Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:19

Аёлини бўғиб ўлдирган эр ўзи милицияга хабар берди


Наманганда иссиқлик идораси раҳбари миллионларни ўмарди. Орган ходими чўпонни гаровга олди. Тўйга аввалдан пул олган хонанда хорижга жўнаворди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Иссиқлик идораси хўжайини миллионларни талон-тарож қилди”

Наманган вилояти Мингбулоқ тумани иссиқлик корхонаси раҳбари 35 ёшли Мақсуджон Тоштемиров ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали 50 миллион сўмдан ошиқ маблағни талон-тарож қилган (“Диёнат”, 16 май). Тоштемиров жиноий ҳаракатларни туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Қўчқоров билан тил бириктирган ҳолда амалга оширган. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167 ва 209-моддаларида назарда тутилган жиноятларда айбдор деб топилган мансабдорга энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида жарима ва 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган. Шу билан бирга, Тоштемиров 3 йил мансабдорлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Жиноятнинг бошқа иштирокчиси – ҳокимнинг биринчи ўринбосари Қўчқоровга берилган жазо очиқланмаган.

“Аэропортда смартфон ови”

Тошкент аэропортида Жанубий Кореядан учиб келган фуқаро А.Ҳасановдан 7,7 миллион сўмлик 20 дона “Samsung Galaxy” туркумидаги смартфонлар олиб қўйилган (“XXI аср”, 16 май). Шунингдек, тезкор текширув чоғида фуқаро Ж.Раҳимовнинг анжомлари орасида 10 миллион сўмлик яширилган уяли алоқа воситалари топилган. Газета маълумотига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида божхоначилар 665 та қонунбузарлик ҳолатини аниқлаган ва қиймати 8,3 миллиард сўмдан ортиқ 51 минг дона уяли алоқа телефони ва 75 мингта аксессуарни мусодара қилган.

“Қувасойда силга қарши кураш қониқарли эмас”

Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш бўйича етарли чора кўрилмаётир (“Ҳуқуқ”, 16 май). Пастки, Валик, Суфон, Лашкар, Қақир, Полмон, Пастки Мўян, Янгиер, Дўстлик, Қўчқорчи каби қишлоқ врачлик пунктларида диагностика текширувлари ўтказилмаган, силга чалинган беморлар назоратига эътибор қаратилмаган, уларни даволаш чоралари кўрилмаган. Қувасой шаҳар прокурори Мансур Ходжевга кўра, кўптармоқли марказий поликлиникада ҳам давлат санитария қоидаларига риоя қилинмаган, беморлар ишлатган идишлар ва тиббий асбоб-ускуналарини зарарсизлантириш ва тозалаш учун шароит йўқ. Муолажа жараёнида ҳосил бўлган чиқиндилар махсус печда ёқиб юборилмаган. Маълум қилинишича, бу борадаги қонунбузарликларга қарши чоралар кучайтирилмоқда.

“Милиция ходими 7 йилу олти ойга қамалди”

Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани Жиноий қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими катта тезкор вакили Азиз Ёриев 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди (“Адолат кўзгуси”, 16 май). Тезкор ходим хизмат вазифасидан фо йдаланиб, Сардоба туманида чўпонлик қилиб юрган Акмал Раҳмонқуловни гаровга олган ва уни озод этиш эвазига чорва моллари эгасидан 10 миллион сўм талаб қилган. Жиноят ишлари бўйича Сардоба тумани суди босқинчиликда қатнашган Рустам Хатамов, Турсунмурод Мирзақуловни ҳам 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этган. Судланувчиларга тайинланган жазо амнистия акти билан учдан бир қисмга қисқартирилган.

“Бухорода эр аёлини бўғиб ўлдирди”

Бухоро вилояти Вобкент тумани Қипчоқ маҳалласида яшовчи фуқаро ўз хотинини бўғиб ўлдирган, сўнг ўзи бу ҳақда профликтика инспекторига хабар берган. Вобкент прокуратураси терговчиси Ашраф Мажидовнинг “Ҳуқуқ” нашрига маълум қилишича, исми ошкор этилмаган эр ва хотин 3 нафар фарзандни тарбиялаб келган. Орада эрнинг иши юришмай, тирикчилик ташвишида Россияга отланган. Россияда ишлаб юрган эрига хотини уйларига ўғри тушиб, бор-будларини олиб чиқиб кетганини айтган. Аммо кейинроқ эрга уйга ўғри тушмагани, хотини фоҳишалик қилаётгани ҳақида хабар берилган. Бу эса уни қотилликка ундаган. Ёзилишича, қотил эр суд ҳукм билан озодликдан маҳрум этилган.

“Учинчи минг йилликда тезакка қайтиладими?!”

Фарғона вилояти Марғилон шаҳри аҳолиси беш йилдан буён газ тақчиллигидан азият чекмоқда (“Новый век”, 16 май). Қишдан амал-тақал чиқиб олган аҳоли баҳорда ҳам шу муаммо билан юзма-юз бўлган. Кўмир ва ўтин нархи қимматлашиб кетгани сабабли, аҳоли бу йил тезак ёқишга ҳам мажбур бўлган. Айрим хонадонлар ҳатто мевали дарахтларини кесиб ўтин қилган. Мухбир “Водийгазтаъминот” ширкатининг Марғилон филиали раҳбари Фарҳод Аҳмедовдан муаммо ечими борасида жўяли жавоб ололмаган. “Қувурлардаги газ қаёққа ғойиб бўлди? Газ экспорт қиладиган мамлакатда шундай муаммо юзага келса-я! Марғилонликлар келгуси қишни қандай ўтказади? Шаҳар аҳолисини ўйлантираётган бу саволларга ким жавоб беради?.. Учинчи мингйиликда яшаётган одамлар нега кўмир, ўтин ва тезакка қайтиши керак?” дея мутасаддиларни саволга тутади “Новый век” нашри.

“Хонанда тўйни ташлаб, Германияга футболга жўнаворди”

Тўй учун аввалдан ҳақ олган хонанда Жамшид Абдуазимов ваъдасини бажармай, чет элга кетиб қолди (“Даракчи”, 16 май). Хонанданинг продюсери Саъдулла Азимов ноқулай вазиятга тушиб қолгани, уялганидан одамлардан қочиб юрганини айтган. Продюсерга кўра, айни пайтда Хитой сафарида бўлган хонанда “Боруссия” ва “Бавария” ўртасидаги ўйин томошасига ҳам боради. “Тавба! Жамшиднинг бу ишига қандай баҳо беришни ҳам билмай қолдик. Инсофни ўзига берсин!” деб ёзади шоу бизнесни ёритувчи нашр.

“Ўзбекистонда қанча асал етиштирилади?”

Ўзбек асал уюшмаси раҳбари Абдухалил Чекалов асаларичилик ва фармацевтика ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигини уқтирди (“Ўзбекистон овози”, 16 май). Таъкидлашича, асаларичиликда замонавий технологияларга асосланиб қайта ишлаш ва қадоқлашни ҳам жорий этиш давр талаби саналади. 2012 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда 7589 киши асаларичилик билан шуғулланган, мамлакат бўйича 4887 тонна асал етиштирилган. Уюшма раҳбари мазкур соҳада хориж тажрибасини ўрганиш асқотишига эътибор қаратган.
XS
SM
MD
LG