Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:17

Ўзбекистон-Қирғизистон: темир йўл пунктлари очилди


Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрибоева Озодлик мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон билан Қирғизистон чегараси ўртасидаги тўртта темир йўл назорат-ўтказиш пункти очилгани ва кунига 30-40 вагон чегарадан ўтказилаётганини тасдиқлади.

-“Қизилқия-темир йўл”, “Қорасув-темир йўл”, “Жалолобод-темир йўл” ва “Шамолдисой-темир йўл” ўтказиш пунктлари 26 январдан бошлаб очилди. Назорат-ўтказиш пунктларидан темир йўл составлари, юклар ва уларни олиб кетаётган шахслар ўтказила бошланди, - деди Бўрибоева.

Мазкур пунктлар 21 январ куни Ўзбекистон томонидан бир томонлама ёпиб қўйилган, бунинг натижасида ҳар икки томонда Қирғизистонга қарашли жами 700 вагон йиғилиб қолганди.

–Ҳозир чегарадан кунига 30-40 вагон ўтказиляпти, - деди Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрибоева.

Ўтган ҳафта охирида, аниқроғи, 25 январ куни қирғиз расмийлари маҳаллий аҳоли тўсқинлик қилишга уринганига қарамай, Ўзбекистон томонидан Сўх ва Шоҳимардонга юборилган гуманитар ёрдамни ўтказгандилар.

Шундан бир кун ўтгач, темир йўл назорат-ўтказиш пунктлари очилган.

–Биласиз, ўтган ҳафтада Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизматлари раҳбарлари ўртасидаги музокаралар чоғида Қирғизистоннинг Барак эксклави ҳамда Божой аҳоли пункти ва Ўзбекистоннинг Сўх ҳамда Шоҳимардон анклавига гуманитар юкларни етказиш бўйича келишувга эришилганди. Ҳозир икки мамлакат эксперт ишчи гуруҳлари мамлакатлар фуқароларининг чегарадан эркин ўтишларини таъминлаш учун Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасидаги приоритет ўтиш пунктларини очиш бўйича иш олиб бормоқда, - дейди Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот вакили Гулмира Бўрибоева.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида жами 15та ўтиш пункти бор. Ҳозир шулардан тўрттаси очилган. Қирғизистон Давлат чегара хизматига кўра, қолгани босқичма-босқич очилади.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида анклавларга инсонпарварлик ёрдамини етказиш учун чегараларни очиш ҳақида келишувга эришилганидан сўнг ҳам Риштон туманидаги Сўхга олиб борувчи йўлдаги постлар ёпиқ қолмоқда. 6 январдан буён анча сондаги сўхликлар Риштон тумани ва Фарғона вилоятининг бошқа жойларида қолишмоқда.

-Сўх анклави атрофидаги ўтиш пунктлари икки тарафлама, Ўзбекистон томонидан ҳам Қирғизистон томонидан ҳам ёпилган. Ушбу минтақада вазият тўлалигича барқарорлашганидан сўнг у ердаги ўтиш пунктларини очиш масаласи ҳал этилади, - деди Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот вакили.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаралар январ бошида Сўхда юз берган тўқнашувлар ортидан ёпиб қўйилганди.

Сўх анклави яшовчилари йўллар ёпилганлиги туфайли ҳануз ташқи дунёдан ихоталаниб қолганликларини айтишади.

Айни пайтда чегара очилишини кутиб турган минглаб сўхликлар Фарғона вилоятининг Риштон туманида қолиб кетишмокда.

- Бу ерда уч мингтача сўхлик бор. Пулимиз тугаб қоляпти. Ҳозир риштонликлар биздан қочяпти. Ҳаммасини уйида ётиб чиқдик. Энди уларни муаммолари ҳам ўзларига етади. Газ йўқ, свет йўқ. Чегарани очишсин-да, - дейди Риштон туманида қолиб кетган сўхликларнинг бири 24 яшар Султонали.
XS
SM
MD
LG