Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:19

ЕИ-АҚШ эркин савдо бўйича келишув имзоламоқчи


Европа Комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозо.
Европа Комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозо.

Агар Европа Иттифоқи ва АҚШ эркин савдо бўйича келишувни имзоласа, ЕИ нинг йилига 115,8 миллиард¸ АҚШнинг эса 86 миллиард доллар фойда кўриши айтилмоқда.

Европа Иттифоқи (ЕИ) ва АҚШ Транс-Атлантик эркин савдо келишуви бўйича мазокаралар бошлайди.

Буни 13 феврал куни Брюссел шаҳрида Қўшма Штатлар ва 27 давлат аъзо бўлган Европа Иттифоқи номидан Европа Комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозо эълон қилди:

- Бугун мен шуни мамнуният билан эълон қилмоқчиманки, Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар эркин савдо бўйича келишув имзолаш учун ички тайёргарлик ишларини бошлашга қарор қилди. Мақсад эркин савдо бўйича келишувга эришишдан иборат, деди Европа Комиссияси президенти.

Агар келишув имзоланса, ЕИ иқтисодиётининг йилига 0,5 фоизга, Қўшма Штатлар иқтисодиётининг эса¸ 0,4 фоизга ўсиши тахмин қилинмоқда.

Келишувдан Европа Итифоқи 115 миллиард 800 миллион, АҚШ 86 миллиард доллар фойда кўриши мумкин.

АҚШ президенти Барак Обама 12 феврал куни Конгрессга қилган мурожаатида Транс-Атлантик келишув “Америкадаги яхши ҳақ тўланадиган миллионлаб иш ўринини сақлаб қолиши”ни айтди.

ЕИ ва АҚШ ўртасидаги эркин савдо бўйича шартнома дунёдаги энг йирик келишув ҳисобланиб¸ савдо айланмаси ҳажмининг йилига 600 миллиард долларни ташкил этиши айтилмоқда.

Баррозо музокаралар муваффақияти халқаро савдо тарихида янги саҳифа очишини айтди:

- Дунёдаги энг муҳим иқтисодий қудратлар ўртасида эришилажак келишув ўйин қоидаларини ўзгартиради. Биз биргаликда дунёдаги энг йирик эркин иқтисодий ҳудудни яратамиз. Бу музокаралар нафақат бизнинг бўлажак икки томонлама савдо ва инвестиция, мувофиқлаштириш масалаларимиз балки, глобал савдо қоидаларини ривожлантириш учун ҳам андоза бўлади, дея баён қилди Европа Комиссияси президенти.

Европа Иттифоқининг Савдо бўйича комиссари Карел де Гухт "Биз бу ишни икки йил ичида тугатишни хоҳлаймиз" дея баëнот берди.

Де Гухт музокараларда асосий эътибор қолган тарифлар ва савдога халал берувчи тўсиқларни олиб ташлаш, шунингдек, техник қоидалар ва сертификатларни стандартлаштириш масалаларига қаратилишини қўшимча қилди.

Айни пайтда, томонлар ўртасида қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.

Хусусан¸ Европа Иттифоқи ген ҳужайралари ўзгартирилган қишлоқ хўжалик экинларидан тайёрланган АҚШ маҳсулотларни қабул қилишни рад қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG