Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:04

Тошкентда Zo‘r-Zo‘r STAR истеъдодлар танлови бўлади


Тошкентда 12 мартдан бошлаб Forum TV каналида Ўзбекистоннинг 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган 3 мингдан ортиқ ёшлари орасидан юлдузларни танлаб олувчи "реалити шоу" — Zo‘r-Zo‘r STAR телетанлови бошланади.

Ўзбекистонда илк бор ўтказиладиган Zo‘r-Zo‘r STAR телетанлови учун иштирокчилардан анкеталарни йиғиб олиш жараёни шу йилнинг 15 февралидан бошланган ва шу кунга қадар 3 мингдан ортиқ истовчи рўйхатга олинган.

7 март куни якунига етадиган қабул жараёнида Ўзбекистоннинг истеъдодим бор, деб билган 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган фуқаросидан анкеталар қабул қилиб олинмоқда.

Zo‘r-Zo‘r STAR телетанлови расмий сайтида берилган маълумотга кўра, иштирок этишни хоҳлаганлар муқаддам радио ва телевидение орқали чиқиш қилмаган бўлиши керак.

Beeline, Fund Forum ва NON STOP MEDIA ташкилотлари томонидан уюштирилган бу тадбирга аризаларни қабул қилиб олаётган Ташкилий қўмита ходими ҳозир қабул жараёни қизғин бораётганини айтди.



"Ҳозир аризаларни қабул қилиб олаяпмиз. 12 мартдан 17 мартгача уч босқичли кастинг бўлиб ўтади. Истовчилар кўп", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган ва ўзини Алфия, деб таништирган ташкилий қўмитаси аъзоси.

Унинг сўзларига кўра, 12 март - танловнинг илк кунидан бошлаб, тадбир жонли тарзда Forum TV телевидениеси орқали намойиш қилинади.

Тадбир Тошкент марказидаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтади. Телетанлов расмий сайтида саройни тадбирга ҳозирлаш жараёни акс этган фотосуратлар ҳам берилган.

Танловнинг дастлабки босқичида минглаб истовчилар орасидан 11 киши танлаб олинади ва уларни қолган икки босқич учун ижодкорлар, профессионал продюссерлардан иборат махсус гуруҳ тайёрлайди.

Иккинчи босқичдан танлаб олинадиган 3 иштирокчи орасидан ғолибни SMS-танлов орқали телетомошабинларнинг ўзи танлайди.

Иштирокчилар ўзбек, рус ва инглиз тилларидан бирида 3 дақиқадан кўп бўлмаган композицияли чиқишни жонли тарзда ижро этиб бериши керак.

27 феврал куни тадбирга тайёргарлик ҳақидаги маълумотлар Тошкентнинг Dedeman меҳмонхонасида ўтган матбуот анжуманида жамоатчиликка тақдим қилинган ва феврал охирига қадар ариза топширганлар сони 3 мингдан ошгани айтилган эди.

Ушбу лойиҳага куратор сафатида таклиф қилинган россиялик таниқли продюссер Михаил Анисимов Ўзбекистонда илк бор йўлга қўйилаётган бу танловни "реалити-шоу", деб атаган.

Zo‘r-Zo‘r STAR расмий сайтида берилган хабарда унинг сўзларидан қуйидаги иқтибос келтирилган:

"Бу Zo‘r-Zo‘r STAR номли реалити-шоу бўлади. Умид қиламанки, Zo‘r-Zo‘r STAR биз сиз билан биргаликда кўп ишлар қилишимиз мумкинлигини кўрасатади! Мен, шунингдек ёш истеъдодларни қувватлаётган Гулнора Каримовага миннатдорчилик билдираман".

Ташкилотчилар ва расмий сайтда берилган хабарлар мазмунидан Zo‘r-Zo‘r STAR телешоусининг ҳозир дунёнинг аксар давлатларида бораётган шоулар - Россияда "Голос", "Фактор А" ҳамда бу шоулар андоза олган Буюк Британиядаги The X Factor лойиҳаларига жуда ўхшашлигини пайқаш мумкин.

Аммо, лойиҳа ташкилий қўмитаси ходими Zo‘r-Zo‘r STAR телетанловини янги лойиҳа, деб атади.

"Бу мутлақо индивидуал лойиҳа, бу Zo‘r-Zo‘r STAR номли янги бренд. Унинг бош спонсори ва ғоя муаллифи Beeline ширкатидир. Уни Fund Forum ташкилоти қувватламоқда", деди ташкилий қўмита аъзоси.

Танлов ҳайъати сафида вокал бўйича педагог Рустам Ҳамроқулов, хореография бўйича педагог Элвира Мулюкова, актёрлик маҳорати бўйича педагог Наби Абдураҳмонов ҳамда кастинг куни номи ошкор бўлиши кутилаётган ўзбек эстарадаси юлдузларидан бири бўлиши айтилмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:09 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG