Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:45

Бишкек Москвадан ҳарбий ёрдам сўради


Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Бусурманкул Табалдиев расмий Бишкек Кремлдан артилерия, танк каби оғир ҳарбий техника ёрдам сифатида берилишини илтимос қилганини билдирди. Айни пайтда Қирғизистон томони Москвага жўнатган ҳарбий техника рўйхати Кремл расмийлари томонидан ўрганилмоқда.

Россия Қирғизистонга ёрдам сифатида бериладиган ҳарбий-техника рўйхатини аниқламоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши маълумот берди.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши расмийси Адилбек Курбановнинг айтишича, қирғиз томони ҳарбий ёрдам сўраб тузилган рўйхатни Россияга жўнатган.

-Бизга зарур бўлган ҳарбий техника ва қуроллар рўйхати Россияга юборилди. Улар бу рўйхат билан танишиб чиқиш жараёнини бошлади. Ўтган йилнинг декабрида Россия ва Қирғизистон ҳарбий ёрдам масаласини муҳокама қилган, Россия бизга бу масалада кўмак кўрсатишга рози бўлган эди, -деди Адилбек Курбанов.

Россия президенти Владимир Путин 2012 йилнинг сентябрида Бишкекка расмий ташриф билан келганди. Ўшанда томонлар Қирғизистон ҳудудида Россия бирлашган ҳарбий базасини ташкил этиш масаласини муҳокама қилишган.

Бирлашган база Қантдаги Россия ҳарбий ҳаво кучлари базаси, Иссиқкўлдаги Қўйсари ва Қорабулун синов полигони, Чолдевордаги алоқа маркази ва Майлисувдаги сейсмик марказдан иборат бўлиши шартлашилган. Бунинг эвазига Москва Қирғизистоннинг қарзларидан кечишни, ГЭСларни қуришга ва ҳарбий техник ёрдам кўрсатишга ваъда берган.

Хавфсизлик бўйича эксперт Артур Медетбековнинг айтишича, бунгача Қирғизистон олти йилдан бери ҳарбий ёрдам масаласида Россия билан музокаралар олиб борган.

-Рўйхатдаги танк. Артилерия ва бошқа оғир ҳарбий техника Қирғизистонга берилса, шубҳасиз қирғиз армиясининг жангаворлиги ортади. Бироқ Россия Қирғизистонга замонавий қуролларни бермайди. Шунга қарамай, бу қуроллар ва техника Қирғизистон учун янги бўлиб ҳисобланади, -деди Артур Медетбеков.
Экспертнинг айтишича, бугунги кунда Россия Қирғизистонга ёрдам сифатида бериши мумкин бўлган қурол ва ҳарбий техника қиймати 1 миллиард 100 миллион доллар бўлиши кутилмоқда.

Қирғизистон Миллий гвардиясининг собиқ қўмондони Абдигул Чўтбоев Россия кўрсатадиган ҳарбий ёрдам қирғиз армияси учун жуда катта қўллов бўлади, деб фикр билдирди. Чунки бугунги кунгача Қирғизистон қуролли кучлари Шўролар давридан қолган эски техника билан фойдаланиб келмоқда.

-Қирғизистон қуролли кучларидаги қуролларнинг барчаси Шўролар давридан қолган. Сўнгги вақтда Хитой, Туркия, Америкадан оз миқдорда қурол олиб келинди. Россиянинг ёрдами биз учун жуда катта қўллов бўлади, -деди Абдигул Чўтбоев.

Бундан ташқари АҚШ 2014 йилда ўз қўшинлари Афғонистондан чиқарилгач, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга ҳарбий техникасининг бир қисмини беришни ваъда қилган эди. Бироқ генерал Абдигул Чўтбоев АҚШ минтақа мамлакатларига оғир ҳарбий техникани эмас, алоқа воситалари ва енгил техник жиҳозларни ёрдам қаторида тақдим этади, деб ҳисоблайди.
XS
SM
MD
LG