Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:37

Ўзбекистон мардикорларнинг хорижга чиқишини чеклади


Ўзбекистон ҳукумати чет элга ишлашга кетаётган фуқаролар учун чекловлар жорий қилди. Эндиликда хорижлик иш берувчи билан меҳнат шартномаси қўлида бўлмаган фуқаро ишлаш учун чет элга чиқарилмайди.

Икки кундирки ўзбек-қозоқ чегарасидаги Ғишткўприк (Черняевка) постидан Қозоғистон ва Россияга ишлашга кетаётган фуқаролар ўтказилмаяпти.

19 феврал куни эрталаб Озодлик мухбири билан суҳбатда Ғишткўприк чегара постининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими бу маълумотни тасдиқлади.

Чегарачининг айтишича, фуқароларнинг хорижга чиқишини чеклаш билан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги шуғулланаяпти.

“Милиция ходимлари Ғишткўприк чегара пости олдида махсус текширув ўтказяпти. Ўша текширувдан ўта олмаган фуқаролар чегара пости ҳудудига киритилмасдан қайтариб юборилаяпти”, деди чегарачи.



Суҳбатдошга кўра, милиция текширувидан ўтган фуқаролар чегарадан ҳеч бир муаммосиз ўтказиб юборилаяпти.

“Чегара ва божхона хизматига ҳозирча ҳеч қандай кўрсатма бўлгани йўқ. Бу иш билан Ички ишлар вазирлиги шуғулланаяпти. Уларда кўрсатма бор. Биз қўлида барча ҳужжатлари нормал бўлса, ўтказиб юбораяпмиз. Ҳужжати жойида бўлган бирор одам икки кун ичида чегарадан қайтарилмади”, деди чегарачи.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутахасиси фуқароларнинг хорижга чиқишига маълум чекловлар ўрнатилганини тасдиқлади.

“Фуқаронинг қўлида Россия ёки Қозоғистондаги фирма ва ташкилот билан шартнома бўлиши лозим. Кейин ўша бораётган давлатидаги яшаш манзили маълум бўлиши керак. Яна ўша фирма ёки ташкилотнинг вакили улар билан бирга бўлиши шарт. Булар барчаси жойида бўлса, ҳеч ким ушлаб қолинмайди. Қўлида шартнома бўлмаса, четга олиб алоҳида суҳбатлашиб, уларга тушунтириш бераяпмиз”, деди вазирлик мутахасиси микрофонсиз суҳбатда.

Унинг айтишича, бу тадбирлар одам савдосига қарши кураш чораларини кучайтириш амалиётлари доирасида ўтказилаяпти.

“Бу борада алоҳида янги қарор қабул қилинмади. Биз одам савдосига қарши кураш доирасида амалга ошираётган ишларимизни давом эттираяпмиз, холос. Агар қўлида шартнома бўлмаган фуқароларни қўйиб юборсак уларнинг қулликка тушиб қолмаслигига ким кафолат беради? Одатда, битта одам 10-15та одамни группа қилиб олиб кетади. Уларда ҳеч қандай ҳужжат бўлмайди. Ўша олиб кетаётган одам кўп ҳолатларда уларни, дейлик Россияга олиб бориб сотиб юборади”, деди Ички ишлар вазирлигининг исмини ошкор қилмаганимиз мутахасис.

Ушбу тадбир Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегарадаги ўтиш-назорат постларида амалга оширилмоқда.

Ҳозирча аэропорт ва темир йўл вокзалларида мардикорларнинг хорижга чиқишига чекловлар кузатилмади.

"Икки кунлик карантин"


"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятининг Тошкент вилояти бўлими раҳбари Абдураҳмон Ташанов 19 феврал куни тушдан сўнг Ғишткўприк чегара постига бориб вазиятни ўрганди.

Ташановнинг айтишича, Ғишткўприк постида 17 февралдан бошлаб Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан икки кунлик карантин ўрнатилган ва ноқонуний меҳнат муҳожирлари мамлакатдан чиқарилмаган.

- Ғишткўприк чегара постида 17 феврал эрталаб соат 8дан 19 феврал эрталаб 11га қадар ИИВ, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси тарафидан карантин ўтказилган. Карантин сабабларини мигрантлар оқимини ҳисобга олиш, одам савдосига қарши курашиш билан изоҳлашди. Чегара постида турганлар ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари билан гаплашдим. Уларнинг айтиши бўйича, ноқонуний мигрантлар, ноқонуний чиқиб кетишга ҳаракат қилганлар ëки бўлмаса паспортида, қанақадир ҳужжатларида нуқсонлари бор одамлар қайтариб қолинган. Лекин ўша ердаги одамларнинг гувоҳлик беришича, карантин бўлган кунлари сезиларли даражада чегарани айланиб ўтиш ҳолатлари кўпайгани кузатилган. Қанақадир даражада қонунбузарлик ҳам ортган, дейди ҳуқуқ фаоли.

Ташановга кўра, милиция ходимлари хорижга чиқиш чекловларининг вақтинчалик эканини таъкидлашган.

- 19 феврал куни эрталаб соат 11дан бошлаб карантин бекор қилинган. Мен ўзим ўша ерда бемалол ўтаëтган одамларни кўрдим. Чегара постига яқин 300 метр жойда ҳам чегара пости ташкил қилинган. Махсус блокпост орқали ҳозир ҳар битта фуқаро текширувдан ўтказилиб, ҳужжатлари кўрилиб, кейин ўтказилаяпти. Эрталаб 11дан бери фуқароларнинг ўтиши эркинлашганини айтди. Бунақа карантинлар кейинчалик қайтарилиш эҳтимолини ҳам ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари эҳтимолдан ҳоли қилишмади, дейди вазиятни ўрганган ҳуқуқ фаоли.

Ташанов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:21 0:00
Бевосита линк


Жорий йилнинг 18 январ куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган мажлисда президент Ислом Каримов Россияда ўлдирилган ўзбек фарроши билан боғлиқ воқеани тилга олиб, мардикорлар билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирди.

Каримов "Нега ўзбек бориб Россияда фаррошлик қилади?", дея Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлубовни ўрнидан турғазиб қўйиб, дакки берганди.

Uzmetronom.com икки кун аввал бошланган мардикорларнинг хорижга чиқишига оид чеклов билан боғлиқ тадбирларни айнан вазир Матлубовнинг президент Каримов танбеҳларига жавоби ўлароқ баҳолайди.


Азиз муштарийлар, агар ушбу чекловларга бевосита дуч келсангиз ёки бирор яқинингиз билан шу каби ҳолат кузатилса, илтимос Озодлик билан боғланиб, тафсилотлардан бохабар қилсангиз.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:14 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG