Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:41

Ўзбекистонда Исломий банк хизматлари йўлга қўйилиши мумкин



Покистоннинг Ал-Ҳуда номли Исломий банк ва иқтисодиёт маркази раҳбари Ўзбекистоннинг Ҳамкор банки кенгаши раиси билан учрашди. Муҳаммад Зубайр Муғал ташрифидан мақсад Ўзбекистонда исломий банк хизматлари ташкил этиш имкониятини ўрганишдан иборат эканини айтди.


Ал-Ҳуда Исломий банк ва иқтисодиёт маркази Покистоннинг Лаҳор шаҳрида жойлашган. Яқинда Тошкентда ўзбекистонлик банкирлар билан учрашиб қайтган мазкур марказ раиси Муҳаммад Зубайр Муғал Озодлик мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда исломий банк тизими яратишга қизиқиш борлигини билдирди:

- Ҳамкор банк ва бошқа банклар Ислом тараққиёт банки билан иш олиб бормоқда. Улар ўз банк тизимида Исломий банк хизматлари йўлга қўйишни хоҳлайди. Мен Ўзбекистонда Исломий банк хизматлари истиқболини ўрганиш учун сафар қилдим. Чунки Қозоғистон ва Озарбайжонда аллақачон бир нечта Исломий банк фаолият олиб бормоқда, деди Ал-Ҳуда Исломий банк ва иқтисодиёт маркази раҳбари.



Муҳаммад Зубайр Муғал фикрича¸ 30 миллионга яқин аҳолисининг 90 фоиздан кўпроғини мусулмонлар ташкил қилувчи Ўзбекистонда исломий банк тизими равнақи учун катта имкон мавжуд:

- Ўзбекистонда Исломий банк хизматлари истиқболи жуда, жуда юқори. Чунки Ўзбекистон Ислом дунёсида катта нуфузга эга. Бундан ташқари Ўзбекистон аҳолисининг аксари мусулмон. Шу боис улар исломий банк хизматларидан фойдаланиши хоҳлайди, деди Муҳаммад Зубайр Муғал.

Суҳбатдошнинг айтишича¸ у раҳбарлик қилаëтган Ал-Ҳуда Исломий банк ва иқтисодиёт маркази сармоя ётқизиш билан шуғулланмайди¸ аммо марказ халқаро миқëсда исломий банк хизматларини йўлга қўйиш бўйича маслаҳат бериш, трейнинглар ўтказиш хизматларини таклиф этади.

Ушбу марказ¸ жаноб Муғалнинг таъкидича¸ ҳозирга қадар дунёнинг қатор давлатларида 500дан ортиқ трейнинг ўтказган ва ўнлаб лойиҳаларни амалга оширган.

Муҳаммад Зубайр Муғал¸ агар Ўзбекистонда исломий банк хизматлари йўлга қўйилса¸ бадавлат Яқин Шарқ давлатларининг бу тизим равнақи учун сармоя ётқизишга шубҳа қилмаслигини айтади:

- Менимча, Яқин Шарқда айрим кишилар Қозоғистон каби Ўзбекистонда ҳам исломий банк хизматлари ташкил этиш учун сармоя ётқизиш ҳақида ўйламоқда. Қозоғистонда фаолият юритаётган Ал-Ҳалол банки асосан Бирлашган Араб Амирликлари сармояси ҳисобига очилган, дейди Ал-Ҳуда Исломий банк хизматлари ва иқтисодиёт маркази раҳбари.

Ўзбекистон аҳолисининг аксариятини мусулмонлар ташкил қилса-да¸ кўпчилик исломий банк хизмати моҳияти ҳақида тасаввур ва тушунчага эга эмас. Ўз исми келтирилишини истамаган ўзбекистонлик банк соҳаси мутахассиси исломий банкнинг бошқа банк тизимларидан фарқини тушунтиришга уринди:

- Исломий банк оддий банкка ўхшайди. Фақат ишлаш принциплари бошқачароқ. Масалан¸ оддий банк сизга 100 сўм пул беради. 100 сўмга фоиз қўяди, дейлик 5 фоиз. Бир йилдан кейин 105 сўм қайтариб беришингиз керак. Банкка фарқи йўқ пулни йўқотасизми ëки лойиҳа ëмон бўладими. 105 сўм қайтариш керак.

Исломий банкда асосан “мушарака-мубарака” контрактлар дейилади.
Шерикчилик контракти. Масалан, бизлар иккаламиз келамиз. Келишамиз. Сиз клиент. Сизнинг проектингиз бор. Мен сизга 100 сўм бераман. Фойдани бўлишамиз. Масалан, сенга 80 фоиз, менга 20 фоиз. Бу ерда фойдасини бўлади. Пулнинг танига фоиз қўйилмайди. Фойдасидан бўлишади. Яъни шерикчилик, дейди ўзбекистонлик мутахассис.

Бу суҳбатдош Ўзбекистонда исломий банк тизими ривожланса, мамлакатга хорижий сармоя оқими кўпайиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Айни пайтда, у Ўзбекистонда Исломий банк хизматлари йўлга қўйишда Форс кўрфазининг бошқа давлатлари билан ҳам маслаҳат қилинса, фойдадан холи бўлмаслигини айтди:

- Ўзбекистон исломий банк хизматини йўлга қўйишда фақат Покистон билан эмас¸ балки Эрон, Баҳрайн ва Форс кўрфазидаги давлатлар билан ҳам консултация қилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Чунки бу давлатларда Исломий банк тажрибаси катта. Улар Исломий банк ичида бўлган муаммоларни қандай ҳал қилиш йўлини билиши мумкин. Шунинг учун Форс кўрфазидаги давлатлар билан ҳамкорлик, тажриба алмашиб турса, Ўзбекистон банкларига фойда бўлиши мумкин, дейди банк соҳаси мутахассиси Озодлик билан суҳбатда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:32 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG