Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 01:59

Cўх-Риштон йўли ҳамон ёпиқ қолмоқда


Ўзбекистоннинг Сўх эксклавида 5-6 январ кунлари маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида можаро чиққанидан сўнг ёпилган Cўх-Риштон йўлидаги чегара пункти 50 кундирки ёпиқлигича қолмоқда.


Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегара хизматлари раҳбарлари ўртасида эришилган келишувга биноан 1 февралдан бошлаб Сўх эксклави аҳолиси мамлакатнинг асосий қисмига “Водил” чегара пункти орқали борди-келди қилмоқда.

Бироқ сўхликларга кўра, бу йўлнинг узоқлиги ва чегара постларидаги узундан-узоқ навбат кутишлар аҳолига қийинчилик туғдиряпти.

- Водил томон билан қатнаяпмиз. Лекини бор. Чунки азобда бу йўл. Одам кўп, очеред кўп. Постларда одам кўп турибди. Энди шу бир кунда шаҳарга бориб қайтиши мумкин экан. Лекин айланиб бошқа бир ишни битказиш учун илож йўқ экан. Ҳозир Чашма деган жойимиздан чиқиб кетишади чегарадан. У ердан Водил деган жойимизга бориб, Фарғонага киришади. Олдин ҳам бу йўл очиқ даврда ҳам ҳеч ким қатнамаганда. Аввал ўша чегара очиқ бўлганда хоҳлаган пайтимда чиқиб кетардимда Риштон томон билан. Кечки пайтми, эрталабми чиқиб кетардим. Мисол ҳозир Чашмага соат 6да чиқиб борса, Водилга боргандан кейин яна икки-уч соат очередда туриб қолиб кетаяпти,- дейди исмини ошкор қилмаётганимиз сўхликлардан бири.



Сўхдаги вазиятни кузатиб келаётган ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоевга кўра, Сўх-Водил йўли орқали Фарғонага бориб келиш нархи сўхликлар учун аввалгига нисбатан бир неча баробар қимматроққа тушаяпти.

- Риштоннинг чегараси ëпиқ. Водил-Ҳайдаркон томони очиқ. Ўша ердан бориб келишаяпти сўхликлар зарур пайтда. Озгина майда-чуйда муаммолар бўлаяпти. Озгина чегарачиларга пул бериш ҳолатлари бўлаяпти барибир. Одамлар зарур бўлганда ўтишаяпти. Бўлмаса келишмаяпти. Сал нарх қимматга тушаяпти. Олдин 5000 сўм атрофида бориб келган бўлса, ҳозир тахминан 30 минг сўм атрофида тушаяпти. Йўл энди икки баробарга узайдида. Олдин 50 километрга бориб келса, ҳозир 120 километр бораяптида. Ҳам олдингидай хотиржамлик йўқ. Номаълум кишилар томонидан тошбўрон қилиш ҳолатлари ҳам учраб туибди,- дейди Баҳодир Элибоев.

Сўхдан олинган маълумотга кўра, туман ичкарисидаги ҳаёт изига тушиб кетган. “Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам етарли”, дейди сўхлик суҳбатдошимиз.

- Озиқ-овқат, мисол сабзавотлар бозорда, бошқа нарса арзон. Ҳаммаси арзон, яхши, ëмон эмас. Энди Сўхда қимматчилик телевизорда қирғизлар айтгандай бўлаëтгани йўқ. Ҳаммаси жойида. Бензин масаласи сал қийинроқ бўлди ўша пайтда. Ҳозир яхши. Ҳозир бензин бор. Кеча ҳам бензин олиб келишди,- дейди сўхлик.

Сўх эксклавида 5-6 январ кунлари маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида можаро чиққанидан бери Сўх тумани қарийб бир ой давомида қамал ҳолатида қолди.

Сўхдаги можаро ортидан Шоҳимардон туманига кирувчи чегара постлари ҳам қарийб бир ой давомида тўсиб қўйилган эди.

Шоҳимардон фуқароларидан олинган маълумотга кўра, 1 февралдан бошлаб туманга кирувчи чегара постлари очилган ва ҳозирда Шоҳимардондаги вазият тўла изига тушган.

Айни пайтда, Қирғизистоннинг Ўзбекистон ичкарисида жойлашган Барак анклави билан боғлиқ вазият Сўхдаги аҳволга жуда ўхшаш.

Сўх ва Шоҳимардон йўллари ёпилгач, Ўзбекистон Барак анклавини ёпиб қўйган ва икки давлат расмийлари келишувидан сўнг 13 февралдан бошлаб Баракка кириш йўллари очилган эди.

Бироқ ҳозирда худди сўхликлар сингари баракликлар ҳам яқиндаги чегара постидан эмас, балки 20-25 километр узоқликдаги “Дўстлик” пости орқали қатнамоқда.

Эксклавлар қамал ҳолатида қолгач, Ўзбекистон ҳукумати Сўх ва Шоҳимардондаги эҳтиёжманд кишиларга инсонпарварлик ёрдамлари етказди.

Чегараолди ҳудудларида яшовчи ўзбекистонлик ва қирғизистонлик оқсоқоллар эса ярашиш маросимини ҳам ўтказдилар.

Айни пайтда, Ўзбекистон ва Қирғизистон Сўх эксклави чегараларини аниқлаш бўйича махсус комиссия тузди.

Мазкур комиссия Сўхнинг 136 километр келадиган чегараларини аниқлаш ишини 2015 йилгача якунлашлари лозим.
XS
SM
MD
LG