Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:09

Ўзбекистонлик журналистга қочқин мақоми берилди


Ўзбекистонлик журналист Елена Бондар Қирғизистонда қочқинлик мақоми олди. БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги 7 май куни мана шундай қарор чиқарган. Ўзбекистонда журналист Жиноят кодексининг “Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш" моддаси бўйича айбланган эди.

Елена Бондарнинг Озодлик радиосига айтишича, биринчи маротаба БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги унга қочқинлик мақоми беришдан бош тортган. Бондар апелляция тарзида шикоят аризасини киритганидан сўнг комиссарликнинг Бишкек ваколатхонаси ишни қайта кўриб чиққан ва 7 май куни қочқин мақомини бериш тўғрисида қарор чиқарган.

- Қирғизистонга мен 2012 йилнинг 16 июнида бошпана сўраб келдим. 2013 йилнинг 13 мартида Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарликнинг Бишкек ваколатхонаси менга қочқин мақоми берилмаслиги тўғрисида қарор чиқарган. Мазкур қарорда айтилишича, мен Ўзбекистонга қайтиб борсам ҳеч қандай таъқиб ва тазйиқларга учрамас эканман. Шундан сўнг мен комиссарликка апелляция аризасини киритдим. Норвегия Хелсинки қўмитаси, Чегара билмас мухбирлар, Ҳюман Райтс Вотч каби ташкилотлар мени ҳимоя қилиб чиқди. АҚШлик дипломатларнинг ҳам менга ёрдами катта бўлди. Шундан сўнг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлик ишимни қайта кўриб чиқиб, 7 май куни менга қочқинлик мақоми берди, -деди Елена Бондар.

Мустақил журналист қатори Елена Бондар fergana.ru, uznews.net, iwpr сайтлари билан ҳамкорлик қилиб келган. Унинг айтишича, 2009 йилдан бошлаб мунтазам тарзда пахта далаларида болаларнинг қулларча меҳнатидан фойдаланилаётгани тўғрисида мақолалар ёзиб келгани сабабли ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан таъқиб қилинган.

- 2011 йилнинг август ойи охирларида мен Ўзбекистон душманлари рўйхатига киритилганимга амин бўлдим. Мен Тошкентда ижарага уй олиб яшар эдим. Қайси уйни ижарага олсам, орадан кўп ўтмай уй эгалари мендан уйни бўшатиб қўйишимни талаб қилар эди. Билсам, Ўзбекистон махсус хизматлари менга уйини ижарага берган шахсларга босим кўрсатиб, “Бу Ўзбекистон душмани, Ўзбекистонга нисбатан иғво мақолалар ёзувчи журналист” деб тақдим этишар экан. Бундан ташқари Ўзбекистондан ташқарига чиқмоқчи бўлсам чегарада ёки аэропортда мунтазам тарзда мени ушлаб қолишар эди, -деди Елена Бондар.

2012 йилда Елена Бондар Фарғона.ру сайтига Тюмен университетининг Тошкентдаги филиали таъқиб этилаётгани, Ўзбекистон ҳукумати таълим даргоҳини ёпиш ниятида экани ҳақида келиб тушган мактубни ўрганишга ҳаракат қилган эди. Ўзбекистон ҳуқуқ -тартибот тузилмалари унинг бу ҳаракатини "миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш" сифатида баҳолаган ва жиноят иши очилган.

Мазкур ишни кўриб чиққан Тошкент шаҳар Юнусобод туман жиноий ишлар бўйича суди ҳукми билан 2012 йил 6 апрелида Елена Бондар 6 миллион 920 минг сўм ( ўша пайтдаги расмий курс билан тақрибан 3700 АҚШ доллари, “қора бозор” курси билан эса тахминан 2450 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида жаримага тортилган эди.

Шундан сўнг Елена Бондар Ўзбекистонни тарк этган. Аммо журналист Қирғизистонда ҳам ўз хафсизлиги таъминланган деб ҳисобламаслигини айтади. Унга кўра, исталган пайтда бу ердан уни махсус хизматлар яширин тарзда Ўзбекистонга олиб чиқиб кетишлари ёки Қирғизистон ҳукумати экстрадиция қилиши мумкин.

Жорий йилнинг 18 февралида Бишкекда яшаётган ўзбекистонлик қочқин Шуҳрат Мусин бедарак йўқолган эди. Қароргоҳи Францияда жойлашган “Ўтюраклар клуби” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти 13 апрел куни Шуҳрат Мусиннинг изи Андижон қамоқхонасидан топилгани ҳақида баёнот тарқатган. “Ўтюраклар клуби” маълумотида Шуҳрат Мусинни Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари Бишкекдан Андижонга ўғирлаб кетилгани айтилган.
XS
SM
MD
LG