Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:20

Бокуда фоҳишаликда гумонланган ўзбекистонлик 30 аёл ушланди


Озарий матбуотида чоп этилган бу суратда рейд пайтида қўлга олинганлар акс этган.
Озарий матбуотида чоп этилган бу суратда рейд пайтида қўлга олинганлар акс этган.

Боку полицияси Бош бошқармаси Наркотикларга қарши кураш ва жамоатчилик хавфсизлиги бўлими билан Озарбайжон пойтахтида ўтказган махсус амалиётда ўзбекистонлик ўнлаб аёл қўлга олинди. Фоҳишалик билан шуғулланганликда гумонланиб ҳибсга олинган аёлларнинг жаримага тортилиб, Ўзбекистонга депортация қилиниши айтилмоқда.


Озарбайжон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 16 майга ўтар кечаси пойтахтнинг Насимий туманидаги “Инфинити” тунги клуби ва Хатой туманидаги “Долға” саунасида ўтказган рейдда фоҳишалик билан шуғулланган 53 шахс қўлга олинди.

Ички ишлар вазирлигидаги ишончли манбага таяниб АПА агентлиги мухбири Ҳафиз Ҳайдаров Озодликка қўлга олинганларнинг аксари Ўзбекистон фуқаролари эканини айтди:

- Уларнинг аксари ўзбекистонликлар. Улар орасида озaрбайжонликлар, руслар ҳам бор. Айтиб ўтганимдек, қўлга олинган 53 шахснинг ярмидан кўпи, 30 нафари Ўзбекистон фуқаролари, дейди АПА агентлиги мухбири.

Ҳафиз Ҳайдаров полиция қўлга олган ўзбекистонлик аёлларнинг аксари 16, 17 ва 18 ёшдаги эканини қўшимча қилди.

Озодликнинг ҳибсга олинганлар қанча вақтдан бери фоҳишалик билан шуғулланиб келган, деган саволига Ҳайдаров, ҳозир шуни аниқлаш устида иш олиб борилмоқда, дея қўшимча қилди.

Озарбайжон Ички ишлар вазирлигидаги ишончли манбасига таяниб Ҳафиз Ҳайдаров Озодликка тунги клуб ва саунада ўтказилган рейд пайтида ушланган ўзбекистонлик аёлларнинг ватанига депортация қилиниши кутилаётганини урғулади:

- Уларнинг ҳаммаси жаримага тортилади, сўнгра Ўзбекистонга депортация қилинади, деди озарбайжонлик журналист.

"Қўлга олинган ўзбекистонлик аёллар фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилинганми?", деган Озодлик саволига Ҳайдаров, Ички ишлар ходимлари улар Озарбайжонга алдаб олиб келингани ёки ўзлари келганини аниқлаш устида иш олиб бораётганини билдирди.

Бу Озарбайжонда фоҳишалик билан шуғулланган ўзбекистонлик аёлларнинг илк бор қўлга олиниши эмас.

2013 йил 22 апрел куни Озарбайжон хавфсизлик кучлари ўтказган тадбир чоғида ўзбекистонлик аëлларни сурункали тарзда фоҳишаликка жалб қилиб келган 43 ёшли бокулик Ҳасанов Меҳмон Диловар ўғли бошчилигидаги гуруҳ фош этилган эди.

Жорий ва ўтган йиллар давомида ўзбек аëлларини фоҳишаликка жалб қилиш билан шуғулланган гуруҳлар Қозоғистон ва Россияда ҳам фош қилинган эди.

Кейинги 4 йил мобайнида Ҳиндистон¸ Таиланд¸ БАА¸ Малайзия ва Туркия давлатлари полиция идоралари ўзбекистонлик фоҳишалар билан боғлиқ юзлаб ҳолат борасида тафтиш ўтказган.

Малайзия полициясига кўра¸ сўнгги бир неча йил ичида 267 нафар ўзбекистонлик фоҳиша ва қўшмачи қўлга олинган.
XS
SM
MD
LG