Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:30

Бостон портлашлари АҚШдаги исломофобияни кучайтирмоқда



Апрел ойида Бостонда амалга оширилган портлашлар учун чечен мусулмонларининг гумонланаëтгани АҚШда 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг туғилган ислом ва мусулмонлардан қўрқиш ҳиссиëтларини яна кучайтириб юборди.

Шу кунларда АҚШ сиëсатчилари¸ таҳлилчилари¸ қолаверса оддий америкаликлар ëш чечен муҳожирларини террорга қўл уришга нималар мажбурлаганини тушунишга ҳаракат қилмоқдалар.

Бу жараëн баробарида Американинг турли бурчакларидан ака-укаларни бегуноҳ одамларни ўлдиришга уларнинг дини ундади¸ деган асосда исломга қарши кайфиятлар ҳам кучайиб бормоқда.

Шундайлардан бири¸ консерватив шарҳловчи Эрик Рашдир. Бостон портлашлари юз беришидан саноқли соат ўтиб¸ ҳали гумонланаëтганлар шахсига оид бирор хабар чиқмай туриб Раш¸ ўз Twitter саҳифасида “бу ишни Саудий Арабистонидан келганлар қилди” деб ëзди.

Бундай ëзувига жавобан twitterдошларидан бирининг “Сиз бу портлаш учун мусулмонларни айблаясизми?” деган саволига Раш:”Албатта уларни. Мусулмонлар ëвуздирлар. Уларнинг ҳаммасини ўлдириш керак!” деб ëзди.

Гарчи кўп ўтмай Раш ўзининг бу жавоби аччиқ киноя эканини урғулаган бўлса-да¸ айтилган гап – отилган ўқ: бу баëнот жамоатчиликни жунбушга солиб улгурди.

Бостон портлашларидан бир ҳафта ўтиб MSNBC телеканали суҳбатлашган собиқ республикачи сенатор Жо Валш:

- Биз уруш ҳолатидамиз. Ўтган ҳафта Бостондаги фожиа Америкага унинг урушда эканидан эслатма бўлди. Биз нафақат муҳожират масаласида жиддий танаффус эълон қилишимиз¸ балки бу урушдаги асосий душманимиз ким эканини аниқлаб олишимиз лозим. Асос душманимиз ëш мусулмон йигитларидир¸ деди.

23 апрел куни ашаддий ўнгчилар минбари саналган Fox news тармоғи бошловчиси Боб Бекел АҚШга студент визаси билан келаëтган мусулмон ëшлари қадамини қирқиш керак¸ ҳозиргача келганларини эса яхшилаб элакдан ўтказиб¸ бир қисмини уйига¸ бошқасини эса¸ қамоққа жўнатишимиз керак¸ дея гап қилди.

26 апрел куни АҚШ Конгресси Намояндалар палатасининг Ташқи алоқалар қўмитасида “Чеченистондаги исломий экстремизм: АҚШга таҳдид?” деб номланган муҳокамаларга раислик қилган калифорниялик республикачи конгрессмен Дана Роҳрабаҳер йиғинни "Умид қиламанки¸ одамларни болаларимизни ўлдиришга рағбатлантираëтган динга қарши ҳаммамиз биргаликда ишлаймиз" деган сўзлар билан якунлади.

Америкадаги мусулмон гуруҳларининг билдиришича¸ Бостон портлашларидан сўнг кучайиб кетган исломга қарши бундай кескин баëнотлар мусулмонлардан қўрқиш ҳиссини кучайтириб юборган ва кўплаб мусулмонларга нисбатан жисмоний ва оғзаки зўравонликларга асос берган.

Бостондаги Америка ислом конгресси фаоли Носир Ведодийнинг айтишича¸ ҳозирда АҚШда 2001 йилнинг 11 сентябр воқеаларидан бери кузатилмаган кучли исломобия юзага келган:

- 11 сентябрдан бери терроризмга алоқадор қандайки воқеа рўй бермасин¸ дарҳол мусулмонларни айблаш¸ исломдан қўрқиш одат тусига кирган. Бу алоҳида олинган воқеалар эмас. Айрим ҳудудларда ҳамма мусулмонларни террорчи сифатида кўриш анъанага айланган ва айни шу ҳудудлар исломофобиянинг бутун мамлакат доирасида кучайишига таъсир қилмоқда¸ дейди Ведодий.

Шундай бўлса-да¸ Бостон мусулмонлар конгресси фаоли¸ нафақат фуқаролик гуруҳлари ва оддий америкаликлар¸ балки ҳукумат тизимлари томонидан ҳам мусулмонларни қўллаш ҳаракатлари мавжудлигини эътироф этади.

“Кейинги кунлар ичида ўтказган суҳбатларимдан кўплаб америкаликларнинг алоҳида шахслар ва жамоаларни бир-биридан фарқлашига амин бўлдим”¸ дейди Ведодий.
XS
SM
MD
LG