Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:07

Бензин Тошкентда арзон, вилоятда қиммат


Бензин нархининг Тошкент ва вилоятлар ўртасидаги тафовути 100 фоизни ташкил қилмоқда. Мамлакат шимоли-ғарбида нархнинг қимматроқлиги бензиннинг Россиядан келтирилгани билан изохланмоқда.



Бензин нархининг Тошкент ва вилоятлар ўртасидаги тафовути 100 фоизни ташкил қилмоқда.

UzGazOil ширкати шартномалар бўлимининг исмини очиқламаган мулозими Озодлик билан суҳбатда нархлардаги фарқнинг сабаби бензиннинг четдан келтирилаëтгани билан изоҳлади:

- Тошкентдаги UzGazOil ёнилғи қуйиш шохобчаларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бензин сотиляпти. Вилоятларда эса импорт бензин. Шу боис нархларда катта тафовут бор¸- деди UzGazOil ширкати мулозими.

Айни пайтда мулозим Тошкентда сотилаëтган арзон бензиннинг кўп миқдорда вилоятларга олиб кетилишига йўл қўйилмаслигини таъкидлади.

- Масалан, сиз Хоразмда бўлсангиз, арзон нархдаги бенизнни Навоий вилоятидаги нефт базасидан улгуржи ола оласиз¸ лекин Тошкентдаги бензинни улгуржи тарзда олиб кета олмайсиз¸- деди суҳбатдош.

Чоршанба куни Тошкентнинг Юнусобод туманидаги UzGazOil ширкатига қарашли АЁҚШ ходими Озодлик билан суҳбатда бензиннинг бир литри 1645 сўмдан чекловсиз сотилаётганини айтди.

Хоразмдаги Ғайратбек исмли ҳайдовчи 10 литр бензинни 26 минг сўмга қуйганини маълум қилди.

Суҳбатдошга кўра, вилоятга Россиядан келтирилаётган AI-80 бензинининг литри UzGazOil ёнилғи қуйиш шохобчаларида 2700-2800 сўмдан сотилмоқда.

Самарқанд¸ Навоий ва Бухорода ҳам бензин нархи Тошкентдагидан икки баробаргача қимматроқ сотилаëтгани ўша ердаги АËҚШ ходимлари билан суҳбат асносида маълум бўлди.

Мамлакат ғарбий вилоятларидан фарқли тарзда Фарғона водийсида бензин нархининг Тошкент билан бир хилда экани маълум бўлди.

Марғилонлик ҳайдовчи Суннатиллонинг айтишича¸ олдин ëпиқ бўлган UzGazOil ёнилғи қуйиш шохобчалари қайтадан очилиб, туну-кун тўхтамасдан ишламоқда:

- Бензин бизда 1645 сўм, ҳеч қанақа муаммо йўқ, бакни тўлдириб олсангиз ҳам чеклов йўқ,- дейди марғилонлик ҳайдовчи.

Вилоятларда эса ўтган йили бензин тақчиллиги боис UzGazOil ўз шохобчаларини вақтинча ёпган эди.

UzGazOil ширкати энди четдан бензин импорт қилиш йўли билан бутун мамлакатдаги заправкаларининг узлуксиз ишлашини таъминлашга уринмоқда.

- Энди ўзимизники тугаб қолса, четдан келаётган коммерческий импортний бензинни сотишади, Худо хоҳласа, энди муаммо бўлмайди,- дейди UzGazOil ширкатининг ўз исмини айтмаган масъулларидан бири.

Хоразмда Россиядан келтирилган бензин сотилмоқда

Нефт саноати ривожланган Туркманистонга чегарадош Хоразм вилоятида 3 минг километр узоқдаги Россиядан бензин олиб келиб сотилиши иқтисодий мантиқсизлик, дейди хоразмлик ҳуқуқ фаоли Ҳайитбой Ёқубов.

- Иқтисодий рентабеллик ҳеч кимни қизиқтирмайди. Буни назорат қиладиган ҳеч ким йўқ. Ҳар ким хон¸ ўзи султон. Афтидан, шу бензинфурушларни ўзлари атайлаб шундай дефицитни яратишяпти, пул қилиш учун,- дейди Ҳайитбой Ёқубов.

UzGazOil ширкати мулозими нега Туркманистондан ëки Қозоғистондан эмас Россиядан бензин импорт қилинаëтгани борасидаги саволимизга жавоб бера олмади.

UzGazOil ўтган ҳафтада Россиядан бензин ва дизел ёнилғисини импорт қилишни бошлагани ва бу бензин аллақачон Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро автозаправкаларида сотила бошлагани ҳақда аввалроқ маълум қилган эди.

Ўзбекистон ўз нефт заҳираларига эга бўлса-да, мавжуд табиий ресурслари ўз ички эҳтиёжини қондириш даражасида бензин ишлаб чиқаришга имкон бермаслиги айтилади.

Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг бензинга бўлган эхтиёжини қондириш учун четдан йилига камида 4 миллион тоннадан ортиқ бензин сотиб олишига тўғри келиши мумкин.
XS
SM
MD
LG