Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:04

Россиядаги муҳожирлар Ўзбекистонга доллар юборишдан чўчимоқда



Ўзбекистонда хорижий валюта айирбошлашга жорий этилган чекловлар чет элдан долларда пул жўнатувчи ўзбекистонликларни ташвишга солиб қўйди. Хусусан¸ Россиядаги муҳожирларнинг аксари уйга доллар юборсак долларда берармикан, деган ўйда пул жўнатишга иккиланиб турганликларини айтишмоқда.

Россиянинг Калуга шаҳридаги заводларнинг бирида ишловчи фарғоналик 37 яшар Акбаржон ва у билан бирга ишлаётган ҳамюртлари Ўзбекистонга пул жўнатишга иккиланиб турганини айтади:

- Ҳайрон бўлиб турибмиз. Юборган пулимизни давлат курсида берадиган ёки алмаштириб берадиган бўлса бу бизга маъқул бўмайди-да. Ёнимда турганлар ҳам ҳайрон бўлиб турибди, жўнатайликми, жўнатмайликми, нима бўлар экан, деб. Чунки, Ўзбекистонда эртага қуёш чиқиб туриб, қор ёғивориши мумкин. Давлат курсида берадиган бўлса, пулни бу ерда тўплаганимиз маъқул, дейди Акбаржон.



Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат қилаётган хоразмлик Азамат ҳам янги тартиб жорий қилинганидан буён Ўзбекистонга пул жўнатишга қўрқаётганини айтади:

- Шу янги тартиб чиқдию, пул жўнатишга ўйланиб қолдим. Ҳозир ойлигимни юбормай, ўзим билан ушлаб турибман. Нима бўлишини билмаймиз, ҳеч ким аниқ гапни айтмаяпти, дейди Азамат.

Москвада ишлайдиган андижонлик Суҳробжон эса Ўзбекистонга жўнатилган долларни у ердаги банклар долларда бериш-бермаслигини синаб кўриш учун оиласига 200 АҚШ доллари жўнатиб кўрганини айтади:

- Биз ҳам оз-моз ўйландик. Кейин озроқ “Золотая карона” орқали жўнатиб кўрдик. 200 АҚШ доллари юборувдим, Ўзбекистондаги банк долларда берди. Энди ҳозир берaяпти экан, лекин эртага нима бўлиши қоронғу. Оғир меҳнат билан топилган пулни ким ҳам энди Ўзбекистон сўмига расмий курс билан алмаштирар эди, “қора бозор”га қараганда давлатни курси анча паст-да, дейди Москвада ишлайдиган Суҳробжон.

Хавотирларга асос йўқ

Россиядаги етакчи пул ўтказиш тизимларидан бири ҳисобланган “Золотая корона” ширкати вакиллари Ўзбекистонга пул қайси валютада жўнатилса шу валютада берилишини кафолатлашлари ҳақида маълум қилишди.

- Жуда кўп ўзбекистонлик мижозларимиз шу ҳақда сўрашаяпти, яна бир бор айтамиз Ўзбекистонга қанақа валюта жўнатилса шу валютада берилиши керак. Биз буни Тошкентдаги ҳамкорларимизга боғланиб аниқлаштирдик. Ҳеч қанақа муаммо йўқ, дейишди. Долларда юборилган бўлса долларда беришади, рублда бўлса рублда, дейди “Золотая карона” ширкати ходимаси Юля Белковская.

Россиядаги “Контакт” пул ўтказиш тизими вакиллари ҳам ўзбекистонлик мижозларини ҳеч иккиланмай пул жўнатишни тавсия қилмоқда:

- Долларда юборсак, долларда олишадими, деб кўп сўрашаяпти. Албатта, долларда олишади. Ўзбекистонда бирон ўзгариш бўлса биз мижозларимизни ўзимиз хабардор қиламиз, деди “Контакт” ходими Светлана Долматова.

Ўзбекистондаги “Капиталбанк” ҳамда “Узпромстройбанк” расмийлари ҳам четдан юборилган пуллар эгаларига қандай валютада бўлса¸ шу валютада берилаётганини тасдиқлашди.

Бугунги кунда Марказий банк бир АҚШ долларининг сўмга нисбатан қийматини 2004.36 сўм қилиб белгилаган. “Қора бозор”да эса бир долларни 2650 сўмга алмаштириш мумкин.


Ўзбекистонга пул жўнатмалари камайгани йўқ

Россиядаги етакчи пул ўтказиш тизимларидан бири ҳисобланган “Золотая корона” ширкати вакиллари Ўзбекистонда жорий этилган хорижий валюта айирбошлашга доир ўзгаришларга қарамай¸ бу мамлакатга пул жўнатмалари миқдори камаймаганини айтишмоқда:

- Ҳозир сўнгги ўн кунлик бўйича аниқ статистик маълумотларни бера олмайман. Лекин Ўзбекистонга пул жўнатиш камайгани йўқ. Ҳар кунгидай, келишaяпти, юборишaяпти. Чунки Ўзбекистонга пул жўнатиш тартиби ўзгаришсиз қолмоқда, доллар юборса долларда олади, рубл бўлса рублда, деди “Золотая кoрона” ширкати ходимаси Юля Белковская.

Ўтган йил давомида “Золотая корона” пул ўтказмалари бўйича Россиядан Ўзбекистонга 2 миллиард доллардан ортиқроқ пул маблағи ўтказилган.

“Золотая корона” пул ўтказмалари тизими Ўзбекистоннинг 170 дан зиёд аҳоли пунктларида 1000 га яқин шохобчага эга.

Россиядаги “Контакт” пул ўтказиш тизими вакиллари ҳам Ўзбекистонга пул жўнатиш суръати пасаймаганини айтишди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:45 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG