Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:29

Россияда АҚШдан келадиган мол гўштига тақиқ кучга кирди


Қўшимча озуқа воситалари, жумладан рактопамин моддаси билан боқилгани учун АҚШдан келтириладиган мол гўштига Россияда қўйилган тақиқ душанбадан кучга кирди.

Россиянинг Ветеренария ва фитосанитар назорат бўйича федерал хизмати шу ой аввалида АҚШдан келтириладиган мол, чўчқа ва курка гўштида рактопамин моддаси аниқлангани учун тақиқ қўйилганини маълум қилган эди.

Россия Бош санитар врачи Геннадий Онишенко бу тақиқ импорт қилинаётган мол ва чўчқа гўшти таркибида рактопамин моддаси йўқолмагунича кучда қолишини айтди.

Рактопамин моддаси тезроқ ўстириш ва семиртириш учун кўпроқ мол, чўчқага бериладиган қўшимча озуқа воситасидир.

БМТнинг Озиқ-овқат стандартларини назорат қилиш агентлиги рактопамин моддаси оз миқдорда инсон организми учун хавфли эмас, дея қарор берган.

Аммо, дунёнинг бир қатор давлатлари, жумладан Россия ва Хитойда бу модда озуқа воситаси сифатида тақиқланган.

Тақиқ тарафдорлари ҳайвон гўшти орқали инсон танасига кириб борадиган рактопамин моддаси юрак хасталиклари, жумладан тахикардия ҳамда қон босими билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқаради, деган хавотирни билдирадилар.
XS
SM
MD
LG