Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:47

Сўх йўли бир кунга очилди


Чегара ёпиб қўйилгани боис Сўх эксклавидан ташқарида қолган сўхликларнинг уйларига қайтишлари учун чегаралар бир кунга очилди. Бунга оид келишувга 1 феврал куни Сўх тумани Шарқобод қишлоғида ўтказилган ўзбек-қирғиз музокараларида эришилди.


Қарийб бир ойдан буён уйларига қайтолмаётган сўхликларга 1 феврал куни хушхабар келди.

Риштонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳодир Элибоевнинг Озодликка айтишича, расмийлар сўхликларга Фарғона вилоятининг Водил қишлоғидаги Қирғизистон чегараси яқинида йиғилишга кўрсатма берган ва 1 феврал куни тушдан кейин барча сўхликлар Водил томон жўнаб кетган:

- Фарғона вилоятининг турли туманларида қолаётган сўхликларга бугун кечга томон соат 7да Водилдаги чегарада йиғилишлари айтилди. Уларнинг баъзилари ўз мошиналарида, қолганлари эса Отойўл автобусларида, милиция ходимларининг кузатуви билан Сўхга етказиб қўйилади. Риштонда қолаётганлар тахминан бир ярим мингга яқин эди, бошқа туманларда қанча эканлигини билмайман,- дейди Баҳодир Элибоев.

Сўхликларни уйларига қайтаришга оид келишувга 1 феврал куни Сўх туманининг Қирғизистонга чегарадош Шарқобод қишлоғида ўтказилган икки томонлама учрашувда эришилган.

Музокараларда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси раиси Рустам Эминжонов, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Сўх тумани ҳокими Таваккал Раҳимов, Қирғизистон томонидан эса ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги ишончли вакили Жениш Разақов, Қирғизистон давлат чегараси хизмати раиси Тўқон Мамитов, Боткен тумани ҳокими Сейитмурат Каликов, иштирок этган.

Сўхдаги Озодлик манбасининг музокараларда қатнашган мулозимга таяниб айтишича, учрашувда Қирғизистоннинг Чорбоқ қишлоғи аҳолиси ва сўхликларни яраштириш тадбири ўтказилган:

- Икки томондан раҳбарлар, маҳалла оқсоқоллари йиғилган. Аввал учрашув Қирғизистоннинг Ўрикзор қишлоғида бўлиб ўтган. Палаткалар тикилиб, дастурхон ёзилган экан. Яраш оши бўлган. Кейин Сўхнинг Шарқобод қишлоғида, қўй сўйилиб зиёфат берилган. Икки томон маҳалла оқсоқоллари тинчликни, яхши қўшничиликни сақлаб қолиш ҳақида гапиришган,- дейди Озодлик манбаси.

Унинг айтишича, Қирғизистоннинг Ўрикзор қишлоғида бир гуруҳ йигитлар яраш ошини бузмоқчи бўлганлар:

- Бир 50 нафар қирғизистонлик йигитлар келиб, биз ярашмаймиз, деб музокараларни бузмоқчи бўлган. Лекин қирғизистонлик милиция ходимлари дарҳол уларни тарқатиб юборган,- дейди Озодлик манбаси.

Сўнгги хабарларга кўра, иккала томон вакиллари келишувга оид протоколни имзолаш учун Боткен тумани ҳокимиятига кетган. Бу музокараларда қандай келишувларга эришилгани ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Жорий йилнинг 5-6 январ кунлари қирғиз-ўзбек чегарасида содир бўлган Сўх можаросидан сўнг Шоҳимардон эксклави ҳам қирғизистонлик чегарачилар томонидан ёпиб қўйилган. Айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Қирғизистоннинг Барак қишлоғи ҳам ўзбек чегарачилари томонидан тўсиб қўйилган.
XS
SM
MD
LG