Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:46

Чеченистонга Муҳаммад алайҳиссаломга оид атиқалар келтирилди


Махсус қутилардаги атиқаларни аэропортдан Грозний марказидаги Ҳожи Аҳмад масжидига элтиш вазифасини Чеченистон президенти Рамзан Қодиров ва ўзбекистонлик таниқли шайх¸ собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари адо қилди.

Грознийга келтирилган атиқалар ичида Ислом пайғамбари Муҳаммад (с.а.в)га оид кокил¸ мўйи муборак ва ички кийим парчаси бор.

Шунингдек¸ пайғамбарнинг икки невараси Ҳасан ва Ҳусайнларнинг сочи¸ пайғамбарнинг қизи Фотиманики деб билинган оëқ кийимининг таг чарми дохил 13 экспонат Бирлашган Араб Амирликларидан келтирилиб¸ бир йил мобайнида Грознийда намойиш қилинадиган бўлди.

Мавлуд тадбиридаги азиз меҳмон

Пайғамбар мавлуди муносабати билан Грознийда бу осори-атиқалар намойиши ва мушакбозлик бўлиб ўтди.

Бу байрам куни Грознийда жамоат транспорти текин қилиб қўйилган. Элга ош тортилган. Мавлуд ўқилган масжид аҳлига пайғамбаримиз ичган тош косадан қуйилган сув эҳсон қилинди¸ дейди Озодлик мухбири Асланбек.



Грознийдаги Озодлик мухбири Асланбекнинг айтишича¸ ўзбекистонлик таниқли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу тадбирларнинг асосий меҳмонларидан бири бўлган.

Россия муфтийлар кенгаши раисдоши¸ мусулмонлар идорасининг шарқий Россия бўйича бош муфтийси Насрулло Ашраф ҳазратларининг Озодлик мухбирига билдиришича¸ Ислом пайғамбари билан боғлиқ бебаҳо осори-атиқаларнинг аэропортдан масжидга келтириш вазифаси катта ҳурмат билан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига лойиқ кўрилган:

- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф постсовет ҳудудидаги йирик дин арбобларидан бири. 90-йилларда мусулмонлар орасида катта эътиборга эга бўлган. Иккинчидан¸ у Чеченистон президенти Рамзан Аҳмадовичнинг отаси¸ марҳум Аҳмад ҳожига устозлик қилган. Шайх ҳазратлари Қодировлар оиласи билан эскидан яқин. Шу боис шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Чечен республикаси президентининг ва бутун чечен халқининг азиз дўсти сифатида бу вазифага лойиқ кўрилди¸ дейди Россия муфтийлар кенгаши раисдоши.

Суҳбатдошимизга кўра¸ Абу Дабидан келтирилган экспонатлар Россия ҳудудидаги илк исломий қадриятлар музейида бир йил мобайнида сақланади. Бир йилдан кейин эса бу экспонатлар ўрнини бошқаси эгаллайди.

Чеченистон раҳбари Рамазон Қодиров ўтган йили Расулуллоҳ косаси дея билинган осори-атиқани Лондондан Грознийга олиб келган эди.

Коса билан бирга Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак равзалари устига узоқ йиллар давомида ёпиб қўйилган икки қадимий гилам ҳам келтирилган бўлиб, бу муборак осори-атиқалар Чеченистонда абадий сақланадиган бўлди.

Ширкми ë маданий ëдгорлик?

- 1400 йиллик тарихга эга бу осори-атиқалар Ислом тарихининг бир қисмидир. Бу осори-атиқаларнинг Грознийда намойиш қилиниши хайрли ишдир¸ деди мусулмонлар идорасининг шарқий Россия бўйича бош муфтийси Насрулло Ашраф ҳазратлари Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Пайғамбарга оид буюмларнинг алоҳида иззат-икром қилиниши тақвоси кучли мусулмонлар назарида ислом арконларига зид келиб¸ бутпарастлик кўриниши деган эътирозлар бор.

Бу эътирозга жавоб берган муфтий Насрулло Ашраф бу экспонатларнинг бут эмас, балки ëдгорлик эканлигини таъкидлаб¸ ўз гапини ҳадис биллан қувватлади:

- Инна мал аъмалу бин ният¸ деган саҳиҳ ҳадис бор. Одамнинг ҳар ҳатти-ҳаракати унинг нияти билан ўлчанади. Агар кимдир буюмга топинса¸ албатта, бу жоҳилият аломатидир. Аммо мен пайғамбаримиз сочи ëки у кишига оид либос парчаси сиғиниш объекти деб ўйламайман. Бунга маданий меросни асраш деб қараш керак¸ дейди муфтий Насрулло Ашраф.
XS
SM
MD
LG