Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:38

Каримов "авторитар" бўлишга мажбурми?


Ўзбекистонни 24 йилдан бери бошқариб келаётган Ислом Каримов 30 январ куни 75 ёшга тўлди.
Ўзбекистонни 24 йилдан бери бошқариб келаётган Ислом Каримов 30 январ куни 75 ёшга тўлди.

Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий шароитдан ва мамлакатнинг геосиёсий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда президент Ислом Каримов авторитар сиёсат юритишга мажбур. Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалалари бўйича таниқли эксперт Имомберди Жалилов мана шундай фикр билдирди.



Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни 75 ёшга тўлиши муносабати билан табриклади.

Табрик матнида, жумладан, “Сизнинг раҳбарлигингиз остида Ўзбекистон мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни амалга оширишда, республиканинг кўп миллатли халқини бирлаштиришда ва мамлакатнинг халқаро нуфузини оширишда сезиларли муваффақиятларга эришди”, деб таъкидланади.

Ўзбекистон президентининг 75 ёшга тўлиши муносабати билан Қирғизистондаги таниқли сиёсат, жамоат арбоблари, сиёсатшунослар ва экспертлардан Ислом Каримов олиб бораётган сиёсатга нисбатан фикр билдиришни илтимос қилдик.
Қирғизистон-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси, таниқли давлат ва жамоат арбоби Бахтиёр Фаттоҳов Ислом Каримовни "буюк инсон" дея таърифлайди.

- Ислом Абдуғаниевич улуғ инсон. Мен у кишини чин юракдан табриклайман. 1990 йилдаги маъшум Ўш воқеаси асоратларининг бартараф этилиши Ислом Абдуғаниевичнинг Ўшга келишидан бошланди. 2005 йилда эса Ўзбекистон уч минг тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдамини Қирғизистонга юборди. 2010 йил воқеасида Ислом Каримовнинг оқилона сиёсат юрита олгани туфайли Ўрта Осиёда тинчлик сақлаб қолинди. Ислом Каримов Ўрта Осиёдаги тинчлик таянчи бўлган инсонлардан бири,- деди Бахтиёр Фаттоҳов.

Бироқ қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг Ислом Каримов шахсига муносабати бошқачароқ.

- Албатта, президентни бугунги 75 ёши билан табриклаймиз. Айни пайтда у режимни юмшатишини, сўз эркинлигини таъминлашини, фуқаролик жамияти тараққиётига тўсқинлик қилмаслигини, Ўзбекистонда кафолатланган инсон ҳуқуқларига амал қилиниш учун шароит яратиб беришини жуда истар эдик. Жаҳонадаги барча ҳуқуқ ҳимоячиларининг Ўзбекистонга ва унинг раҳбарига нисбатан позицияси бир ҳилда, десам янглишмайман. Авторитар бошқарув туфайли Ўзбекистон халқи қашшоқлик ва азобда яшамоқда,- деди ҳуқуқ фаоли Тўлайкан Исмоилова.

Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалалари бўйича таниқли эксперт Имонберди Жалилов Ўзбекистон президенти олиб бораётган сиёсатга баҳо беришда бир томонлама ёндашув хато бўлишини айтади.

- Қарама-қаршиликлар бор, албатта. Биринчи навбатда сиёсат соҳасида. Ислом Каримов ғарб нуқтаи назаридан қаралганда, демократик тамойилларни тан олмаган диктатор сифатида эътироф этилади.

Иккинчидан, Каримовнинг ўзбилармонликка кўпроқ мойиллиги ҳам ғарбга ёқмайди. Аммо маҳаллий нуқтаи назардан, яъни туркий ва мусулмон эллари позициясидан ёндашадиган бўлсак, демократик деб аталувчи жараёнлар мантиқ, мазмун ва йўналиш жиҳатидан ҳам ғарбникидан фарқ қилади.

Энди масалага Ўзбекистон қандай давлат деган нуқтаи назардан ёндашайлик. МДҲда 150 та вилоят ва мухторият бор. Уларнинг 6 тасида 1 квадрат километр майдонга 150 дан ортиқ аҳоли тўғри келади. Мана шу 6 вилоятнинг 5 таси Ўзбекистонда жойлашган. Демак, аҳолининг зичлиги, ишсизлик даражасининг юқорилиги, билим даражасининг ўта пастлиги, демографик жараёнларнинг бугунги замон талабига жавоб бермаслиги каби муаммолар бор. Буларнинг барчаси Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг издан чиқишига туртки беради. Мана шундай шароитнинг олдини олиш олий даражадаги вазифаси бўлган Ўзбекистон президенти ғарб назарида авторитар шахс бўлиб туюлиши мумкин,- деди Имонберди Жалилов.

Бироқ Бишкекдаги “Дин, ҳуқуқ, сиёсат” маркази эксперти Данияр Мурадилов Ислом Каримов юритаётган сиёсат мамлакатда экстремизм ва террорчиликнинг кучайишига бевосита сабаб бўлаётир, деб ҳисоблайди.

- Диний маърифат бир оз сиёсий нуқтаи назардан олинадиган бўлса, диндорларни Сталин давридагидай қувғин қилиниши, қамалиши бугунги ўзбек жамиятида оддий жараёнга айланиб қолди. Бунинг оқибатида диний оқимлар фаолияти яширин тарзда олиб борилмоқда. Бу эса эстремистик ва террорчилик нуқтаи назарларининг кучайиши учун омил яратувчи энг катта сабабдир. Менимча, 90 йилларнинг бошларида президент Каримов ва Жума Намангоний ўртасида содир бўлган зиддият ҳалигача Ўзбекистонда ўз акс-садосини бермоқда,- деди Данияр Мурадилов.

Эксперт Имонберди Жалилов Сўх воқеаси ва Ўзбекистон-Қирғизистон чегара муносабатлари масаласига ҳам алоҳида тўхталди. Унинг фикрича, Шўролар давридан мерос бўлиб қолган бу муаммоларни ҳал этилишида Ислом Каримов асосий ролни ўйнаши лозим эди.

- Шўроларгача биз Туркистон бўлиб яшаб келдик. Мана шу қадриятни қайта тиклашда Ислом Абдуғаниевич иқтидорсизлик қилмоқда. У оқсақол қаторида Туркистон байроғини кўтариб кетадиган одам эди. Биз унинг мана шу йўналишда харизматик лидер бўлишини истар эдик. Мана шунда бир қатор муаммолар ҳал этилишини кутиш мумкин. Афсуски, бу борада замонавий ёндашув бўлмаяпти. Ўзбекчасига айтганда, ижобий ёндашиш усулларининг озлиги сезилиб қолди,- деди Имонберди Жалилов.
XS
SM
MD
LG