Москвада ноқонуний муҳожирларни аниқлаб, қўлга олиш билан шуғулланадиган кўнгилли дружиналар ташкил қилинди. Бундан аввал ҳам Россия пойтахти ва бошқа минтақаларида казаклар ва рус православ черкови ташаббуси билан шундай дружиналар тузилган эди. Инсон ҳуқуқлари фаоллари бундай тенденциядан хавотир билдирмоқда.
Ноқонуний муҳожирларни аниқлаб, уларни тутиш мақсадида махсус кўнгилли дружиналар тузилаётгани ҳақида Москва мэрияси сешанба куни эълон қилди. Ҳуқуқ фаоллари расмийларнинг бу ташаббуси инсон ҳуқуқлари бузилиши ва зўравонликларга эшик очиб беради, дея ташвиш билдирмоқда.
Москва ҳокимияти кўнгилли дружиналар тузилганини расман эълон қилишидан бир неча соат ўтиб, Россия пойтахтида шом тушгач “миграция патрули” ёзуви туширилган қизил камзул кийган ўнлаб дружиначи навбатчиликка чиқди.
Шундайлардан бири собиқ полициячи Александр Кислицкий Россиянинг 1-телеканалига берган интервьюсида ҳокимият вакилларига бу борада ёрдам беришга чин кўнгилдан тайёрлигини изҳор қилди.
- Улар фуқароларни ушлайди ёки ҳужжатларини текширади. Кўнгиллилар эса тегишли ёрдамни кўрсатади. Масалан, муҳожирлар билан тушунитириш ишларини олиб боради ёки айтайлик, қочишга уринган пайтда орқасида қувиши мумкин, деди дружиначи.
Ҳозирда 300дан ортиқ одам кўнгилли дружиначи бўлиб ёзилишга ариза топширгани айтилмоқда. Москва ҳукумати жами 600га яқин кўнгилли топишга умид қилаётганини айтмоқда.
Расмийларнинг иддао қилишича, кўнгилли дружиначилар кўчага чиқарилишидан аввал синчкволик билан текширилади ва махсус тайёргарликдан ўтказилади. Агрессив шахслар ва ултра-миллатчилар дружаналарга қабул қилинмайди, демоқда расмийлар.
Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари расмийларнинг бу ташаббусидан хавотир билдирмоқда.
Светлана Ганнушкина муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган москвалик таниқли фаоллардан бири.
- Мамлакатимиз ва шаҳримизда ксенофобия кучаяётганидан жуда таассуфдаман. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ёқда қолиб, оддий фуқаролар томонидан амалга ошириладиган бундай рейдлар эса нимага олиб келиши мумкинлиги, уларда қандай жонбозлар иштирок этишини тасаввур қилиш мумкин. Улар ксенофобия, ўзбошимчалик, зўравонлик ва жамиятда бўлинишга ҳисса қўшишдан бошқа нарса олиб келмайди, дейди ҳуқуқ фаоли.
Россияда ксенофобик кайфият, айниқса, урчиган ва йилига ўнлаб нославян бўлган фуқаролар ирқчилик билан боғлиқ зўравонликлар қурбони бўлади.
Ганнушкина каби ҳуқуқ фаоллари бундай дружиналарнинг ташкил қилиниши фақатгина миллатлараро таранглик оловига мой қуйишидан хавотир билдирмоқда.
Москва мэриясининг хавфсизлик департаменти раҳбари Алексей Майоров кўнгиллилар ўз маҳаллаларини кундалик равишда патрул қилишини билдирди.
Унинг айтишича, дружиначилар бозорлар, қурилиш объектлари, саноат иншоотлари, савдо марказлари ва ҳатто хусусий уйларда ноқонуний мигрантларни қидириш билан шуғулланади.
Лекин ҳуқуқ ҳимоячиларини энг хавотирга солаётган нарса кўнгилли дружиначиларга муҳожирларни қўлга олиб, полицияга топшириш ваколатининг берилаётганидир.
Светлана Ганнушкина гапиради:
- Одамни қўлга олиш, уни озодликдан маҳрум қилишга кимнинг ҳаққи бор? Бунинг учун жуда жиддий сабаб бўлиши керак. Ҳатто полиция ходимининг ҳам ҳар доим бундай ҳуқуқи бўлмайди. Энди эса, бундай ваколат қандайдир ноаниқ шахсларга ва эҳтимол жуда агрессив одамларга берилмоқда. Ҳеч кимнинг одамни озодликдан маҳрум қилиш, уни ушлаб қаергадир судраб боришга ҳаққи йўқ. Бизга нима бўляпти ўзи? Бу даҳшатку,- дейди ҳуқуқ фаоли Светлана Ганнушкина.
Совет даврида урф бўлган кўнгилли дружиначилар институти кейинги ойларда Россия пойтахтида қайта тирилтирилмоқда.
Кейинги пайтларда Москвада казаклар дуржиналари полиция билан биргаликда патрул хизматига чиқаётганини кўриш мумкин.
Рус православ черкови фаоллари ҳам черков ва қабристонларни ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган дружиналарни ташкил қилди. Бунга Pussy Riot феминист гуруҳининг Москвадаги Исо Масиҳ черковида уюштирган панк перформанси сабаб бўлгани важ қилиб келтирилди.