Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:30

Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни нишонланди



Ўзбекистонда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамига бағишланган тадбирлар ўтказилди. Турли ташкилотлар ва маҳалла фуқаролар йиғинларида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, Афғонистон уруши ва Чернобил фожиасини бартараф этишда қатнашган фуқароларга совға-саломлар топширилди.

Фронтовойларга овқат ва термос...

Тошкентнинг Кoмолон маҳалласи фуқаролар кенгаши раиси Бахтиёр Султонов Озодлик билан суҳбатда байрам муносабати билан 9 май куни маҳаллада ҳалим пишириб тарқатилгани, маҳаллада уруш қатнашчилари қолмагани сабабли фронт ортида меҳнат қилган эркак-аёл фахрийларга совғалар топширилганини айтади:

- Комолон маҳалласида Хотира ва қардлаш кунига бағишлаб эрталаб 300 дан ортиқ эркакларга ҳалим қилиниб кейин Қуръон тиловатлар бўлди. Кейин ўша жойда фронт орти қатнашчиларига совға-саломлар берилди. Соат 11 ларда аёллар учун тадбир ўтди. Аёлларга ҳам ҳалим тарқатилди. Хонанда-созандалар келиб ўйин-кулгилар бўлди. Кейин фронт ортида хизмат қилган аёллар борда, ўшаларга совға-саломлар берилди. Байрам дастурхони ёзилди.

Ҳозир ётиб қолган фахрийларнинг уйларига озиқ-овқат ва бошқа совғалар солинган пакетларни олиб кетишди, деди Комолон маҳалласи фуқаролар кенгаши раиси Бахтиёр Султонов.

Тошкентдаги Алихонтўра Соғуний маҳалласи фуқаролар йиғини раисининг Диний маърифат, маънавий ва аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи Муаттар Эшмуҳамедова маҳаллада яшовчи фахрийларга совғалар топширилганини айтaди:

- 296-мактаб биносида маҳаллани ҳамма меҳнат фахрийларини чақириб “Ҳеч ким ҳеч қачон унутилмайди” мавзусида катта байрам дастури ўтказилди кеча. Меҳнат фахрийларига совғалар топширилди. Ундан ташқари яна тўққиз нафар меҳнат фахриймизга 9 май куни совғалар топширдик. Кексаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳомийлар томонидан берилган совғалар, буюмлар, кийим-кечак, чойнаклар, термослар ва Маҳалла жамғармаси берган бошқа совғалар топширилди, деди маҳалла фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси.

Муаттар Эшмуҳамедовага кўра, маҳаллада яшовчи бир нафар “чернобилчи” Валентин Геннадевга ҳам совға топширилган.

"Ғалаба"дан "қадрлаш"га айланган байрам

Хотира ва қадрлаш куни арафасида Ўзбекистон президенти фармони билан Иккинчи жаҳон уриши фахрийларининг ҳар бирига 500 минг сўм миқдорида бир марталик мукофот пули берилган.

Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев элчихонанинг Интернетдаги расмий сайтида эълон қилган “Биз - Улуғ Ғалабанинг ворисларимиз” номли мақоласида Иккинчи жаҳон урушида немис фашистлари устидан қозонилган ғалабага ўзбек халқи муносиб ҳисса қўшгани урғулаган.

Россия элчиси мақоласида Улуғ ватан уруши даврида Ўзбекистонда 15 та дивизия ва бригада тузилгани қайд этилган.

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистонда яшаган 6,5 миллион аҳолининг 1,5 миллиони фронтга кетган, улардан 420 минги қайтиб келмаган, 640 минги яраланган.

Фашистларга қарши уруш йилларида 120 минг ўзбекистонлик орден ва медаллар билан тақдирланган.

338 ўзбекистонликка Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилган. 53 нафар ўзбекистонлик тўлиқ Шуҳрат орденига сазовор бўлган.

Бир неча минг ўзбекистонлик аскарга Англия, Венгрия, Италия, Франция, Полша, Югославия ва бошқа давлатларнинг жанговор медаллари топширилган.

Уруш йилларида хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган 1,5 миллион одам, жумладан, 300 минг етим қолган болани Ўзбекистон очлик ва ўлимдан сақлаб қолган.

8 май куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларига 9 май - фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 68 йиллиги муносабати билан ўз табрикларини йўллади.

Москвада советча парад

1945 йил 9 май куни фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 68 йиллиги муносабати билан Москванинг Қизил майдонида ўтказилган ҳарбий парадда Россия Президенти Владимир Путин, Бош вазир Дмитрий Медведев, ҳукуматнинг юқори лавозимли раҳбарлари, армия қўмондонлари, уруш фахрийлари ва бошқалар иштирок этди.

Парадда 11 мингдан ортиқ аскар, юздан ортиқ ҳарбий техника, 68 та самолёт ва вертолёт намойиш қилинди.

Россия Президенти Владимир Путин йиғилганлар олдида чиқиш қилди:

- Бизнинг аскар Ватанини ҳимоя қилиб озодлик ва мустақилликни сақлаб қолди. Ўзини аямай Европани озод қилди. Ушбу буюк ғалаба асрлар давомида тарих саҳифаларидан ўрин олади, дея таъкидлади Владимир Путин.

Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларида турли байрам тадбирлари ўтказилмоқда, халқ сайллари ва мушакбозлик уюштирилмоқда.

9 май Ғалаба байрами Украина ва Беларусда, шунингдек, МДҲнинг бошқа республикаларида ҳам нишонланмоқда.
XS
SM
MD
LG