Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:28

Сўхга Шавкат Мирзиёевнинг келиши кутиляпти


Қарийб бир ойдан буён қамалда қолаётган Сўх туманига Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг келиши кутилмоқда. 2 феврал куни Сўх туманининг Қирғизистонга чегарадош бўлган Шарқобод қишлоғида ҳукуматлараро икки томонлама учрашув ўтказилиши режалангани айтилмоқда.


Сўхликлар Бош вазирдан умид қилмоқда

Фарғона вилоятининг Сўх эксклави Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукумат делегацияси келишига тайёргарлик кўрмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Сўх туманидаги манбага кўра, шанба куни Шарқобод қишлоғида Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтади:

- Шарқобод қишлоғи шундоққина Қирғизистон чегарасида жойлашган. Туман ҳукуматида ишлайдиган мулозимнинг айтишича, шу қишлоқдаги мактаб учрашув учун тайёрланяпти. Ўзбекистон томонидан келадиган делегацияда 60 киши иштирок этиши айтилмоқда. Қирғизистон томонидан кимлар келишини билмайман. Бу музокараларда чегара қўшинлари мулозимлари ҳам қатнашади. Жуда кўп масалалар муҳокама қилиниши кутиляпти. Бош вазир муаммоларимизни ҳал қилиб берар, деб умид қилиб турибмиз,- дейди сўхлик манба.

Унинг айтишича, айни пайтда Сўх туманида бош вазирни кутиб олишга тайёргарлик кўриш ишлари маҳалларга топширилган:

- Ҳокимиятдан маҳалла оқсоқолларига топшириқ бўлган. Кўчалар супуриб-сидириляпти, ободончилик ишлари ўтказиляпти,- дейди сўхлик манба

Қирғизистоннинг Боткен вилояти губернатори ўринбосари Саитжон Эратов ҳам Озодлик билан суҳбатда икки томонлама учрашув режалаштирилаётганини тасдиқлади. Саитжон Эратовга кўра, музокаралар аввал ҳарбийлар иштирокида, жума куни бошланади:

- Эртага, 1 феврал куни Боткен туманида икки мамлакат чегара хизмати идоралари раҳбарлари учрашади. Бу учрашувда икки қўшни вилоят ҳокимлари ҳам қатнашиши кўзда тутилган,- деди Боткен вилояти губернатори ўринбосари Саитжон Эратов.

Саитжон Эратовнинг айтишича, бу учрашувларда чегара масалалари ва икки мамлакат эксклавларидаги йўл муаммолари ҳам кўриб чиқилади.

Сўхда яримтадан совун тарқатилди

Қарийб бир ойдан буён қамалда қолаётган Сўх ва Шоҳимардон эксклавларига 25 январ куни 31 та машинага ортилган озиқ-оқат маҳсулотлари ва бензин келтирилган эди.

Сўх туманининг Ғазнок қишлоғида истиқомат қилувчи, овозини эшиттирмаслик шарти билан Озодликка гапирган манбага кўра, 25 январ куни Сўхга Ўзбекистондан олиб келинган озиқ-овқат ва хўжалик маҳсулотлари жуда оз миқдорда тарқатилган:

- Ҳар бир хўжаликка яримтадан кир совун беришди. Ҳар киши бошига 200-250 граммдан пахта ёғи берилди. Масалан, биз оилада тўрт кишимиз, бир кило ёғ берди. Беш минг сўм бердим. Шакар ҳам бир-икки килодан бериляпти, 3800 сўмдан килоси. Бироқ, ҳали ун беришгани йўқ. Олиб келинган бензин эса заправкаларга тақсимланди, ҳар бир литри 1900 сўмдан сотилди. Беш литрдан ортиқ беришмади,- дейди Ғазнок қишлоғида истиқомат қилувчи бу манба.

Ҳукумат берган озиқ-овқат маҳсулотлари бир оилага урпоқ ҳам бўлмайди, дейди суҳбатдошимиз. Лекин айни пайтда, туманда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хўжалик молларининг нархи ҳаддан ортиқ қимматламаган.

- Қирғизистонликларнинг ўзлари чегарадан гаплашиб совун,сигарет, чой, бензин ўтказяпти. Бу ғамхўрлик эмас, балки бизнес бўляпти. Чунки илгари ҳам уларнинг бозори Сўх билан боғлиқ эди. Бизга ҳозир Тожикистонда ишлаб чиқарилган пахта ёғи кириб келяпти. Шу йўл билан қўшнилар ҳам тирикчилик қиляпти, биз ҳам яшаяпмиз. Ҳозир бензиннинг қўлдаги нархи 3000 минг сўм,- дейди ғазноклик манба.

Сўхда гўшт нархи бир хил турибди

Сўх туманининг Қалъача қишлоғида истиқомат қилувчи, исми сир қолишини сўраган оддий деҳқоннинг айтишича, чорвага бериладиган ем масаласи оғир бўлиб қолган:

- Бизда гўшт нархи бир хил турибди. Мол гўшти 15-16 минг сўм, қўй гўшти 20 минг сўм. Кўпчилик молини сўйиб сотяпти. Чунки ем йўқлигидан моллар озиб кетяпти. Илгари Риштондан ем келарди, ҳозир йўллар ёпилгани учун ем ҳам қолмади,- дейди қалъачалик деҳқон.

Сўх йўли Қирғизистоннинг Бужай қишлоғи учун очиқ

Сўхликларнинг айтишларича, Қирғизистонга қарашли Бужай қишлоғига йўл Сўх тумани орқали ўтади. Бу қишлоқда 500 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Сўхдаги ҳокимиятининг исми сир қолишини сўраган мулозимнинг айтишича, туман ҳокимияти томонидан бу қишлоққа ўзбекистонликларнинг инсонпарварлик ёрдами етказилган:

- Мен ўзим кузатиб бордим бу юкни. Бужайликларга 5 тоннадан иборат ун, ёғ, гуруч ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказдик. Бундан ташқари, Қирғизистон томондан келаётган юклар ҳам бемалол ўтяпти. Куни-кеча 8 тонна кўмир ўтказиб берилди. Бироқ, бизнинг биртомонлама ҳаракатларимизга Қирғизистон томони эътибор бермаяпти, Ўзбекистонга йўлимизни очмаяпти,- дейди мулозим.

Жорий йилнинг 5-6 январ кунлари қирғиз-ўзбек чегарасида содир бўлган Сўх можаросидан сўнг Шоҳимардон эксклави ҳам қирғизистонлик чегарачилар томонидан ёпиб қўйилган. Айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Қирғизистоннинг Барак қишлоғи ҳам ўзбек чегарачилари томонидан тўсиб қўйилган.
XS
SM
MD
LG