур меморандумнинг имзоланиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, халқаро таълим ва тиббиёт соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлайди. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги муҳим ўрнини яна бир бор намоён этади”, дейилган хабарномада.
“Толибон” шакллантирган ҳукумат 2022 йил декабрида Афғонистонда университетларга кириб бўлган толибаларнинг ОТМга боришини тақиқлаб қўйган эди. Ўша пайтда толиблар аёлларнинг мамлакатда фаолият кўрсатаётган 180 та ноҳукумат ташкилотида ишлашини ҳам ман қилиб қўйишган. Мазкур тақиқ ортидан БМТ Афғонистондаги гуманитар дастурларининг бир қисмини тўхтатган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 2023 йил январида Афғонистонда хотин-қизларнинг давлат ва хусусий олий ўқув юртларида таълим олишига тақиқ қўйилгани тўғрисидаги хабарга муносабат билдирар экан, бу маълумотни чуқур ташвиш билан қабул қилганини урғулаган эди.
“Афғон халқининг тинч ва фаровон келажакни барпо этиш йўлидаги интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатъият белгиси сифатида ушбу қарор қайта кўриб чиқилишига умид қиламиз”, дейилганди вазирлик баёнотида.
Ўзбекистонда собиқ вазир муовини 6 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани суди 5 сентябрь куни қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Алишер Тураев, унинг қизи Анаис Тураева ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази собиқ ҳисобчиси Мансур Қўзибековга нисбатан ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Газета.uz нашри ўз тасарруфидаги суд қарорига таянган ҳолда хабар қилди.
Қайд этилишича, 2021 йил сентябрида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази раҳбари (буюртмачи) Алишер Тураевнинг ўғлига тегишли бўлган De Nova Agro компанияси 1 миллион дона узум кўчатини етказиб бериш бўйича 9,95 миллиард сўмлик тендерда ғолиб бўлган – ўша пайтда компания директори унинг қизи Анаис Тураева эди.
Иш материалларига кўра, Алишер Тураев тендер комиссиясини “ўзига содиқ одамлар”дан тузган, улар комиссия йиғилиши баённомасини имзолаган, лекин аслида у ўтказилмаган.
Манфаатлар тўқнашувига қарамай, собиқ вазир ўринбосари унинг ўғли Бекжон Тўраев таъсисчи бўлган De Nova Agro компаниясининг тендер савдоларида ғалаба қозонганига эришган.
2021 йил 30 август куни De Nova Agro билан in-vitro усулида 1 миллион дона узум кўчати етказиб бериш бўйича 9,95 миллиард сўмлик шартнома тузилган.
Суд ҳужжатида келтирилишича, Амалда бу кўчатлар марказга етказиб берилмаган бўлса-да, маҳсулот қабул қилингани ҳақида бир нечта сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилиб, “талон-торож қилинган” маблағлар ўтказиб берилган.
“Тўраев, унинг қизи ва марказ ҳисобчиси ҳам маҳсулотларни қабул қилиш ва топшириш бўйича бошқа расмий ҳужжатларни сохталаштиришда айбланмоқда. Маълум қилинишича, улар 2023 йилда иссиқхоналардаги 283,4 минг туп кўчатларнинг кўчат экиш вақтида илдизлари шикастлангани, электр таъминотининг мунтазам узилиши, суғориш тизимидаги носозликлар туфайли нобуд бўлгани ҳақидаги бир неча маълумотномаларни қалбакилаштиришган, бироқ ўсимликлар нобуд бўлиш тугул, аслида етказиб берилмаган”, дейилган Газета.uz хабарида.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти агрохизматлар марказига 562,8 минг дона кўчат ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномалар сохталаштирилган бўлса-да, аслида у ерга етказиб берилмаган. Шунингдек, ўсимликларни парваришлаш ва иш ҳақи учун 509,1 миллион сўм асоссиз ҳисобланган.
Судда собиқ вазир ўринбосари Алишер Тураев ўзига қўйилган айбловни қисман тан олган.
Суд Алишер Тураевни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) билан айбдор деб топиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Мансур Қўзибеков шу каби моддалар учун 5 йилу 6 ойга қамалган.
Анаис Тураев мамлакат Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28-моддани қўллаган ҳолда 209-моддаси 2-қисми “а” банди (мансаб сохтакорлигида шериклик) бўйича 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Ҳукм ижроси 2027 йилнинг 8 июлига — 2024 йилнинг июль ойида туғилган ўғли уч ёшга тўлгунига қадар кечиктирилган.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида тўртта ҳужжат имзоланди
Россия ҳукумати делегациясининг Тошкентга икки кунлик сафари доирасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва РФ бош вазири Михаил Мишустин қўшма коммюнике имзолашган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.
Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати делегациялар учрашуви чоғида бошқа қандай ҳужжатлар имзоланганига аниқлик киритган эмас, бироқ бу ҳужжатлар РФ ҳукумати портали хабарномасида санаб ўтилган. Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг бешинчи йиғилиши якунлари бўйича қўшма коммюнике, “Агроэкспресс” тезлаштирилган темир йўл ташувларини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш масалалари бўйича РФ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорликка оид шартнома, Дори-дармонлар маркировкаси кодлари тўғрисидаги маълумотларни алмашиш мақсадида информацион ҳамкорлик тўғрисида РФ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида тузилган шартнома, Тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида РФ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида тузилган англашув баённомаси шулар жумласидандир.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари вакиллари ўртасида имзоланган ҳужжатлар ичида ўзбек жамоатчилигининг диққат-эътиборида бўлган газ олди-сотдиси ёки АЭС қурилишига оид битимлар йўқ.
Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, бош вазир Мишустин бошчилигидаги РФ ҳукумат делегациясининг Тошкент ташрифининг илк кунида икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг бешинчи мажлиси бўлиб ўтган. Мажлисда Ўзбекистон ва РФ ўртасидаги “истиқболли сармоявий лойиҳалар ва савдо шартномаларининг амалга оширилишини таъминлаш ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш режалари” кўриб чиқилган.
“Шу куннинг ўзида Россия Федерацияси ҳукумати делегацияси Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди ва Технопаркда бўлиб, ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги юқори технологик маҳсулотлар билан танишди”, дейилган Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати томонидан 9 сентябрь оқшомида тарқатилган хабарномада.
Тошкентдаги тартибсизлик ортидан 5 киши маҳкамага тортилди
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган меҳмонхоналарнинг бирида 6 сентябрь куни ўтказилган “Pepsi Music Fest 2024” мусиқа фестивали чоғида оммавий тартибсизлик рўй берган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълумот тарқатган.
Хабарномада тартибсизликлар чоғида фуқароларнинг тан жароҳатлари олмагани айтилса-да, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода кекса ёшли бир неча шахс жабрлангани тилга олинган.
Озодлик тасарруфидаги айрим видеоларда балоғатга етмаган ўнлаб шахснинг фестиваль саҳнини бузиб ўтгани, уларга қаршилик кўрсатаётган Миллий гвардия ходимларини йиқитиб, саҳнага интилаётганини кўриш мумкин.
Воқеа гувоҳларига кўра, ўша куни Pepsi компанияси томонидан ташкил қилинган тадбир меҳмонлари – рэпперлар Маканн ва Хчо ўз хонишларини ижро этишган. Улар билан жонли кўришиш мақсадида саҳнага интилган балоғатга етмаган ўсмирлар оммавий тартибсизлик сабабчиларига айланишган.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати қайдича, 6 сентябрь куни Юнусобод туманида “Pepsi Music Fest 2024” мусиқа фестивалининг биринчи куни ўтказилган.
Соат 18:00 дан 22:20 га қадар бўлиб ўтган тадбирда кўплаб мусиқа ихлосмандлари йиғилган. Бироқ улар орасида бир нечта фуқаро, иддаога кўра, жамоат тартибини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, майда безорилик содир этган.
