Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:26

Меҳнат форуми: Ўзбек пахтасига тақиқ жорий этилсин


Ўзбекистон пахтазорларида ўтган йили бир миллиондан ортиқ фуқаро мажбурий меҳнатга жалб қилинган.
Ўзбекистон пахтазорларида ўтган йили бир миллиондан ортиқ фуқаро мажбурий меҳнатга жалб қилинган.

АҚШдаги нуфузли Меҳнат ҳуқуқлари халқаро форуми Қўшма Штатлар Божхона хизматидан Ўзбекистонда етиштирилган пахтани мамлакатга олиб кирилишига тақиқ қўйилишини талаб қилмоқда.

Бу борада 15 май куни эълон қилинган баёнотда айтилишича, АҚШда 1930 йилда мажбурий меҳнат воситасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни мамлакатга киритмаслик тўғрисида қонун қабул қилинган. Мана шу қонун доирасида АҚШ Божхона хизмати ўзбек пахтасини тақиқлаши керак бўлади.

“Ўн йилликлар давомида диктатор Ислом Каримов раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукумати миллионлаб болалар, ўқитувчилар, хамширалар, шифокорлар, бюджет ва хусусий сектор ишчиларини даҳшатли шароитларда пахта теришга мажбур қилмоқда. Бу ишдан бош тортганларни эса мактаблардан ҳайдашган, ишдан бўшатишган ёки бундан-да кескинроқ чоралар кўрилган”, дейилади баёнотда.

Меҳнат ҳуқуқлари халқаро форуми мажбурий меҳнат ҳақида маълумотларни ошкор этган фаоллар жаримага тортилгани, таъқиб қилинганини таъкидлаган ҳолда, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан пахта йиғим-теримини мониторинг қилинишига тўсқинлик қилиб келаётганини билдирган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Меҳнат ҳуқуқлари халқаро форуми АҚШ Божхона хизматидан Daewoo International Corporation, Indorama Corporation томонидан Қўшма Штатларга жўнатилиши режалаштирилган ёки режалаштирилаётган пахта махсулотларига тақиқ жорий этишни талаб қилган. Жанубий Кореяга қарашли Daewoo International Corporation ва Сингапурдаги Indorama Corporation ўзбек пахтасини қайта ишловчи энг йирик ширкатлар ҳисобланади.

Маълумотларга қараганда, 2008 йилдан бери АҚШга Ўзбекистондан 620 тонна пахта маҳсулоти импорт қилинган. 2013 йилнинг феврал ойида эса АҚШга 23 тонна ўзбек пахтасидан ишланган маҳсулотлар олиб кирилган.

“АҚШ Федерал қонуни мажбурий меҳнат воситасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни мамлакатга олиб кирилишини тақиқлайди. Биз АҚШ Божхона хизмати Ўзбекистонда етиштирилган пахтадан тайёрланган маҳсулотлар Қўшма Штатлар портларига олиб келинаётгани борасида атрофлича тергов ўтказишига ва бу маҳсулотларни келажакда мамлакат ичкарисига олиб қирилишига тўсиқ қўйишига умид қиламиз”, деди Меҳнат ҳуқуқлари халқаро форумининг сиёсий масалалар ва ҳуқуқий дастурлар бўйича директори Брайн Кэмпбелл.

Меҳнат ҳуқуқлари халқаро форуми бутун дунёда меҳнаткашларга адолатли ва инсоний ёндашув бўлиши учун курашаётган инсон ҳуқуқлари ташкилотидир.
Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилоти шу йилнинг 26 январ куни эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати 2012 йилги пахта мавсумида бир миллиондан ортиқ фуқарони, жумладан, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамшираларни, оғир шароитда ва тазйиқ остида пахта теришга мажбур қилгани ҳақида маълумот берган эди.

Ўзбекистон пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланаётгани боис 2013 йил январ ойидан бошлаб АҚШ, Европа ва Австралиянинг юздан ортиқ ширкати Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотлардан фойдаланмаслик ҳақидаги петицияни имзолаган.

Шу кунга қадар дунёнинг 108 та чакана савдо ширкати Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган махсулотлардан воз кечган. Улар орасида H&M, Gap, Walmart, TESCO, Gucci, Yves, Saint Laurent каби машхур брендлар ҳам бор.
XS
SM
MD
LG