Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:19

Блог: Кимдан ё нимадан қўрқамиз?


Ҳайкалларга яхши - уларга ҳадик бегона.
Ҳайкалларга яхши - уларга ҳадик бегона.

Озодликнинг фаол блоггерларидан бири куннинг муҳим мавзуида ёзган яна бир қизиқарли блог — ҳадик ҳақида. "Ҳадик – одамзодга кўланкадек ҳамроҳ. Ҳар бир одам нимадандир ё кимдандир қўрқади. Истаса-истамаса. Бунга сабаб доим топилади", деб ёзади блоггер.

Бизнингча, шу кунларда одамлар қуйидагилардан қўрқади:


Ёлғиз яшайдиган қария бир неча ойдан бери тутқич бермаётган қотилдан.

Норасида фарзанди бор ота-она кўринмас қалпоқчали афсунгардек ҳали у-ҳали бу жойда пайдо бўлаётган педофил-манякдан (нобакорлар нега ҳалиям қўлга тушмади, деб ҳайрон бўлманг: ботиргаям жон керак!).

Фонограмма билан халойиқ кўзини бойлаб, ҳайҳотдек саройда издиҳомни оғзига қаратаётган отарчи бехос чироқ ўчиб қолишидан (электр бўлмаса, диск зормонда ишламайди-ку).

Электрдан ойда-йилда бир баҳраманд олис қишлоқлик эса чироқнинг илкис ёнишидан (хурсандчиликдан ҳушидан кетиши ҳеч гап эмас-да).

Миллий автомобилсоз хориж автоуловига жорий қилинган отнинг калласидек бож бекор қилинишидан (у ҳолда, Асака заводининг талаш бўлаётган маркабларига ҳеч ким қарамай, “иномарка”ларнинг бозори қизиб кетади-да).

Қўли калтароқ одам бозор оралаб барра бодринг ва помидор баҳосини сўрашдан (нарху наводан қон босими кўтарилиши эҳтимоли бор).

Сарроф яна бирор ўзгариш бўлиши-ю, “кўк”ининг нархи тушишидан.

Пистафуруш, аксинча – доллар ошишидан (валюта қимматлаши писта таннархига таъсир қилмай қолмайди!).

“Билайн” ёки “Юселл” мижози йигирма бешинчи уринишда ар-ранг боғланиб, суҳбатдошига э-энди салом берганида, алоқа қўққис узилишидан.

Коммунал тўловлардан қарзи йиғилиб қолган раъият эшик тақиллашидан.

Тадбиркор-тужжор бўйинга илинадиган ихтиёрий-мажбурий ҳомийликдан.

Дўкондор солиқчи ва департаментчиларнинг кутилмаган йўқловидан.

Шифокор қабулга нуқул бепул хизмат ҳуқуқига эга беморлар келишидан.

Тошкентлик велосипедчи милиция рейдига дучор бўлиб қолишдан.

Ҳайдовчи эса чуқурга “қарс” этиб тушишдан.

Кишибилмас пора олаётган амалдор “кўрнамак” мижознинг органга хабар берворишидан (иштонсизнинг ҳадиги – чўпдан!)

Ашаддий футбол ишқибози терма жамоанинг оғзидаги ошини олдириб, жаҳон чемпионатига бу сафар ҳам чиқолмаслигидан.

Эри Россияга кетган қоракўз аёл мовийкўз кундош орттиришдан.

Cўзботир эр эса, аксинча – топармон-тутармон хотинидан.

...Қўрқоқлар ва ботирлар рўйхатини истаганча давом эттириш мумкин.

Энди Сиз айтинг, нимадан (кимдан) қўрқасиз?


* * *

Эслатма:
Фаол ўқувчиларимиз орасида бироз ёзувчироқлари бўлсаю, фикр-мулоҳазалари, ўй-фикрлари, кузатувлари, кечинмалари, муносабатлари ҳамда гувоҳ бўлаётгани воқеа-ҳодисалари ҳақида билганларини Озодлик муштарийлари билан ўртоқлашишни истаса, марҳамат!

Блог ёзинг ва бизга йўлланг! Биз уни бажонидил чоп этамиз!


Ёзганларингизни қуйидаги манзилларга йўлланг:

ozodlikmail@gmail.com
ozodcomments@gmail.com
uzbekweb@rferl.org
XS
SM
MD
LG