ИИО ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг шахси аниқланиб, 5 нафар вояга етмаган шахснинг ота-онасига Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига биноан маъмурий баённома расмийлаштирилган, қолган фуқароларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказиляпти.
“Ўтказилган текширув жараёнида фуқаролар тан жароҳати олганлиги ҳақида хабар келиб тушмаганлигини маълум қиламиз”, дейилган ИИББ хабарномасида.
Ўтган йилнинг 7 декабрь куни Тошкентдаги Humo Arena мажмуасида қозоғистонлик қўшиқчи Jah Khalib концертига тарқатилган сохта чипталар туфайли оммавий тартибсизликлар келиб чиққан эди.
Ўшанда Humo Arena саройига етиб келган Миллий гвардиянинг махсус батальони аскарлари билан йиғилганлар орасида тўқнашув бўлиб, тартибсизлик иштирокчилари орасида пичоқбозлик бўлгани айтилган. Ўтган йил охирида Ўзбекистонда бошланган “кўчага қарши рейдлар”ни ҳам айримлар айнан шу воқеага боғлашган.
2024 йилнинг 31 март куни Хоразм вилояти Урганч тумани “Боғдорчи” маҳалласи ҳудудида 30 нафарга яқин фуқаро ўзаро гуруҳ-гуруҳ бўлиб муштлашишгани хабар қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, 9 нафар шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган, шунингдек ҳодиса иштирокчиси бўлган яна 6 нафар шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (Майда безорилик) ва 194-моддаларига (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосан 15 суткага қамалган.
Шу йилнинг 29−31 июль кунлари Андижон вилояти Хонобод шаҳрида ўтказилган “Дунё садолари” II халқаро миллий эстрада санъати фестивали доирасида ҳам бир неча безорилик ҳолати қайд этилган.
Отабек Умаров Осиё Олимпия кенгашининг минтақавий вице-президенти этиб сайланди
Ўзбекистон президентининг кичик куёви ҳамда президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари Отабек Умаров Осиё Олимпия кенгашининг Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Афғонистондан иборат Марказий Осиё минтақаси бўйича ташкилот вице-президенти этиб сайланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
МОК қайдича, Умаров бу лавозимга Осиё Олимпия кенгашининг Нью-Дели (Ҳиндистон) шаҳрида ўтказилган 44-Бош Ассамблеяси доирасида сайланган.
“Тадбирда сўз олган Отабек Муҳаммадалиевич қитъамиз спорти жаҳонда янада катта эътирофга сазовор бўлаётгани, бунинг исботи ўлароқ Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида Осиёнинг 4 давлати ТОП-15 таликдан жой олгани, Президентимизнинг спортни қўллаб-қувватлашлари билан Ўзбекистон ўз тарихида энг яхши натижани қўлга киритганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, билдирилган ишончни оқлашга, минтақада Олимпизмнинг пок ва эзгу ғояларини янада кенг тарғиб қилишга ваъда берди”, дейилган МОК хабарномасида.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кичик қизи, Отабек Умаровнинг хотини Шаҳноза Мирзиёева Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайлангани ҳақида хабар қилган эди. Шаҳноза Мирзиёева айни пайтда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари ҳамдир.
Мирзиёевнинг катта қизи Саида Мирзиёева эса Ўзбекистон президенти администрациясининг амалдаги раҳбари бўлиб ҳисобланади. У 2023 йил августида айни лавозимга тайинлангунига қадар Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири бўлиб ишлаган.
Эндиликда “бутун Марказий Осиё минтақасидаги Олимпизм ҳаракатининг ривожига масъул бўлажак” Отабек Умаров Озодлик ўзбек хизматининг сўнгги суриштирувнинг бош қаҳрамонига айланган эди. “Отабек Умаров ўнлаб миллион долларлик қасрни қайси пулига қуряпти?” сарлавҳали мазкур суриштирувни қуйида томоша қилишингиз мумкин:
Паралимпиячилар Ўзбекистонга 26 та медаль билан қайтишмоқда
Ўзбекистонлик паралимпиячилар XVII ёзги Паралимпия ўйинларидан рекорд натижа билан қайтишяпти.
Франциянинг Париж шаҳрида 28 августдан 8 сентябргача ўтказилган Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар биринчи марта 26 та медални (10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза) қўлга киритишга муваффақ бўлишган.
Умумжамоа ҳисобида медаллар сони бўйича жаҳонда 13-ўринни эгаллаган Ўзбекистон термаси Марказий Осиё, Ислом бирдамлиги ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида энг яхши кўрсаткичга эришган.
Тарихий натижага эришган паралимпиячилар делегацияси Тошкентга 9 сентябрь куни қайтиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳрида 3,6 балли зилзила содир бўлди
Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 05:45 да Ўзбекистон пойтахтининг Мирзо Улуғбек туманида 3,6 магнитудали зилзила содир бўлди.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотига кўра, зилзила эпимаркази шимоли-шарқий йўналиш бўйича Тошкент марказидан 10 километр нарида бўлган.
Ер силкиниши кучи пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Миробод, Шайхонтоҳур, Яшнобод, Олмазор, Яккасарой ва Чилонзор туманларида 2 баллга тенг бўлган.
Шунингдек, 9 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 08:41 да Қирғизистонда ҳам 3,4 магнитудали зилзила содир бўлган. ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази маълумотидан англашилишича, зилзила таъсири Ўзбекистон ҳудудида сезилган эмас.
Йўл нозирлари мажбурий “план”дан шикоят қилишмоқда
Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларига жарима ёзиш бўйича мажбурий “план” қўйилмоқда. Бу ҳақда “Kun.uz” нашри ЙҲХХ ходимидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Телеграм гуруҳда ЙҲХХ мутасаддилари томонидан берилган топшириқда ҳар бир ходим кунига 20 тадан қоидабузарликларни қайд этиши, шунингдек, автомобилни жарима майдончасига олиб кириш бўйича 2 та ҳуқуқбузарликни аниқлаши лозимлиги айтилган. 20 та баённомадан 10 таси маст ҳолда ёки тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқариш, рухсатсиз олд ойналар тусини ўзгартириш, сиренадан фойдаланиш, рулда телефондан фойдаланиш каби қўпол қоидабузарликлар бўлиши керак.
ЙҲХХ ходими тизим вакиллари гарданига “план” юклаб, унинг ижросини қаттиқ назорат қилаётган мулозим Тошкент вилояти ИИББ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи 1-ўринбосари Сирожиддин Назирханов эканини айтган. Телеграм мессенжери орқали юборилаётган топшириқлар ҳам айнан “С.Н.Назирханов” профилидан узатилаётганини кўриш мумкин.
Мазкур профиль эгаси топшириқларнинг бирида “АВТО ПАТРУЛЬ” рейд тадбири ўтказилаётганига қарамай, маст ҳайдовчилар аниқланмаётганидан ёзғирган.
“Мажбурий фалонча қоидабузар топасан, деган топшириқлар жуда кўп. Масалан, мастларни аниқлайсан, қаердан бўлса ҳам топ, дейди. Кўчада маст ҳайдовчи бўлмаса, биз нима қиламиз?” деган исми сир қолишини сўраган йўл нозири “Kun.uz” нашрига.
“Тошкент вил ИИББ ЙҲХБ АДХ” профилидан юборилган бошқа бир топшириқда умумий ва қўпол қоидабузарликлар 2023 йилга нисбатан 25 мингтагача камайиб кетганига “раҳбарият эътироз билдиргани” баён қилинган. Инспекторлар “қўпол қоидабузарликларни аниқлаш ишларини кучайтириши лозим”лиги уқтирилар экан, “иш натижалари юзасидан ҳар бир ходим билан шахсан 601 чи гаплашиши” писанда қилинган. Топшириқларни бажармаган раҳбар ва кураторлар қаттиқ интизомий таъсир чораларидан огоҳлантирилган.
“Kun.uz”га мурожаат қилган тизим вакилига кўра, йўл нозирларига қўшимча тўловлар тўланмаётир, иш вақти борасидаги меъёр ҳам бузилмоқда.
“Доим кўчада туриб хизмат қиламиз, сержант унвонига эга инспекторларнинг ойлиги 7,3 миллион сўм. Олдинлари ҳар бир ёзилган протоколимиздан 10 фоиз қисми бизга бериларди, шу билан ойликка 4-5 миллион сўм қўшилган. Бу ходимлар яхши ойлик олиб, пора олмаслиги учун қилинган эди. Лекин бир йилдан ошди, қўшимча пулни ёзган протоколимизга эмас, балки умумий сумма қилиб қўйди. Энди ойликка қўшимча 300 мингдан 500 минг сўмгача оляпмиз”, деган ЙҲХХ ходими.
Бундан ташқари, иш тиғизлиги ва дам олиш учун шароит яратилмаётгани сабаб йўл нозирлари оиласи ва болаларига вақт ажрата олмаётгани маълум қилинган.
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат юзасидан “Kun.uz”га йўллаган қисқа жавобида “бугунги кунда эски тизимдан воз кечилиб, маъмурий баённома тузиш бўйича ходимларга мажбурият (план) белгилаш амалиёти бекор қилингани”ни билдириш билан чекланган.
Германия канцлери Ўзбекистонга сафар қилади
Германия канцлери Олаф Шольц 15-17 сентябрь кунлари Ўзбекистон ва Қозоғистонга сафар қилади. Бу ҳақда ГФР ҳукумати воизи Штеффен Ҳебештрайт маълум қилди.
Бу Шольцнинг Марказий Осиё минтақасига илк сафари эканини урғулаган Ҳебештрайтга кўра, Германия канцлери ташриф чоғида борган мамлакатларининг давлат раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказади.
Қайд этилишича, Шольцнинг Мирзиёев ва Тоқаев билан музокаралари чоғида икки томонлама ҳамкорлик ва ташқи сиёсат масалалари диққат марказида бўлади. Хабарномада Германия канцлерининг Марказий Осиё давлатларига сафари чоғида унга катта бизнес-делегация ҳамроҳлик қилиши қўшимча қилинган.
Шунингдек, Шольц 17 сентябрь куни Қозоғистонда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё — Германия” (5+1) саммитида иштирок этади. Бу “Марказий Осиё — Германия” форматида ўтказилаётган иккинчи саммит бўлиб, илк саммит 2023 йил сентябрида Берлинда ўтказилган эди.
Ўша пайтда Озодлик Ўзбекистон президенти ҳам иштирок этган мазкур саммит ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг Берлинга амалий ташрифи ҳақида махсус репортаж тайёрлаган эди. “Мирзиёев Германияга нима учун борди?” сарлавҳали мазкур видеотаҳлилни қуйида томоша қилишингиз мумкин.:
Россияда ўзбекистонлик аёл хусусий клиникага мурожаати ортидан вафот этди
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл хусусий клиникадаги муолажа ортидан вафот этган. Бу ҳақда 78.ru хабар қилди.
Хабарга мувофиқ, 3 сентябрь куни 53 ёшли аёл Фрунзе туманининг Бела Кун кўчасида жойлашган тиббий марказга мурожаат қилган. Белидаги кучли оғриқдан шикоят қилган аёл санчиқдан халос бўлиш учун врачлардан ниш уриб, “блокада” қилиб қўйишни сўраган.
Нашр қайдича, врач укол қилиб-қилмагани ҳозирча маълум эмас, бироқ процедура рисоладагидек кетмагани аниқ.
Шундан сўнг аёл оғир аҳволда Петербургдаги касалхоналардан бирига етказилган, аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, ўша ерда жон берган.
Ҳолатга оид тафсилотлар ўрганилмоқда.