Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:10

Олабуқадаги муштлашувга миллий низо тусини бермаслик сўралди


Қирғизистоннинг Жалолобод вилоят Олабуқа тумани Сафед Булон қишлоғида¸ маҳаллий расмийларга кўра¸ 16 май куни ўзбек ва қирғиз мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий муштлашув юзага чиққан ва оқибатда 6 ўсмир жароҳат олган.

Маҳаллий расмийлар баëнотига кўра¸ Олабуқа тумани марказидаги Ўрўзалиев номли ўрта мактабнинг 11-синф ўқувчиларидан 21 нафари Сафед Булон қишлоғига сайилга боришган. Маҳаллий мактаб ўқувчилари билан туман марказидан келган ўсмирлар ўртасида жанжал чиқиб, низо оммавий муштлашувга айланиб кетган.

Жалолобод вилоят милициясининг билдиришича, муштлашув пайтида ҳар икки томондан жароҳат олганлар бўлган. Касалхонага 6 ўқувчи мурожаат қилган, улардан бир нафари “мия чайқалиши” ташхиси билан касалхонага ётқизилган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати раҳбари Жўрабой Абдураимов Озодлик мухбири билан суҳбатда Сафед Булон қишлоғида ҳозирда вазиятнинг барқарор ва ваҳима қилишга ҳожат йўқлигини билдирди:

- Бу шунчаки мактаб ўқувчилари ўртасидаги жанжал ва бунга миллий тус беришнинг кераги йўқ. Касалхонага тушган бир бола ҳам бугун эрталаб уйига жавоб берилди. Бу иш бўйича жиноят иши очилган. Биз ҳозир бу жанжалнинг содир бўлишига катталар ҳам алоқадорми ёки йўқ, шуни ўрганаяпмиз. Олабуқа тумани ички ишлар бўлимининг бошлиғи у ердаги вазиятни назорат қилаяпти, деди Жўрабой Абдураимов.

Матбуот хизмати раҳбарига кўра, Сафед Булон қишлоғида милиция миллатлараро низога йўл қўймаслик мақсадида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини ўтказмоқда.

Сафед Булон қишлоғида истиқомат қиладиган, Озодликка микрофонсиз гапирган манбага кўра, бу жанжал тоғда бошланган:

- Бизнинг қишлоғимиз тоғда жойлашган. Шу ерга 33-мактаб ўқувчилари томошага келган. Бизнинг қишлоғимиздаги ёш болалар ва меҳмонлар ўртасида жанжал чиққан. Болалар бир-икки калтак еганми, пастга тушиб акаларига айтган. Кейин меҳмон болалар саёҳатларини тугатиб кетишаётганда, булар тош отиб машинани ойнасини синдирган. Хуллас, болалар ўртасида муштлашув бўлган, деди Сафед Булон қишлоғида яшайдиган манба.

Унинг айтишича, бу жанжалда иштирок этган болалар ўз уйларида қолмоқда¸ бироқ қишлоқдан туманга бормоқчи бўлган одамлар йўлда қирғиз қишлоқлари бўлгани учун ҳайиқиб турибди.

Қирғизистон Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ва этник масалалар ишлари бўйича давлат агентлиги бошлиғи Накен Касиевнинг айтишича, бу маиший жанжал бўлган:

- Мактабнинг ўқувчилари ўша жойда мозорга боришган. Ўша ердаги маҳаллий ўзбек болалари билан қирғиз мактабидан борган 10-11 синф ўқувчилари орасида жанжал чиққан. Кейин болалар машинада қайтишаётганда тош отиб машина ойнасини синдиришган. Бу маиший жанжал бўлган. Ўша ернинг оқсоқоллари, маҳаллий ҳокимият вакиллари бориб тинчитишган. Бизнинг идоранинг вакиллари ҳам бугун ўша ерда тушунтириш ишлари олиб бориш учун учиб кетди, деди Қирғизистон Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ва этник масалалар ишлари бўйича давлат агентлиги бошлиғи Накен Касиев.
XS
SM
MD
LG