Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:04

Маҳалла Оқсоқоли энди тадбиркорни ҳам назорат қилади


Озодлик суҳбатлашган аксар ўзбекистонликлар¸ маҳаллий сайловларда халқ манфаати учун ишлайдиган одамларнинг сайланишига ишонавермасликларини айтади.
Озодлик суҳбатлашган аксар ўзбекистонликлар¸ маҳаллий сайловларда халқ манфаати учун ишлайдиган одамларнинг сайланишига ишонавермасликларини айтади.
Ўзбекистонда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунлар матбуотда эълон қилиниб, кучга кирди. Янги қонунларда ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари кенгайтирилади, оқсоқолликка ўша ҳудудда камида беш йил муқим яшаган фуқаролар сайланади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқованинг айтишича, янги таҳрирдаги қонунлар демократик ислоҳотларни кучайтириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун хизмат қилади:

- Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонунчиликда белгиланган ваколатлари кенгайиши инобатга олиниб ва уларнинг шу ваколатларни тўлиқ амалга ошириши учун қонуний, ҳуқуқий шароит яратиш каби асосий принциплар янги қонунда ўз аксини топган, - дейди сенатор.

Янги таҳрирдаги қонунга кўра, ўзини ўзи бошқариш органлари ўз ҳудудидаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб боришда қўшимча ваколатларга эга бўлади, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, банклар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда кам таъминланган оилалардаги ёшларга моддий ёрдам беради.

Сенатор Светлана Ортиқованинг айтишича, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунга кўра бундай сайловларни ўтказиш муддатини Олий Мажлиснинг Сенати белгилайди:

- Энди Сенат кенгашининг алоҳида қарорига асосан комиссия тузилади, тегишли қўмита белгиланади ва шу қўмита сайловларга меъёрий ҳужжатларни тайёрлаб беради ва бевосита сайлов жараёнини кузатади, - дейди Светлана Ортиқова.

Сенаторга кўра, оқсоқол ҳам, унинг маслаҳатчилари ҳам энди муқобиллик асосида сайланади. Бундан ташқари оқсоқолликка нафақат суд томонидан лаёқатсиз, деб топилган ёки суд ҳукми билан қамоқда ўтирган шахслар, балки оғир жиноятлар содир содир этиб судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар ҳам сайланмайди.

Бироқ янги таҳрирдаги қонунда оқсоқолликка номзодлар маҳаллий ҳокимлар билан келишилган ҳолда сайловга қўйилади, деган моддага ўзгартириш киритилмаган.

Сенатор Светлана Ортиқова фикрича, оқсоқолларни сайлашда ҳокимлар билан келишиш керак, чунки бу муаммоларни биргаликда ҳал қилишда ёрдам беради:

- Туман ва шаҳар бедарвоза эмас, ҳоким бор. Ҳокимият ўша мувозанатни сақлаб туради, ижтимоий, иқтисодий муаммоларни ҳал қилади. Кимдир шуни бошқариши керак-ку. Маҳалла бевосита жамият ва давлат ишини бошқарувини ўз қўлига оладиган бўлса нимага оқсоқолнинг номзодини ҳоким билан маслаҳатлашмаслик керак экан? Кейин номзодлар битта бўлмайди, бир нечта бўлади. Маҳалла ўзи танлаб сайлайди, - дейди Светлана Ортиқова.

Бироқ, Наманган туманининг Поп туманида истиқомат қилувчи маҳалла фаолларидан бири 67 ёшли Баҳодир аканинг фикрича, маҳалла оқсоқоллари халқ учун қайғурадиган шахс эмас, балки маҳаллий ҳокимларнинг югурдагига айланиб бўлган:

- Халқнинг муаммоларини ҳал қилиш қаёқда! У маҳаллалардан гўнг йиғиб фермер даласига олиб чиқишни уюштиради, аёллар бола нафақасига борса, бунча металлалом олиб келасан дейди, пахта пайтида одамларни пахтага ҳайдайди. Шуми энди оқсоқолнинг вазифаси,- дейди поплик маҳалла фаоли Баҳодир ака.

Аммо, сенатор Светлана Ортиқова фикрича, ҳар бир одамда фуқаролик позицияси бўлиши керак ва муаммоларни биргаликда ҳал қилиш лозим:

- Ҳар қандай оқсоқол ёки унинг маслаҳатчисини қонунда белигиланган вазифаси бўлади. Гўнг ташиш бўладими, металлалом ёки макулатура йиғиш бўладими, оқсоқол ўзини ортидан маҳаллани эргаштира олиши керак. Шунинг учун ҳам оқсоқол. Жамият учун, давлат учун металлалом йиғиш керак бўлса менга айтинг, мен ҳам бориб йиғаман. Кўчани супуриш керак бўлса менга айтинг, мен бориб супираман. Нима бўпти? Чунки бу ҳозир жамиятимга керак экан. Ҳар ким Криловни масалига ўхшаб аравани ҳар тарафга қараб тортса, унда жамиятда ривожланиш бўладими, унда демократияни қуроламизми? Ким шундай дейдиган бўлса, демак Ўзбекистондаги тинчликни кўролмайдиган шахс деб ҳисоблайман, - деди сенатор Светлана Ортиқова.

Дарвоқе, ўзини ўзи бошқариш органларининг қишлоқ хўжалик ишларига ёрдам бериши,“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуннинг 12 моддасида “Фуқаролар йиғини кенгашлари деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантиришга кўмаклашади”, деб қонунийлаштириб қўйилган.
XS
SM
MD
LG