Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:39

Ўзбекистонлик қочқин суди 28 январга белгиланди


28 январ куни Бишкек шаҳар суди Ҳабибулло Сулаймоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш қарорига нисбатан адвокат Токтогул Абдиев киритган шикоят аризасини кўриб чиқади. Ўзбекистонлик имом, Қирғизистонда қочқинликда юрган Ҳабибулло Сулаймонов Бишкекда 2012 йил 6 октябрида қўлга олинган эди.

Сулаймоновни москвалик ва бишкеклик ҳуқуқ фаоллари ҳимоя қилмоқда

Москвадаги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Ҳабибулло Сулаймоновнинг иши халқаро ҳамжамият назаридан четда қолаётгани учун ҳам Бишкек уни Ўзбекистонга қайтариш тўғрисидаги қарорни кучда қолдириши мумкин, деб ҳисоблайди.

“Шу кунгача Сулаймонов иши Қирғизистон ташқарисида жуда кам одамга маълум, бу эса унинг ватанига қайтарилиш хавфини кучайтиради. Сўнгги йиллар тажрибаси шуни кўрсатдики, Марказий Осиёда бошпана сўровчилар тақдири кўпинча ўзгариб турувчи сиёсий конъюктурага қараб ҳал қилинади”, дейилади “Мемориал” ҳуқуқ маркази баёнотида.

Бундан аввалроқ бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам ўзбекистонлик қочқин Ҳабибулло Сулаймоновнинг Ўзбекистонга қайтарилиши юзасидан Бош прокуратура чиқарган қарорга норозилик билдирган эдилар. Танқили ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасуловага кўра, Қирғизистон қочқинни Ўзбекистонга қайтарса халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажармаган бўлади.

Қирғизистон Омбудсмени Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида сақланаётган ўзбекистонлик Ҳабибулло Сулаймоновга қочқин мақомини бериш илтимоси билан ҳукумат тузилмаларига мурожаат қилган. Омбудсмен Турсунбек Акун Ҳабибулло Сулаймонов ватанига қайтарилса, қийноқларга солинишидан ташвиш билдирди.
Қирғизистон Бош прокуратураси БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонасининг уч ойдан бери ҳибсда сақланаётган Сулаймонов билан учрашишга рухсат бериш тўғрисидаги илтимосини қаноатлантирган.

Ҳабибулло Сулаймонов ким?

Ҳабибулло Сулаймонов 1957 йил 30 январида Фарғона вилоятида туғилган. Унинг отаси Сулаймон қори Совет даврида Тошкентдаги Ислом институтида муаллимлик қилган. Акаси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасида ишлаган.

1989 йилда Ҳабибулло Сулаймонов Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри масжиди имом ҳатиби бўлди. Кейинроқ Тошкентдаги маҳалла масжидига имомлик қилган. 1997 йилда масжидда “ваҳобий”лар таъсирини кучайтириб юборгани учун деган айблов билан ишдан бўшатилган.

Хабарларда айтилишича, Ҳабибуллоо Сулаймонов ўзига нисбатан таъқиблардан қочиб, 2001 йили Бишкекка келган ва бу ерда савдо-сотиқ билан шуғулланган.
“2001 йилда Ҳабибулло Сулаймонов Хасан Ҳамидхўжаев номига расмийлаштирилган ҳужжат билан чегарадан ноқонуний ўтиб, Бишкекка келган”, деб қайд этилади “Мемориал” баёнотида.

Сулаймонов 2012 йилнинг 19 ноябрида Қирғизистон расмий идораларига бошпана изловчи шахс сифатида ариза берган. Бироқ унинг аризаси турли сабаблар билан рўйхатга олинмаган.

Ўзбекистон томони Ҳабибулло Сулаймоновни Ўзбекистондаги Конституциявий тузимга тажовуз қилишда айблаб, 1999 йилда халқаро қидирувга берган.
XS
SM
MD
LG