Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:27

Тошкентлик қиз сеп сандиғида прописка борми?


OzodJavobнинг бу сонида Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлмаган ҳолда яшаш, ишлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш тартиб-қоидаларига тўхталамиз.

Тошкентда пропискасиз яшаш мумкинми?


Бу савол билан OzodJavobга хоразмлик Нигина Skype орқали мурожаат қилди.

Бу саволга жавоб берган Тошкент шаҳри Бектемир тумани ИИБ паспорт бўлимининг ходимига кўра, Тошкентда уч кун мобайнида пропискасиз яшаш мумкин.
Тошкентда уч кун мобайнида пропискасиз яшаш мумкин.

“Қонунга кўра, мамлакат ҳудудида доимий яшаш жойидан бошқа жойга борганда, 3 кундан олти ойгача даврда вақтинча рўйхатдан ўтиш шарт. Шу жумладан, Тошкент шаҳрига вилоятдан келганлар 3 кун ичида ҳеч қандай муаммосиз яшашлари мумкин. 3 кундан ошса вақтинча рўйхатдан ўтиш керак”, деди ўзини таништирмаган милиция ходими.

Тошкентда пропискасиз ишлаш мумкинми?


Бу савол Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳридан e-mail ёзган Шомуродни қизиқтирмоқда.



Тошкент шаҳар Меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, вилоятлардан келган ва пропискага эга бўлмаган фуқаролар Тошкент шаҳрида чекланган кўринишда ишлаш имконига эга.

“Тошкент шаҳар ҳокимининг 51-сонли қарори бор. Шунга кўра, бозорлардаги бюролар, яъни бир марталик иш билан таъминлаш марказларида рўйхатда туриб, Ички ишлардан гувоҳномани олиб, меҳнат биржасидан гувоҳномани олиб ишлаш мумкин. Бунда прописка сўралмайди. Улар бир марталик ишлаш мумкин бўлган жойларда, масалан, қурилиш ташкилотларида ишлашлари мумкин”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз бошқарма ходими микрофонсиз суҳбатда.

Тошкентдаги манбаларимизга кўра, пойтахтда пропискаси бўлмаган фуқароларнинг шахсий машиналарида киракашлик қилиши, бозорларда сотувчи ва аравакашлик қилиш ҳолатлари кўплаб кузатилади.

Ўзбекистоннинг амалдаги қонунлари, жумладан, “Меҳнат кодекси”га кўра, Тошкент шаҳрида вақтинчалик прописка қилинган фуқаро давлат ташкилотларида ҳам ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Тошкент шаҳрида вақтинчалик прописка қилинган фуқаро давлат ташкилотларида ҳам ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.

“Олти ойга вақтинчалик прописка қилинган фуқаро бирор ташкилотда олти ойлик шартнома билан ишлаши мумкин. Бу вақтинчалик шартнома бўлади. Фуқаро пропискасининг муддатини чўздиргач, меҳнат шартномасини ҳам чўздириш мумкин. Лекин вақтинчалик пропискаси бўлмаган фуқаро Тошкентдаги давлат ташкилотларида ишлаши мумкин эмас”, деди бошқармаси ходими.

Суҳбатдош вақтинчалик прописка билан нуфузли ташкилотлар, жумладан, банк, молия ёки ҳуқуқ тартибот идораларига ишга жойлашиш имконсиз эканлигини ҳам яширмади.

“Энди вақтинчалик прописка билан ишлашни Меҳнат кодекси “запрет” қилмаса ҳам банк, молия доимий пропискаси борларни ишга олишни маъқул кўради. Энди бу ерда ташкилотнинг раҳбарига боғлиқ ишга олиш ёки олмаслик”, деди Тошкент шаҳар Меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармасининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

Тошкентда пропискасиз тадбиркорлик қилиш мумкинми?


Twitter орқали савол йўллаган ‏@Abu_Abdulloh13 7h Тошкентда тадбиркорлик қилиш масаласи билан қизиқди.

“Тошкентда фирма очиш учун доимий прописка бўлиши шартми” дея савол йўллади ‏@Abu_Abdulloh13 7h .

Тошкент шаҳар Юнусобод туман Солиқ инспекциясининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, пойтахтда бирор фирма очиш яъни юридик шахс мақомига эга бўлиш учун доимий прописка талаб қилинади.
Пойтахтда бирор фирма очиш яъни юридик шахс мақомига эга бўлиш учун доимий прописка талаб қилинади.

Тошкентда пропискасиз “права” олиш мумкинми?


Наманганлик Шерзод исмли талаба йигит Facebook орқали савол йўллаб, ҳайдовчилик гувоҳномаси билан боғлиқ мавзуни тилга олди.

Мен ҳозир Тошкентда ўқийман. Дарсдан кейин “права”га ўқимоқчи эдим. Лекин вилоятдан келганлар Тошкентда “права”га ўқиши мумкинми? Кейин ўзи бизга бу ерда “права” беришадими? Илтимос шу саволларни ўрганиб берсангиз”, дея сўради Шерзод.

Тошкентдаги “Ватанпарвар” ҳайдовчилик мактабларидан бирининг ўзини таништирмаган бўлим мудирига кўра, вилоятдан келганлар пойтахтдаги ҳайдовчилик курсларида ўқиши мумкин.

- Тошкентда вақтинчалик прописка билан “права”га ўқиш мумкин. Агар вақтинчалик прописка бўлмаса ҳам биз қабул қилаверамиз. Лекин ГАИ текширганда ўтказмайдида. Печатли “временний" прописка керак. Аммо битта жойи бор: бизда ўқиши мумкин. Лекин Тошкентда имтиҳон топшира олмайди. Имтиҳонни қаерда доимий рўйхатдан ўтган бўлса, ўша ерда топшириб, “права”ни ҳам ўша ерда олади, деди суҳбатдош.


Тошкентлик қизга уйлансам, пропискага эга бўламанми?


Тошкентда ўқиётган самарқандлик Нодир исмли талаба OzodJavobга қуйидагича савол йўллади:

“Мен ҳозир 4-курсда ўқияпман. Курсдошим-тошкентлик қиз билан яхши кўришамиз. Турмуш қурмоқчимиз. Лекин мен бир нарсани билмоқчи эдим. Агар унга уйлансам менга Тошкент пропискасини беришадими?” дея сўради Нодир.

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ИИБ паспорт бўлимининг ходими бу саволга “Ҳа” деб жавоб берди.

“Қонунларимизга кўра, расмий никоҳдан ўтгач, эр-хотин бир-бирининг уй-жойига доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга. Паспорт тизими тўғрисидаги Низомда ҳам, хотин фақат эрнинг уйига прописка қилинсин деган жойи йўқ. Эр-хотин ўзаро келишиб, кимнинг уйига прописка қилишни ҳал қилади ва қонун бунга монелик қилмайди”, деди паспорт столнинг навбатчи ходими.

“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида диоимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар тўғрисида"ги қонунга кўра,эр-хотин расмий никоҳдан ўтгач камида бир йил биргаликда яшашганидан сўнг доимий прописка олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Эр-хотин расмий никоҳдан ўтгач камида бир йил биргаликда яшашганидан сўнг доимий прописка олиш ҳуқуқига эга бўлади.



Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:25 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG