Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:18

Яширин қиморхона, никоҳсиз бола ва 2000 йиллик тош ҳақида


Сирдарёлик бемор халоскор шифокорини алдаб кетди. Қаршида 2000 йиллик қимматбаҳо тош топилди. Хонанда Райҳон бола орттиргани ҳақидаги овозани рад қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.


“Чойхона хўжайини қиморхонадан бехабар”

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани “Кармюлов” чойхонасида жойлашган яширин қиморхона фош этилган.

Яккасарой тумани прокуратураси вакили Қувончбек Сидиқов “Бозор ва истеъмолчи” газетасига ёзишича, чойхона раҳбари Шоҳруҳ Маллаев ўзига қарашли ҳудудда қиморхона ташкил этилганидан бехабарлигини билдирган. Шу тариқа, қиморхона ташкилотчилигида бош ошпаз Абдусами Раҳимбердиев айбланган.

У Жиноят кодексининг 278-моддасига мувофиқ, 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Пировардида суд озодликни маҳрум этиш жазосини шартли ҳисоблаб, 3 йил синов муддати белгилаган.

“Автобуслар пойгаси йўловчилар ҳаётига хавф туғдирмоқда”

Тошкент шаҳридаги автобус ҳайдовчилари орасида йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйиб пойга ўйнаш кўпаймоқда (“Ҳуррият”, 30 январ).

Кунлик касса тушумини ошириш учун йўловчи талашишга тушиб кетган ҳайдовчилар хусусий автомобил эмас, жамоат транспорти бошқараётганини унутиб қўймоқда.

“Эътирозларимиз қуруқ бўлмаслиги учун “пойгачи”ларнинг айримлари ҳақида тўхталиб ўтсак. Дейлик, 131- ва 116-йўналишдаги автобуслар “Афрўз” ресторани чорраҳасида учрашиб, Генерал Узоқов чорраҳасигача қувишишади. 76-, 11- ва 47-йўналишдаги автобуслар эса трио (учта) бўлиб мусобақалашишади. 87- ва 34-автобуслар ҳам бундан мустасно эмас”, деб ёзади Камолиддин Ҳамдамов. Айтилишича, автобуслар 23:00 га қадар ҳаракатланиши керак бўлгани ҳолда, айрим пайтлар 21:00 даёқ гаражга равона бўлмоқда.

“Асоссиз қарз ёзган газчилар жазоланди”

Тошкент вилояти Зангиота тумани газ таъминоти корхонаси назоратчиси Ш. Алихоновга лоқайдлиги ва хизмат вазифасига совуққонлик билан қарагани учун интизомий жазо қўлланилди. Бу ҳақда “Истеъмолчи” нашри хабар берди.

Назоратчи Алихонов Эркин қишлоқ фуқаролар йиғини 33-уйда истиқомат қилувчи А. Аҳмедовга асоссиз равишда 400 минг сўмдан ошиқ қарз ёзган. Текширув чоғида фуқаро газ тўловини мунтазам узиб келгани аниқланган.

Самарқанд вилояти “Тайлоқтумангаз” корхонаси назоратчиси Ш. Исоқуловга ҳам жарима солинган. Нозир Боғизоғон қишлоғида яшовчи фуқаро Худойберди Қобиловга асоссиз 900 минг сўм қарз ёзган.

“Хўжалик суди қоғозбозликни қачон тўхтатади?”

Хўжалик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди бюрократик идора бўлиб қолмоқда (“Новый век”, 31 январ).

Тафсилотларга қараганда, Тошкентдаги уй-жой мулкдорлари ширкати кўп қаватли уй томини сифатсиз таъмирлаган хусусий фирма устидан хўжалик судига мурожаат қилган. Аммо суд қоғозбозлик важидан аризани бир неча марта қайтарган.

Боз устига, судялар М.Остонов ва Л.Носирова имзоси билан йўлланган жавоб хатларида бир-бирини мувофиқ келмайдиган тушунтиришлар ўрин олган.

“Суд принципиал позициясида собит тургани туфайли жавобгар заррача ҳам жавобгарликни ҳис қилмаётир, бамайлихотир юрибди, даъвогарнинг устидан куляпти ва яқин-ўртада фирмасини ёпиб юборса ҳам ҳеч гап эмас”, деб ёзади К. Мусаев.

Муаллифга кўра, хўжалик судининг қоғозбозлиги жиноятни хаспўлашга хизмат қилмоқда.

“Фермер халоскор шифокорини алдаб кетди”

Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги фермер хўжалиги раҳбари Суннатилла Маликов фирибгарлик жиноятида айбдор, деб топилди.

“Адолат” газетасига кўра, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Сирдарё вилоят филиалида даволанган Маликов ўз халоскори, жарроҳ Ҳотам Нишоновни чув туширган. Касалликдан фориғ бўлган фермер ёлғон ваъдалар билан шифокордан 8 миллион сўмга яқин маблағ олиб, қайтармаган.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди судяси Ҳусниддин Дўсназаровнинг маълум қилишича, айбланувчи зиммасига моддий зарарни ундириш мажбурияти ҳам юкланган.

“Райҳон никоҳгача қиз орттирганини рад этди”

Хонанда Райҳон қизи борлиги ҳақидаги миш-мишларни инкор қилди (“Даракчи”, 31 январ).

Одамлар орасида Райҳон турмушга чиққунига қадар қиз кўрган, аммо буни жамоатчиликдан яшириб келган, деган овозалар тарқалган.

Хонанданинг турмуш ўртоғи Йигитали ҳамда жажжи қиз билан тушган сурати миш-мишлар тарқалашига сабаб бўлгани айтилмоқда.

“Очиғи, бундай ширин қизалоғим бўлса, йўқ демасдим. Бу қиз дугонам Ширин Ғофурованинг фарзанди. Унинг исми ҳам Райҳон. Тўғрисини айтсам, фарзандли бўлиш ниятим йўқ эмас. Бу ёғи Яратганга боғлиқ” деган хонанда миш-мишни изоҳлаб.

“Тошкентда илиқ баҳорий ҳарорат қорга алмашади”

Ўзбекистонда январ ойининг охирги кунлари ҳавонинг кескин кўтарилиши кузатилди.

Гидрометеорология маркази маълумотларига қараганда эса, феврал ойининг биринчи ҳафтасида ҳарорат бироз тушиб, республика бўйлаб ёмғир ва қор ёғади (“XXI аср”, 31 январ). Хусусан, Тошкент ва пойтахт вилоятида ҳафта давомида ҳаво булутли бўлади. 2 феврал куни ёмғир, 5-6 февралда эса қор ёғади. Мамлакат бўйлаб ҳаво ҳарорати кечқурунлари 0 даражадан паст бўлиши кутилмоқда.

Айни пайтда, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жорий йил 28 январ – 3 феврал кунлари тоғли ҳудудларда кўчки хавфи мавжудлигидан огоҳлантирган.

“Қаршидан 2000 йиллик қимматбаҳо тош топилди”

Ўзбек археологлари Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридан 2000 йиллик тарихга эга қимматбаҳо тош топишди.

“Uzbekistan Today” газетаси эътирофига кўра, тўқ қизил рангли ақиқ тошига мураккаб сангтарошлик услубида бургут ва жангчининг митти тасвири дарж этилган.

Топилма сангтарошлик ва глиптика санъатининг нодир намунаси, деб баҳоланган. Олимлар бундай тасвир илгари учрамаганини ҳам билдиришган.
XS
SM
MD
LG